"Ўзкимёсаноат" АЖ

Доим эъзоздасиз, азиз устозлар

// 30 sentabr 2019 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/doim-ezozdasiz-aziz-ustozlar

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти томонидан 1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан “Доим эъзоздасиз, азиз устозлар” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда 1 октябрь – “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши бу улуғ зотларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг намунаси ҳисобланади. Зеро, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимиз бу эҳтиромга муносиб инсонлардир!

Ҳақиқатдан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Тадбирни мамлакатимиз кимё соҳаси ривожига ҳисса қўшган академик Жалилов Абдулахат Тўрабоевич очиб берди ҳамда тадбир иштирокчиси бўлган ёшларга ўз меҳнат фаолияти, илм-фан йўналишида эришган ютуқлари ҳамда кашфиётлари ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, бугунги кунга келиб мамлакатимиз кимё саноати жадал суратлар билан ривожланаётганлиги ҳамда давлатимиз томонидан соҳани ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Максам-Чирчиқ” АЖ Бошқарув раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ж.Абдуллаев ҳам сўзга чиқиб, тадбир мехмонларини байрам билан табриклади ҳамда тадбир иштирокчилари бўлган ёшлар номидан миннатдорчилик билдирди.  

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчилари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши масъул ходимлари, мамлакатимиз кимё саноати соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган академик профессорлар, Тошкент кимё-технология институти талабалари ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.

Тадбир сўнггида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиз кимё саноати соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган бир гуруҳ академик профессорларга байрам совғалари тақдим этилди.

Бундай тадбирлар “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан ҳам ташкил этилди ҳамда тизимда узоқ йиллар фаолият юритган педагог ходимлар тақдирланди.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати