"Ўзкимёсаноат" АЖ

Кимё саноатининг етакчи корхоналаридан бири – “Maхam-Chirchiq” АЖ режали капитал таъмирга тўхтатилди

// 10 oktabr 2019 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/maxam-chirchik-repair

“Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилот тизимига кирувчи “Maхam-Chirchiq” АЖнинг асосий технологик цехлари фаолияти тасдиқланган режага мувофиқ капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 20 кунлик муддатга тўхтатилганини маълум қилади.

Капитал таъмирлаш ишлари тасдиқланган жадвалга мувофиқ ўз вақтида амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда “Карбамид” цехидаги ишлар 72,5%га, Аммиакли селитра цехида 71,4%га, Аммиак-2 цехида 43,1%га ҳамда Аммоний сульфат ва сульфат кислотаси цехидаги ишлар 14,0%га бажарилди.

Капитал таъмир учун корхона тўхтатилгунга қадар, тизимдаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган асосий хом ашёнинг керакли ҳажмдаги захираси яратилди.  

Капитал таъмир технологик ускуналарнинг муаммосиз, барқарор ишлаш истиқболларини яратади ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган муҳим тадбирдир. Асосийси атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилларнинг максимал даражада камайишига хизмат қилади.

Капитал таъмирдан сўнг маҳсулот ишлаб чиқариш 25 октябрга режалаштирилган. Белгиланган муддатга риоя қилиш учун 3 сменада иш ташкил қилинган ва ишчиларнинг хавфсизлиги таъминланган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати