"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан 9 декабрь – “Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш” кунига бағишланган тадбир ташкил этилди

// 09 dekabr 2021 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/9-dekabr

Бугун “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан 9 декабрь – “Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбар-ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори Н.Шарипов, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими М.Асроров ва тизимдаги корхона-ташкилотлар иштирок этди.

Мазкур сана дунё мамлакатлари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ 2004 йилдан бошлаб кенг миқёсда нишонлаб келинади. Хусусан, мамлакатимизда ҳам шу санага бағишлаб, ҳар йили турли тадбирлар ташкил этилган ҳолда, коррупция иллатига биргаликда қарши курашиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Сўнгги йилларда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг раҳбарлигида мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали курашни ташкил этиш, бу иллатга батамом чек қўйиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шубҳасиз, коррупция даражасини кескин пасайтириш, албатта, мамлакатимиз олдида турган стратегик вазифадир.

Тадбир аввалида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари О.Темиров сўзга чиқиб, ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони талаблари асосида “Ўзкимёсаноат” АЖда Комплаенс хизмати ташкил этилганлиги ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилганлиги, шунингдек, мазкур соҳада “KPMG” халқаро аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги ҳамда дастурга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича ички меъёрий ҳужжатлар, яъни “Коррупцияга қарши сиёсат”, “Ахлоқ кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” каби 20 яқин ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мақсадида комплаенс назорат тизими босқичма-босқич кимё саноати корхоналарига татбиқ этилмоқда. Жумладан, “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Максам-Чирчиқ” АЖларида, “Биринчи резинотехника заводи”, “Ўзкимёимпэкс” МЧЖларида ва “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКда комплаенс назорат тизими ўз фаолиятини юритмоқда, “Ўзкимёсаноатлойиҳа”, “Аммофос-Максам” АЖларда мазкур тизимга ходимлар танлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жамият ва тизим корхоналари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида комплaенс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида жорий йилда жами 120 дан ортиқ тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида ISO 37001:2016 халқаро стандарт талабларига мувофиқ “CERT International” халқаро тренинг компанияси мутахассислари томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖнинг коррупцияга қарши кураш менежмент тизими аудитдан муваффақиятли ўтди ва ҳозирги кунда сертификатни расмийлаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбир давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими М.Асроров ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори Н.Шариповлар ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бердилар.

Маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил таъкидлаб ўтилди. Жумладан, қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган текширишларда 332 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилганлиги, тегишли идораларга 16 мингдан ортиқ тақдимномалар киритилиб, 260 минг нафардан ортиқ фуқаронинг ҳуқуқи тикланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга маърузачилардан жавоб олдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати