"Ўзкимёсаноат" АЖ

Миллатнинг руҳини кўтаргучисан..

https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/tilimiz-boyligimiz/millatni-ruhini-kutarguchisan

Она тилини бемеҳнат севиб бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид кўплаб масалалар ўз ечимини топмоқда.

Шу эзгу ғояга мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда. Зеро, тил ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим воситадир.

Буюк бобокалонимиз Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарининг “Ҳифзи лисон” бобида: “Боболаримизга етушғон ва яраган муқаддас тил ва адабиёт бизга ҳеч камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак йўқолганларини ҳам топармиз. “Ёқолса ёқолсун, ўзи бошимга тор эди”, - деб Ёврупо қалпоғини киюб, кулги бўлмак зўр айб ва уятдур”, - дейдилар. Она тилига бўлган меҳрини яширолмаган бобомиз тўлқинланиб яна давом этади:

Эй она тил, азиз қадрдоним,

Илтифоти руҳим, Раҳмоним.

Туғдиғим кундан айладинг улфат,

Ўлгунча айилма, эй жоним.

Менга илм-у адаб сан ўргатдинг,

Чин аадиб, муаллим, шоним,

Миллатнинг руҳини кўтаргучисан,

 Эй муқаддас карамли султоним.

Она тилимизни асраб-авайлаш, уни ҳар томонлама ривожлантириш, тил сиёсатининг энг қуйи бўғинларгача етиб боришини таъминлаш мақсадида вазирлик, идора ҳамда хўжалик бирлашмаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган маслаҳатчи лавозими жорий этилди.

Оташқалб шоиримиз Усмон Носир айтади:

Симирдим, яшнайман тилсин дилимни,

Бемеҳнат севмайман тирик тилимни.

Дарҳақиқат, она тилимизни бемеҳнат севиб бўлмайди. Чунки у шоир айтганидек, тирик! Унга доимий равишда ғамхўрлик қилиш, уни қайта-қайта сайқаллаб бориш зарур. Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги 7 та корхонада: “Навоийзот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Максам-Чирчиқ” АЖ, “Аммофос-Максам” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ва “Қизилқум фосфорит комплекси” масъулияти чекланган жамиятларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозими жорий этилди ва ушбу лавозимга танлов асосида сараланган ходимлар тайинланди.

Ушбу бошқарув раиси маслаҳатчилари корхоналарда давлат тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилиши белгиланган тадбирлар режасига кўра фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, тармоқ ташкилотлари маслаҳатчилари корхоналари раҳбарларининг, кўп минг сонли ишчи-ходимларнинг давлат тили бўйича малакасини ошириш, иш юритувидаги барча ҳужжатларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишни таъминлаш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.

 Бугунги кунда яна учта тармоқ корхона: “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси, “Ўзкимёимпекс” масъулияти чекланган жамияти, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” акциядорлик жамиятида номзодларни танлов асосида саралаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу корхоналарнинг расмий веб-сайтларига номзодлар зарурлиги тўғрисида эълонлар жойлаштирилган. Ушбу лавозимларни очишдан мақсад белгиланган вазифаларнинг ижросини қуйи бўғинларда ҳам самарали таъминлашдан иборат. Кўзлаган асосий мақсадимиз: корхоналарда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ, бир оила каби меҳнат қилишини ҳисобга олиб, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини тўлиқ таъминлашдир.

Шунингдек, марказий аппаратда ҳамда тармоқ корхоналарида барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларни давлат тилига таржима қилиш ишлари амалга оширилди. “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппаратида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида расмийлаштирилган хат-ҳужжатлар таҳлил қилинди. Вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга юборилган чиқиш хатлари, тармоқ корхоналарига юборилган хабарнома ва топшириқ хатлари, асосий фаолиятга оид, ички хизмат сафарига, хорижий давлатларга хизмат сафарига оид буйруқлар давлат тилида расмийлаштирилди.

Шу билан биргаликда, хизмат хатлари, ўтказилган йиғилиш баённомалари, бошқарув раисининг фармойишлари давлат тилида ёзилиши таъминланди. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11-сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига давлат тилида жавоб хати юборилди.

Давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида “Ўзкимёсаноат” АЖ марказий аппаратида ва тармоқ корхоналарида 2022 йил учун тасдиқланган режага асосан малака ошириш ишлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилинган лойиҳалар танловининг 44 турида филология, педагогика ва психология фанлари йўналиши бўйича “Кимё атамаларининг изоҳли луғатини яратиш” мавзусида бажарилиши бир йилга мўлжалланган амалий лойиҳалар танлови доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг тилшунос олимлари, “Ўзкимёсаноат” АЖ ходимлари ва кимё соҳаси мутахассислардан иборат илмий жамоа томонидан амалий лойиҳа тайёрланди. Мазкур лойиҳа натижалари кимё саноатига оид атамаларни давлат тилида ягона шаклда қўллаш, соҳа учун қўлланмалар, техник регламент, касб стандартлари, йўриқнома ва бошқа илмий-техник ҳужжатларни давлат тилида сифатли ишлаб чиқилишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ташкилот ва идора, ҳар бир тизимда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳурмат билан қаралса, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва обрўси кундан кунга юксалиб бораверади. Бу йўлда бор куч-ғайратимиз ҳамда билимимизни сарфлашга тайёрмиз.

 

Санобар Абдурахманова,

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси маслаҳатчиси