"Ўзкимёсаноат" АЖ

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/tilimiz-boyligimiz/tariximsan-ona-tilim

“Товарищ” ўзбекча сўзми ёки русча?

Ҳар бир тил тарихий тараққиёт натижасида бойиб боради. Мазкур жараён тилнинг ўз ички имкониятлари асосида ва бошқа тиллардан сўз ўзлаштириш орқали юз беради. Мамлакатлар ва халқлар ўртасида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маданий муносабатларнинг кучайиши, айниқса, бир-бирига қўшни халқларнинг ўзаро алоқалари натижасида бир тилдан бошқасига янги тушунчаларни ифода қилган сўз-атамалар қабул қилинади. Бугунги глобаллашув замонида бу жараён янада кучайди.

Туркий тил, жумладан, ўзбек тилининг ғоят бойлигини, аввало, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мирзо Бобур сингари бобокалонларимиз исботлаб кетган. Рус ва украин, форсийзабон тилларга туркий тиллардан салмоқли сўзлар ўзлашган. Европа тиллари ҳам маълум миқдорда бундан бебаҳра қолмаган. Тилимизда шундай сўзлар борки, кўпчилик уларни бошқа тиллардан ўтган деб ўйлайди. Аслида ўзимизники бўлган бундай “жаҳонгашта” сўзлар сал ўзгариб яна ўзимизга қайтган.

Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!

Туркий тиллардан рус тилига ўзлашган сўзларнинг кўпи бизга таниш. Масалан: “серьга” (сирға), “бахча” (боғча), “арык” (ариқ), “очаг” (ўчоқ), “караул” (қоровул), “арбуз” (тарвуз), “базар” (бозор), “плов” (палов), “камыш” (қамиш), “караван” (карвон), “аркан” (арқон), “туман” (туман), “амбар” (омбор), “капкан” (қопқон), “сарай” (сарой), “баклажан”, (бақлажон), “каракуль” (қоракўл), “есаул” (ясовул), “ералаш” (аралаш), “беркут” (бургут) кабиларни айтиш мумкин. Лекин рус тилидаги қуйидаги сўзларнинг ҳам асли туркий (ўзбекча) экани ҳайратланарли.

“Товар” — товар, мол-мулк, бойлик, дунё. Бу сўз қадимги туркий тилда мавжуд. Маҳмуд Кошғарий ҳам бу сўзни ўзининг машҳур “Девону луғотит-турк” китобига киритган ва юқоридаги маъноларда қайд этган. Ҳатто бу сўз изоҳига мақол ҳам учрайди: “Тамуғ қапуғин ачар тавар” (Товар ҳатто жаҳаннамдан ҳам эшик очади). Кейинчалик эски ўзбек тилида сўзнинг қорамол, йилқи маънолари ҳам ортган. Рус тилига кўчгач, бу сўзнинг маъно кўлами кенгайган: мол-мулк, бойлик, дунё маъноларидан ташқари пул, йилқи, ҳарбий обоз (от-арава), мустаҳкамланган қароргоҳ кабиларни ҳам англатган.

“Товарищ” — “товар + эш”, яъни “товар ўртоқ”, товар-мол воситасида бирга иш қиладиган шерик. Бу сўз ўзбек тилида ўртоқ, ошна, жўра, оғайни, шерик каби маъноларга эга.

“Айва” — беҳи. Қадимда туркий тилда авйа бўлган. “Девону луғотит-турк”да шу шаклда келтирилган. Товушлар ўрни алмашган, метатеза ҳодисаси рўй берган. Худди: ёғмир — ёмғир, супра — сурпа каби.

“Кирпич” — ғишт. Буни Кошғарий ўз асарида кўрсатган: кэрпич — кирпич, ғишт. Бишиғ кэрпиш — пишиқ ғишт. Хоразм шеваларида “карпич” деб ҳозир ҳам ишлатилади. Адабий тилимиздаги ғишт — форсийча. Навоий ҳазратлари ҳар иккисини ҳам қўллаган:

Лаб-балаб ул май била хуми сипеҳр,

Оғзидағи кирпич анга хишти меҳр.

(“Ҳайрат ул-аброр).

“Штани” — иштон. Иштон “ич тўн”дан келиб чиққан.

“Кибитка” — бу сўз рус тилида соябон арава; ўтов; арава соябони; пахса уй каби маъноларни англатади. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида “кебит” сўзи учрайди. “Девону луғатит турк”да кебит — ичкилик дўкони, майхона деб изоҳланган. Девонни нашрга тайёрлаган Солиҳ Муталлибов “рус тилидаги “кибитка” сўзи шу “кебит” сўзидан бўлса керак”, дейди. Бу сўзнинг асли туркий эканлиги кўпгина рус туркологлари томонидан эътироф этилган.

“Кафтан” — “қоп тўн”дан келиб чиққан. Кенг-мўл тўн маъносида. Вамбери, Корш, Дмитрев сингари олимлар бу сўзнинг туркийчадан ўзлашганини ёқлайдилар. Рус луғатшуноси Даль “мовутдан тикиладиган узун этакли эркаклар устки кийими” деб изоҳлаган. Навоий асарлари учун тузилган луғатларда хафтон (қаптон) — устдан кийиладиган ҳашамли тўн; совут остидан кийиладиган тўн деб кўрсатилганки, бу ҳам уларнинг фикрига далил.

Рус ерларида юзлаб йиллар давом этган мўғуллар ҳукмронлиги, Олтин Ўрда давлатчилиги, Амир Темур салтанатининг мўғул хонликлари ҳудудларига кўчиши бўлғуси Рус давлатининг иқтисодий тузумига жиддий таъсир кўрсатди. Бу тилда ҳам ўз аксини топди.

“Шашлык” — Марказий Осиё халқларининг, аввало, кўчманчи аҳолининг бу таоми шу ном билан русчага ўзлашган. Одатда у қўй гўштидан металл ёки ёғоч шиш — сихда пиширилган. “Шашлык” кабоб пиширишда ишлатиладиган темир маъносидаги шиш сўзидан келиб чиққан. “Девону луғотит-турк”да сиш шаклида қайд этилган. Бу сўз Лутфийда шиш, Навоийда эса ҳозирги кундагидек сих шаклларида қўлланган:

Андоқ сўрунг бегимки, не шиш куйса, не кабоб,

Ул ғамзанинг сўзию, кўнгул шарҳи ҳолини.

(Лутфий)

Базмнинг асбобини қилғил насақ,

Ҳозир этуб сиху, кабобу табақ.

(Навоий)

Навоий асарлари тилида “шиш” сўзидан “шишламоқ” феъли ясалганини кўришимиз мумкин:

Гарчи ишқ ўтида кўнглумни ўқунгға шишладинг,

Гарм бўлмаким, ҳануз не сих куймиш, не кабоб.

(Навоий)

Турк қардошларимизнинг мана бу мақоли юқорида аллома шоирларимиз маҳорати билан шеърий шаклга кирган ўзимизнинг ўзбекона “Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам”мақолига ғоят уйғун бўлиши билан ушбу халқ донишмандлиги намунасининг ҳам, шиш сўзининг ҳам туркий халқлар учун қадимий ва хослигини кўрсатади: “Ҳем шиш яғланмали, ҳем кебап пишмели”.

Бугунги кунда тилимизда фаол бўлган “сузма”, “қаймоқ”, “қатиқ”, “қимиз”, “қурут”, “қатлама”, “қази”, “йогурт” каби сўзлар “Девону луғатит турк”да, тилимизнинг кейинги босқичи бўлган эски ўзбек тилида, айниқса, Алишер Навоий асарларида деярли ўзгармасдан учрайди. Булар аллақачон рус тили луғат таркибини бойитган. Фақат йогурт сал бошқачароқ бўлган.

“Йогурт” — Навоийда жуғрот шаклида учрайди. Бу сўз луғатда “қатиқ” деб изоҳланган. Бунинг мисоли “Садди Искандарий”дан:

Ани уйга келтурди тортиб инон,

Равон моҳазар чекти жуғроту нон.

Мазмуни: уни уйга келтириб, олдига тайёр турган жуғрот ва нонни қўйди. Жуғрот ҳозир бошқа туркий тилларда, хусусан, татар тилида ишлатиладиган “йуғурт” сўзининг Навоий давридаги шакли. Бу сўзнинг “йоғрут” фонетик шакли “Қутадғу билиг”да ишлатилган: қимиз, сут йа йун йағ йа йоғрут қурут (қимиз, сут ёки жун, ёғ ёки қатиқ, қурут). Йогурт туркий тиллардан рус тилига ўзлашиб, ҳозир шу шаклда фаол қўлланмоқда. Ҳатто инглиз тилига ҳам ўтиб улгурган.

Ўз сўзларимизни билмаслигимиз туфайли шунчаликка етдикки, баъзан бундай сўзларни бошқа тилдан ўтган деб ўйлай бошладик. Бир неча йил илгари телевизорда Навоий вилоятининг ҳайвонот олами ҳақида кўрсатув бўлиб қолди. Бу ўлканинг турли ёввойи ҳайвонлари ҳақидаги ҳужжатли фильм асли русча тайёрланган бўлиб, ўзбекчага таржима қилинган ва сухандон шу матнни ўзбекча айтиб бермоқда эди. Унинг овози остида дастлаб ёзилган русча овоз ҳам эшитилиб турарди. Йиртқичларга мансуб чўл ҳайвони — қорақулоқлар ҳақида сўзлар экан, русийзабон бошловчи уни ўз номи билан, фақат русча талаффузда атай бошлади: “каракулаки”. Русчада “қ” товуши бўлмаганидан шундай сўзлади. Бизнинг таржимонларимиз қорақулоқ аслида нима эканини билмаганидан унинг русча ифодасини сақлаб қолгани аниқ. Ўзбек сухандони ҳам уни русчага эргашиб айнан айта бошлади: “каракулаклар шунча йил умр кўради, каракулаклар фалон-фалон нарсалар билан озиқланади, каракулаклар мана бундай ов қилади” ва ҳоказо. Алишер Навоий бобомизнинг сўзлари ёдга келади:

Сен ўзунгни тонимас эрмишсен,

Ўз сўзунгни тонимас эрмишсен.

Муҳаммад Юсуф Чингийнинг XIX асрда яратилган “Келурнома” луғатида “қорақулағ — “степная рыс”, яъни чўл силовсини деб келтирилган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида бу ҳайвонга батафсил изоҳ берилган: Қорақулоқ, каракал — мушуклар уруғига мансуб сут эмизувчи ҳайвон.

Бу ўринда ҳам камчилик мавжуд: қорақулоқнинг иккинчи номи сифатида қомусий луғатда қайд этилган каракал аслида қорахолдир. Бу туркий-ўзбекча сўзимиз нафақат русчага, балки бошқа европа тилларига ҳам ўзлашган. Масалан, немислар бу ҳайвонни каракал дейишди.

“Стакан” — рус тилига туркий тиллардан ўзлашиб, бундай шамойилга кирган бу сўз эски ўзбек тилида: тустағон — қимиз ва май ичадиган ёғоч идиш; қозоқ тилида: тостаган, тустаган — чоғроқ ёғоч коса; қирғиз тилида: тостукан — камёб чоғроқ ёғоч коса каби шакл ва маъноларга эга бўлган. Владимир Даль уни достакан — қадимги идиш тури деб кўрсатган. Е. Н. Шипова ўзининг “Рус тилидаги туркизмлар луғати”да Даль, Юдахин, Радлов сингари тилшуносларга асосланиб буларни қайд этган. Ушбу китобга беш мингга яқин туркий сўзлар киритилган.

Ҳазрат Навоий туркий халқнинг бир қавми бўлган содда, қўли очиқ, бағрикенг ўзбекни суйиб тасвир этган ўринлар анчагина. Булардан бирида қозоқ қардоши каби чўл фарзанди саналган ўзбекнинг қимизу тустағонини мадҳ этган:

Ҳалол она сутидекдур гар ўзбаким тутса

Тобук қилиб, юкуниб тустағон ичида қимиз.

Рус тилидаги “балбес” — “билмас”дан, “казна” — “хазина” ёки “ғазна”дан, “деньги” — “танга”дан, “курага” эса “қуруқ мева”дан олинган. “Инжу” тилимизга хитойчадан, “зиён” эса арабчадан ўзлашган. Улар тилимиз орқали рус тилига “жемчуг” ва “изъян” бўлиб ўтган. “Кавардак” — “қовурдоқ”. Асли қовурмоқ феълидан келиб чиққан бу сўз бизда таомни билдирса, русларда “ёмон овқат”, “тартибсизлик”, “хаос” маъноларига эга. “Кочевать”“кочевник” ўзимиздаги “кўч” сўзига бориб тақалади (кўчмоқ феълидан).“Лошад” — “алача от”, “алаша от”, яъни паст бўйли от; “кабан” — “қобон”, яъни ёввойи чўчқа; “мишень” — “нишон”, “богатырь” — “баҳодир”, “хозяин” — “хўжайин”. Бу жуфтликдаги русча сўзлар қандай келиб чиққанини сезгандирсиз.

“Хозяин взял деньги из казны и пошёл на базар”. Бу жумладаги олтита сўздан тўрттаси туркий ўзлашма.

Хуллас, ғоят бой ва қадимий бўлган тилимиз (туркий тил) ўз тарихи давомида рус, украин, инглиз, немис, француз, венгер каби европа тиллари луғати таркибини бойитган. Мутахассисларнинг фикрича, рус тилидан бошқа европа тилларида туркий тиллардан сўз ўзлашиш даражаси юзга етар-етмас миқдорда бўлса, рус тилида бундай сўзлар саноғи қарийб беш мингтани ташкил қилади.

Тўлқин ТОҒАЕВ,
филология фанлари номзоди


Бу сўз қандай ёзилади?

масъул (жавобгар, жавоб берувчи) – мas’ul

масъулият – mas’uliyat

муҳокама – muhokama

муолажа – muolaja

мутолаа – mutolaa

мурожаат – murojaat

манфаат – manfaat

масъум (сақланган, дахлсиз, гуноҳсиз, пок) – mas’um

маъдан – ma’dan

металл – metall

муваффақият – muvaffaqiyat

мўътадил – moʻtadil

мўътабар – moʻtabar

fikrat.uz сайтидан олинди