"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши” лойиҳаси бўйича видеомулоқот ўтказилди

// 18 iyul 2020 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/navoiyazot-ammiak-vc

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 21 июлдаги “Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2372-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда умумий қиймати 985,74 млн. долл.га тенг инвестициявий лойиҳани амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С.Султонов раҳбарлигида “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқаруви раиси в.б. Ж.Т.Мирзамахмудов, Ўзбекистонннинг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Г.Г.Фозилов, “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd.” вице-президенти Хироэцу Сузуки ва “Mitsubishi Corporation”нинг лойиҳалар бўйича бош менежери Ясунори Сакамото иштирокида инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилишини муҳокама қилишга бағишланган видеомулоқот ўтказилди.

Музокаралар давомида қайд қилинишича, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, Япониянинг бевосита кўмагида бир қатор инвестицион ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилди ва бу Япония билан Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий алоқаларини янги даражага олиб чиқди. Шунингдек, бугунги кунда кимё саноати Ўзбекистон Республикаси халқининг иқтисодий фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи устувор асосий миллий саноат эканлиги таъкидланди.

“Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхонасини қуриш” инвестициявий лойиҳасининг амалга оширилиши икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим стратегик қадам ҳисобланади.

Ўтказилган музокаралар доирасида қайд қилиндики, лойиҳа якунланиш босқичига яқинлашди. Барча технологик ускуналар ва бутловчи қисмлар қурилиш майдончасига муваффақиятли етказиб берилди ва тегишли тарзда ўрнатилди. Бироқ пандемия туфайли ҳозирда оғир эпидемиологик вазият мавжуд хорижий давлатлардан лицензиарларнинг масъул ходимларини сафарбар қилишда қийинчиликлар мавжуд. Шунга қарамай, Япония томонининг таъкидлашича, жорий йилнинг августидан зарур мутахассисларни жалб қилиш ишлари бошланади.

Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш мақсадида коронавирус инфекциясининг пандемияси шароитида ҳам, томонлар асосий технологик ускуналарни механомонтаж ва созлаш-ишга тушуниш ишларини якунлаш ва “Навоийазот” АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш объектини тез орада ишга тушуриш учун бор имкониятларни сафарбар этишга келишиб олдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати