"Ўзкимёсаноат" АЖ

Инновацион лойиҳалар иқтисодиётнинг турли тармоқларига хом- ашё етказиб бериш самарадорлигини оширади

// 08 noyabr 2024 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/innovacion-loyihalar-iqtisodiyotning-turli-tarmoqlariga-hom-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари томонидан янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган аниқ устувор лойиҳалар белгиланган.

Мазкур йўналишда кимё саноати корхоналари томонидан бир қатор амалий ишлар қилинди.

Хусусан, «Фарғонаазот» АЖ мутахассислари томонидан ишлатилган катализаторлардан импорт ўрнини босувчи рух хлорид маҳсулотини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди.  Маълумот ўрнида таъкилаш жоиз, рух хлорид озиқ-овқат, тўқимачилик, метал, дори-дармон, аккумулятор, қоғоз, елим, алкоголь, гигиена воситалари, қўшимчалар, мой тозалаш воситалари маҳсулотлари тайёрлашда ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланилади. Рух хлорид мамлакатимизга импорт қилинади. Лойиҳанинг долзарблиги шундаки, экология ва атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган тўпланиб қолган ишлатилган катализаторлар рух хлоридини ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида фойдаланилади. Лойиҳа натижасида улар қайта ишланади ва импортдан кириб келаётган маҳсулот маҳаллийлаштирилади.

«Максам-Чирчиқ» АЖда эса аммоний карбонат тузини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва технологияни такомиллаштириш лойиҳаси доирасида ишлаб чиқариш қувватлари қурилмалари ўзгартирилди ва технологик жараён мукамаллаштирилди. Шу тариқа қишлоқ хўжалигида азотли ўғит, бўёқлар сифатида косметикада, ёнғинга қарши композицияларнинг таркибий қисми бўлган аммоний карбонат ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилди.

«Максам-Чирчиқ» АЖда қурилмаларни ўзгартириш ва технологияни мукаммаллаштириш орқали яна бир лойиҳа яъни, магний сульфат тузини ишлаб чиқариш жараёни такомиллаштирилди. Бу ўз навбатида, иссиқхоналарда ўғит сифатида, карбамид ўғитининг ёпишиб қолишига қарши қўшимча сифатида,  магнезиал цемент ишлаб чиқаришда магний оксидини олиш учун хомашё, тўқимачилик саноатида толани оғирлаштирувчи ва матоларни бўяш учун восита, пульпа ва қоғоз саноатида қоғоз тўлдирувчи ҳисобланган магний сульфат тузини саноатнинг турли тармоқларига етказиб бериш имкониятларини янада кенгайтиради.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати