"Ўзкимёсаноат" АЖ

Мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари “Навоийазот” АЖ фаолияти билан танишди

// 02 oktabr 2019 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/navoiyazot-inter-press

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ, шунингдек, “ENTER Engineering” қурилиш компанияси томонидан “Навоийазот” АЖ фаолияти билан таништириш мақсадида мамлакатимиз ва хорижий ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди. Ушбу комплекс Ўзбекистон кимёвий воситалари умумий ҳажмининг 30% дан ортиқ қисмини ишлаб чиқаради, саноатнинг деярли барча тармоқлари, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика комплекси, шунингдек, хизмат кўрсатиш, савдо, фан, таълим ва маданият соҳалари эҳтиёжларини қондиради.

“Навоийазот” АЖ бу Ўзбекистоннинг энг йирик кимёвий корхонаси бўлиб, халқаро ҳамкор мақомига эга бўлгани ҳолда минерал ўғитлар, кимёвий реагентлар ва бошқа кам тоннажли кимёвий воситаларни ишлаб чиқариш дастурини амалга оширади.

Бугунги кунда “Навоийазот” АЖ да поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекасини қуриш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳамда азот кислотасини ишлаб чиқариш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг қиймати 1,7 миллиард долларни ташкил этади.

Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш бўйича лойиҳанинг қиймати 500 миллион доллардан ортиқ. Объект қурилиши билан Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва “HQC” компаниялари консорциуми, шу билан бирга, мамлакатимиз мутахассислари шуғулланади.

Ушбу корхоналарнинг ишга туширилиши импорт ўрнини босувчи маҳсулот – йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш имконини беради.

Айни чоғда акциядорлик жамияти азот кислотаси ишлаб чиқариш қувватларини ҳам янгиламоқда. Жорий йилда тегишли комплексни қуриш бўйича лойиҳанинг якунланиши кутилмоқда. Умумий қиймати 216,6 миллион долларга тенг бўлган ушбу лойиҳа Швейцариянинг “Casale SA” компанияси томонидан барпо этилмоқда. Янги қурилма йилига 500 минг тонна азот кислотасини ишлаб чиқаради ва 130 кишини иш билан таъминлайди.

1964 йилдан буён ишлаб келаётган ва катта миқдорда иссиқлик энергия ресурсларни истеъмол қилувчи, йилига 300 минг тонна аммиак ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи ва иккинчи навбатлари ўрнига “Навоийазот” АЖ да йилига 660 минг тонна аммиак ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ва йилига 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш бўйича янги корхона ишга туширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 985 миллион долларга тенг. Янги ишлаб чиқаришда 500 янги иш ўрни яратилади.

Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилмоқда. Объектнинг ишга туширилиши 2020 йилга мўлжалланган. Объектни қуриш билан бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида саноат объектларини қуришга ихтисослашган етакчи компаниялардан бири ҳисобланувчи “ЕNTER Engineering Ltd” компанияси шуғулланмоқда.

Учта инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида “Навоийазот” АЖ да Бош пудратчилар – “China CAMC Engineering CO. LTD” ва “HQC” (Хитой), “Casale SA” (Швейцария), “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” (Япония) билан тузилган шартномалар шартлари бўйича тегишли лицензия тутувчиларнинг турдош заводларда жорий қилинаётган технологиялар бўйича ўқув ташкил қилинган.

Хориждаги турдош заводларда таълим олишдан ташқари лицензия тутувчилар технологиялари мутахассислари “Навоийазот” АЖ Ўқув марказида ва қурилаётган объектларда назарий ва амалий ўқувни амалга оширди.

Жумладан, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси бўйича 100 киши таълим олмоқда. ПВХ лойиҳаси бўйича 263 киши турли мутахассисликлар бўйича ўқув курсини тамомлади. Октябрь ойидан азот кислотаси лойиҳаси бўйича 50 киши учун ўқув курслари бошланади.

Замонавий энергия тежовчи технологияларни жорий қилган ҳолда ПВХ, каустик сода, метанол, азот кислотаси, аммиак, карбамид ишлаб чиқариш бўйича замонавий комплекслар қурилиши нафақат ички бозорни талаб катта бўлган маҳсулот билан таъминлашга кўмаклашади, айни пайтда соҳани ва умуман республиканинг экспорт салоҳиятини оширишга жиддий таъсир кўрсатади.

Мазкур янги ишлаб чиқаришларнинг яратилиши маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради. Бу эса Навоий вилоятини ривожлантиришда ижобий туртки бўлади.

Санаб ўтилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши маҳсулот бирлигига нисбатан энергия ресурслар истеъмоли ҳажмини, моддий-техник ресурслар импортини қисқартириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва ҳудудда экологик вазиятни яхшилаш имкониятини беради.