"Ўзкимёсаноат" АЖ

2034-йилга қадар биополимер плёнкалари жаҳон бозори 14 миллиард долларгача ўсиши мумкин

// 16 sentabr 2025 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/2034-yilga-qadar-biopolimer-plyonkalari-zhahon-bozori-14-mil

2024-йилда биополимер плёнкалари жаҳон бозори ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этди. Прогнозларга кўра, у 2025-йилда 6,91 миллиард доллардан 2034-йилга келиб 14 миллиард долларгача ўсиши мумкин. Ушбу давр мобайнида ўртача йиллик ўсиш суръати 8,2%ни ташкил этади, дея прогноз қилмоқда Precedence Research агентлиги.

Осиё-тинч океани минтақаси етакчи позицияни эгаллаб, бозордаги улуши 33%ни ташкил қилмоқда. Минтақадаги асосий иштирокчи Япония ҳисобланади. Агентлик жорий йилда Осиё-тинч океани минтақаси бозорини 2,28 миллиард долларга баҳолаган. 2034-йилга келиб, у ҳар йили ўртача 8,36% га ошиб бориши ҳисобига 4,71 миллиард долларгача ўсиши мумкин.

Шимолий Америка эса қатъий давлат назорати ва инновациялар туфайли мазкур турдаги плёнкалар учун энг тез ўсувчи минтақалардан бирига айланиши кутилмоқда. Ҳозирда ушбу минтақанинг жаҳон бозоридаги улуши 29% ни ташкил этади. 24% улуш билан Европа учликдан ўрин олган.

Лотин Америкаси ва Яқин Шарқ ҳамда Африка давлатларининг бозордаги улуши мос равишда 9% ва 5% ни ташкил этмоқда. Ҳисоботга кўра, 2024-йилда материал турлари бўйича полиактиддан тайёрланган плёнкалар бозордаги энг катта улуш — 30%ни эгаллаган. Қўллаш соҳалари бўйича эса қадоқлаш сегменти 45% билан етакчи бўлди. Якуний истеъмол тармоқлари орасида эса энг катта улуш, яъни  38% озиқ-овқат ва ичимликлар сегментига тўғри келди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати