"Ўзкимёсаноат" АЖ

«ЧИРЧИҚ» КИМЁ-ИНДУСТРИАЛ ТEХНОПАРКИГА БИЗНEС-ТУР ТАШКИЛЛАШТИРИЛДИ

// 27 aprel 2022 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/kimyo-industrial-texnoparkiga-biznes-tur

25 апрель куни пойтахтимизда бошланган «INNOPROM Марказий Осиё» халқаро йирик саноат ҳафталиги  доирасида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркига бизнес-тур ташкиллаштирилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.В.Мантуров бошчилигидаги Россия Федерациясининг ҳудудлар раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари, Озарбайжон ҳамда Арманистон делегациялари, қолаверса, халқаро саноат ҳафталигининг қатор хорижлик меҳмонлари иштирок этишди. 

Бизнес-тур давомида технопаркининг ишлаб чиқариш объектлари бўйлаб саёҳат, Ўзбекистон Республикаси ва «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркининг инвестицион салоҳияти, хорижлик инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, технопарк резидентига айланиш тартиби, уларга бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари ҳақида тақдимотлар ўтказилди. Тадбир якунлари бўйича Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, Россия Федерацияси ва унинг ҳудудлари билан ҳам янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, шу жумладан, технопарк ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби истиқболли лойиҳалар юзасидан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз технопаркнинг умумий майдони 31,22 га бўлиб, биринчи босқичда 14 та корхона ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши кутилмоқда. Бу ерда йилига ҳар хил турдаги 100 дан ортиқ махсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Технопарк тўлиқ ишга тушиши натижасида 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади. Шунингдек, йилига технопаркда ишлаб чиқарилган 15 миллион долларлик махсулотлар экспорт қилинади. Технопарк экологик талабларга жавоб берадиган, таъбир жоиз бўлса, «яшил» корхоналардан бири бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати