"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти расмий баёноти

// 02 noyabr 2019 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/speeches/ammofos

Бугун ижтимоий тармоқдаги каналларнинг бирида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятига дахлдор масала юзасидан хабар эълон қилинди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

Аввало хабарда бир қанча ноаниқликлар мавжуд эканлигини, муаллиф таъкидлаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Шунга қарамай, хабар сўнггида келтирилган “Афсуски, «Ўзкимёсаноат» мутасаддилари билан боғланишни ҳам, фикрларини олишни ҳам имкони бўлмади” жумласи сабаб ушбу вазият жамиятимиз томонидан атрофлича ўрганилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги “Аммофос-Максам” АЖ аммафос ишлаб чиқарувчи ва уни истеъмолчиларга етказиб берувчи ягона корхона ҳисобланади. “Навоиазот” АЖ, “Фаргонаазот” АЖ,  “Электрохимзавод” АЖ ва собик “Қўқон суперфосфат заводи” АЖларида оддий суперфосфат ишлаб чикарилади.

 “Аммофос-Максам” АЖ томонидан 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар жами 97 959 тонна физик холда, 44 829 тонна соф ҳолда аммофос ишлаб чиқарилди. Корхона аммофос маҳсулотини Тs 00203074-9-2018 талаблари асосида ишлаб чиқаради. Аммофос таркибидаги фосфор оксиди миқдори 46±1%, азот миқдори эса 11±1% ни ташкил этади.

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Биржа савдолари орқали 75 262 тонна физик ҳолда аммофос қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга етказиб берилган бўлса, 7 528 тонна физик ҳолда аммофос экспорт қилинди.

Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати доимий равишда, техник назорат бўлими ва аккредитацияланган илмий тадқиқот кимё-технологияси лабораторияси томонидан назорат қилиниб борилади.

Ижтимоий тармоқдаги хабарда ҳавола қилинган,  таркибида 6% фосфори бўлган аммофос ўғити корхона томонидан ҳеч қачон ишлаб чиқарилмаганлиги, ишлаб чиқарилаётган ва қишлоқ хўжалигига ортилаётган ҳар бир минерал ўғит сифати қаттиқ назорат остида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Қуйидаги жавдалда “Аммофос-Максам” АЖда ишлаб чиқарилаётган аммофос ҳамда Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган аммофос таркиби тўғрисидаги маълумотлар келтирилган:

Кўрсаткич номи “Аммофос-Максам” АЖ да ишлаб чиқарилаётган аммофос Қозоғистон Республикасида  ишлаб чиқарилаётган аммофос
Ўзлаштириладиган фосфатлар масса улуши, % 46±1 46±1
Сувда эрувчан фосфатларнинг масса улуши, % 42,3 33,9
Аl2O3 ва Fe2O3ларнинг масса улуши, % 1,2 3,8
F нинг масса улуши, % дан кўп бўлмаган 1,4 2,8
МgО нинг масса улуши, % дан кўп бўлмаган 0,4 1,9

2019 йилда корхона фаолияти давомида маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилари ҳамда хорижий хамкорлар (мижозлар) томонидан ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сифати бўйича даъво ва эътирозлар келиб тушмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, хабарда келтирилган ҳамда текширилмаган баъзи маълумотларга ойдинлик киритишни лозим деб ҳисоблаймиз. Яъни хабарда “Афсуски, «Ўзкимёсаноат» мутасаддилари билан боғланишни ҳам, фикрларини олишни ҳам имкони бўлмади” деб таъкидланган. Ўрганиш натижасида “Аммофос-Максам” АЖга ёки “Ўзкимесаноат” АЖга бу масала юзасидан ҳеч қандай ёзма ва оғзаки мурожаат бўлмаган. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимида “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилган бўлиб, ташкилот ўзининг расмий веб-сайтига, facebookда ўзининг расмий саҳифасига ҳамда телеграмм ижтимоий тармоғида эса ўз расмий каналига эга.

Юқорида санаб ўтилган бирорта восита орқали фермердан, жисмоний ва юридик шахслардан хабарда келтирилган масала юзасидан ҳеч қандай мурожаат бўлмаган. Шунингдек, аммофос таркибидаги фосфор миқдорини 6 фоиз эканлигини тасдиқловчи иккита жойда ўтказилган лаборатория текширувининг натижалари мавжуд эканлиги таъкидланган лекин ҳавола этилмаган. Бундан кўриниб турибдики, асосланмаган ва текширилмаган фикр холис фикр бўла олмайди.

Буни тасдиқлаш учун республика бўйлаб сентябрь ва октябрь ойларида барча вилоят туманларига ортилган 50 000 тоннадан ортик (физик ҳолда) аммафосни холис лабораториялар ва фермерларни жалб қилган ҳолда текширишга “Ўзкимёсаноат” АЖ тайёр эканлигини билдириб ўтмоқчимиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, асосланмаган маълумотларни тарқатиш ҳамда ушбу маълумот орқали шахс ёки ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путир етказганлик учун жавобгарликка тортилиш белгиланган. 

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ишонч телефони: (78) 140-74-14.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати