“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раисига бириктирилган Деҳқонобод туманидаги оғир тоифадаги маҳаллаларда дастлаб хонадонлар кесимида тўлиқ хатлов жараёнлари олиб борилди. Аҳоли вакиллари билан сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, ҳудудлардаги боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга томорқачиликни ривожлантириш учун картошка уруғи етказиб бериш мақсад қилинди.
Туман маҳаллаларида кўргазмали семинарлар ўтказилди. Уларда “Ўзкимёсаноат” АЖ масъуллари ва туман ҳокими ўринбосарлари иштирок этишди.
Эҳтиёжманд хонадонлардаги меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш мақсадида мини мотокултиватор, қўшимча даромад манбаи яратиш мақсадида ҳар бир хонадон салоҳиятидан келиб чиқиб, паррандачиликни ривожлантириш, иқтисодий имконияти етарли бўлмаган оилаларнинг таълим олаётган фарзандларига молиявий кўмаклашиш, хорижий тилларга ўргатиш орақали ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига юбориш масалаларига эътибор қаратилди.
Жумладан, хонадонларнинг қўшимча даромад манбаини яратиш учун жами 16 та хонадонга мотокултиватор, 24 та хонадонга пайвандлаш аппарати тақдим этилди. Бундан ташқари 10 та хонадонга оверлок, 30 та хонадонга тикув машинаси олиб берилиб, МФЙ биносининг бўш хонасида кооперация асосида тикувчилик цехи ишга туширилди. 30 та хонадонга электр печлар тақдим этилди. 30 та хонадон учун 20 дона иссиқхона ва 10 дона балиқхона қурилиши учун техника ажратилди. 6 та артезиан қудуқдан сув чиқариб, қувур орқали етказиб бериш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, 40 та турмуш шароити оғир оила вакиллари тикувчиликка ўқитилмоқда, қўшимча даромадга эга бўлмаган 100 та оила фарзандлари хорижий тилларга, 30 та оила вакилларининг ИТ курсларида ўқитилиши учун шарт-шароитлар яратилди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 520 та хонадонга ёрдам кўрсатилиб 244 та янги иш ўрни яратилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати