"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Навоийазот” акциядорлик жамиятида янги тайинлов амалга оширилди

// 18 aprel 2020 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/navoiyazot-yangi-tayinlov

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кимё, агротехника ва автомобиль саноати корхоналарида ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз кимё саноати мавжуд қувватларни сақлаб қолиш билан бирга янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаётганлигига танқидий баҳо берилди.

Ушбу видеоселектор йиғилишида таъкидланган масалалар юзасидан “Ўзкимёсаноат” АЖ ва ташкилот тизмидаги корхоналар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижроси бўйича “Навоийазот” акциядорлик жамиятида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Жўрабек Мирзамахмудов олиб борди ва кун тартибига мувофиқ ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.

“Навоийазот”АЖ Бошқарув раиси Шарипов Баҳодир Мавлонович бошқа ишга ўтганлиги сабабли, “Навоийазот”АЖ Бошқарув раиси вазифазини бажариш “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Темиров Одил Шукуровичга юклатилди. О.Темиров бир вақтнинг ўзида Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам фаолиятини давом эттиради.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов корхона акциядорлари ва ишчи-ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда яқин бир ойда “Навоийазот” акциядорлик жамиятидаги поливинилхлорид корхонаси қувватини 90 фоизга етказиш, азот кислотаси ишлаб чиқариш лойиҳасини фойдаланишга топшириш вазифасини амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ этиш лозимлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди. “Навоийазот”АЖ томонидан барча инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатларда топшириш, маҳаллийлаштириш дастури асосида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш, ички бозор эҳтиёжларини қондириш масаласига эътибор қаратиш, сарф-ҳаражатларни камайтириш орқали маҳсулотлар тан-нархини пасайтириш ҳамда корхонанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича муҳокамалар олиб борилди ва ушбу вазифаларининг ижросини таъминлаш буйича аниқ кўсатмалар берилди.

Шунингдек, ҳозирги эпидемиологик вазият боис тозалаш ва дезинфекция воситаларига талаб ошганлиги, хусусан, қўшни давлатлардан 2 минг тонна гипохлоритга буюртма келиб тушганлиги ҳамда тоғ-кон металлургия саноати учун муҳим бўлган цианид тузларига ҳам эҳтиёж ортаётганлиги боис имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилишга қаратилган янги лойиҳалар тайёрлаш юзасидан берилган кўрсатмалар ижросига эътибор қаратиш лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати