"Ўзкимёсаноат" АЖ

ТИЛГА ЭЪТИБОР – КEЛАЖАККА ЭЪТИБОР

https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/tilimiz-boyligimiz/tilga-etibor-kelajakka-etibor

Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» деган ҳикматида олам-олам маъно бор. Ҳар бир миллатнинг биринчи рамзи  унинг тилидир. Тил яшаса, миллат ҳам барҳаёт бўлади.

Ўз она тилини мукаммал билган инсон бошқа тилларни ҳам тез ўрганади. Тилнинг ранг-баранглиги, жозибасини ҳис этади. Бу борада ўзбек тили, шубҳасиз, дунё тиллари ичида сўзларга бойлиги, ўзига хослиги, асрлар оша сайқал топиб бораётгани билан алоҳида ажралиб туради.

Эътиборлиси,  миллий забонимизда сўзлашувчилар сони тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Юртимизда ўзбек тилига бўлган эътибор кейинги йилларда янада кучайди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланадиган бўлди. Ҳар бир ташкилот, корхона, идораларда давлат тилига масъул бўлган ходимлар фаолият олиб бориши таъминланди. Хусусан, кимё саноати вакилларидан бири бўлмиш – Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги «Максам-Чирчиқ» акциядорлик жамиятида ҳам давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил май ойида корхонамизда «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари  бошқарув раисларининг маънавият ва маърифат ишлари самарадорлигини ошириш ва давлат тили қонунларига риоя этиш масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирокида икки кунлик сайёр семинар-тренинг ташкил этилди. Семинарда ишлаб чиқилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, буйруқлар ва бошқа ички ҳужжатларни давлат тилида тўғри тузиш бўйича машғулотлар ўтказилда, тадбир доирасида таниқли шоир Рустам Мирвоҳид билан ижодий учрашув ўтказилди.    

Июнь ойида 60 нафар ишчи-ходим Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчилари кўмагида давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш ўқув курсларида ўз билимларини мустаҳкамлади.

Машғулотлар якунида  курс битирувчиларига сертификатлар ва «Давлат тилида иш юритиш» услубий-амалий қўлланмаси тантанали равишда топширилди.

Жамиятга тегишли ҳудудда барча ташқи ёзувлар, жумладан, пешлавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланди.

Корхона кириб-чиқиш ва марказий майдонида мумтоз куй-қўшиқ ва мақомлар эшиттирилиши ташкиллаштирилган. Шунингдек, корхонага кириш қисмида 3х5 метр ўлчамда электрон монитор ўрнатилган бўлиб, юртимизда юз бераётган янгиликлар, корхона ҳаёти акс этган янгиликлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида  ёритиб борилмоқда.

Корхона цех ва бўлимларидаги «Маънавият ва маърифат» хоналарини талаб даражасида бойитиш ва безатиш ишлари давом этмоқда. Шу йил давомида «Аммоний сульфати ва сульфат кислота» ишлаб чиқариши, алоқа цехи, ахборот-коммуникация технология бошқармаси, «Автотранспорт» цехи «Маънавият ва маърифат» хоналари лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосидаги ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий мавзулардаги  кўргазмали жиҳозлар билан тўлдирилди. Хоналардаги мавжуд ёзувлар лотин алифбосига оъзгартирилди, бадиий адабиётлар билан бойитилди. Бир қатор цехлар маърифат хоналари, ишлаб чиқариш бинолари, жамоат жойлари Тараққиёт стратегиясига оид кўргазмали қуроллар, шиорлар, баннер-плакатлар билан жиҳозланди.

Барча цех ва бўлимларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинди.

Ишга янги қабул қилинаётган номзодлар билан давлат тилини билиш юзасидан суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.

«Тил бор – миллат бор» шиори остида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан ҳар бир сўз маъносининг шарҳи корхонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бериб борилмоқда.

Корхона «Бизнес-режа»сига алоҳида банд сифатида маънавий-маърифий тадбирлар, давлат тилини татбиқ этиш жараёнларини молиялаштиришни назарда тутган манзилли пул маблағларини ажратиш киритилди. Буям бўлса, тилимизга ҳар томонлама эътибор берилаётганидан далолатдир.

 

Икром Курбоналиeв,

«Максам-Чирчиқ» АЖ бошқарув раиси маслаҳатчиси