"Ўзкимёсаноат" АЖ

22 февраль – Азим Суюн таваллуд топган кун

https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/manaviyat/ajdodlarga-ehtirom/azim-suyun-tavallud-topgan-kun

Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилояти Нурота тизма тоғлари этагида жойлашган Қудуқча қишлоғида туғилди. Накурт қишлоғида Суюн бобо тарбиясида ўсиб улғайди. Ёш Азим чўпон отаси ортидан юриб, табиат сирлари билан ошно тутинган. Айни шу омил бўлғуси шоирнинг шаклланишига таъсир ўтказган.

“…Кейин аскар бўлдим, – деб ёзади у таржимаи ҳолида, ‒ Тошкент давлат универстетининг журналистика факультетини битирдим. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози» газеталарида хизмат қилдим. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати бўлдим…”

Шу пайтгача шоирнинг «Менинг осмоним» (1978), «Зарб» (1979), «Замин тақдири» (1981), «Хаёлот» (1984), «Зиё йўли» (1986), «Жавзо» (1987), «Олис тонглар» (1989), «Куйганим ‒ суйганим» (1992), «Қора кўзинг сенинг» (1994), «Сарбадорлар» (1994), «Сайланма» (1997), «Ўзлик» (1999), «Шарқ ҳикмати» (2000), «Эй, дўст» (2005), «Ватан фасллари» (2007), «Муҳаббат ҳайратлари» (2009), «Танланган асарлар» (7 жилдлик, 2009) номли китоблари нашр этилди.

Азим Суюн турли даврларда долзарб мавзуларда кўплаб мақолалар, суҳбатлар, шеърлар, ҳикоялар ёзган. Уларда унинг нечоғлик ижодий изланишлар олиб бораётганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн «Ўзбекистон белгиси» нишони соҳиби. У Бутунжаҳон шоирлари Конгресси аъзоси. Туркия, Корея, Россия, Ҳиндистон ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган халқаро адабий анжуманлар қатнашчиси ҳамдир.

Шоир 2020 йил 9 март куни оламдан ўтди.