"Ўзкимёсаноат" АЖ

Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида

https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/documents/law/akciyadorlik-zhamiyatlari-va-akciyadorlarning-huquqlarini-himoya-qilish-tugrisida

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ, 26.04.1996 й.223-I

Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

ЎзР 27.12.1996 й. 357-I-сон Қонуни,

ЎзР 26.12.1997 й. 549-I-сон Қонуни,

ЎзР 29.08.1998 й. 681-I-сон Қонуни,

ЎзР 20.08.1999 й. 832-I-сон Қонуни,

ЎзР 15.12.2000 й. 175-II-сон Қонуни,

ЎзР 13.12.2002 й. 447-II-сон Қонуни,

ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонуни,

ЎзР 04.04.2006 й. ЎРҚ-28-сон Қонуни,

ЎзР 23.07.2007 й. ЎРҚ-104-сон Қонуни,

ЎзР 14.12.2007 й. ЎРҚ-127-сон Қонуни,

ЎзР 21.12.2007 й. ЎРҚ-135-сон Қонуни,

ЎзР 28.12.2007 й. ЎРҚ-138-сон Қонуни,

ЎзР 26.09.2008 й. ЎРҚ-183-сон Қонуни,

ЎзР 31.12.2008 й. ЎРҚ-197-сон Қонуни,

ЎзР 07.04.2009 й. ЎРҚ-206-сон Қонуни,

ЎзР 09.09.2009 й. ЎРҚ-216-сон Қонуни,

ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-257-сон Қонуни

 

 

I бўлим. Умумий қоидалар (1-9-моддалар)

II бўлим. Акциядорлик жамиятини тузиш (10-18-моддалар)

III бўлим. Жамиятнинг устав фонди. Жамиятнинг акциялари, облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари. Жамиятнинг соф активлари (19-34-моддалар)

IV бўлим. Акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни жойлаштириш (35-46-моддалар)

V бўлим. Акциядорлар реестри ва акцияларни сақлаш (47-52-моддалар)

VI бўлим. Дивидендлар (53-62-моддалар)

VII бўлим. Акциядорлик жамиятини бошқарувчи органлар (63-88-моддалар)

VIII бўлим. Жамиятнинг йирик битимлар тузиши (89-90-моддалар)

IX бўлим. Жамиятнинг битим тузишидан манфаатдорлик (91-94-моддалар)

X бўлим. Акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш (95-104-моддалар)

XI бўлим. Ҳисоб-китоб ва ҳисобот. Ҳужжатларни сақлаш. Жамиятга доир ахборот (105-109-моддалар)

XII бўлим. Жамият фаолиятини назорат қилиш (110-112-моддалар)

XIII бўлим. Якунловчи қоидалар (113-118-моддалар)

 

 

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда. Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

2-модда. Акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий ҳолати

3-модда. Жамиятнинг номи ва жойлашган манзили

4-модда. Жамиятнинг жавобгарлиги

5-модда. Акциядорлик жамиятларининг шакллари

6-модда. Очиқ акциядорлик жамияти

7-модда. Ёпиқ акциядорлик жамияти

8-модда. Жамиятнинг филиаллари ва ваколатхоналари

9-модда. Шуъба ва тобе хўжалик жамиятлари

 

 

1-модда. Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Акциядорлик жамиятларини тузиш, уларнинг фаолияти ва уларни тугатиш, акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари билан тартибга солинади.

Қишлоқ хўжалиги, банк, инвестиция ва суғурта фаолияти соҳаларида, шунингдек давлат корхоналарини хусусийлаштириш чоғида акциядорлик жамиятлари тузиш ва улар ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

 

2-модда. Акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий ҳолати

 

Устав фонди жамиятнинг акциядорларга нисбатан мажбуриятларини тасдиқловчи муайян миқдордаги акцияларга тақсимланган хўжалик юритувчи субъект акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.

Жамият қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг ҳар қандай турларини амалга ошириш чоғида ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Жамият юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкига эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқларини қўлга киритади. Жамият, агар унинг уставида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, чекланмаган муддатга тузилади.

Жамият белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ва ундан ташқарида банкда ҳисоб варақлар очишга ҳақлидир.

Жамият ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган манзили кўрсатилган юмалоқ муҳрига эга бўлиши лозим. Муҳрда айни пайтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

Жамият ўз номи ёзилган штампи ва бланкаларига, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар нишонига ҳамда бошқа ўз белги-аломатларига эга бўлишга ҳақлидир.

Жамият Қонун ҳужжатларида ман этилмаган ва таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган исталган фаолият тури билан Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шуғулланиши мумкин. Жамият муассислари таъсис ҳужжатларида фаолиятнинг асосий турларинигина санаб ўтишга ҳақлидирлар.

 

3-модда. Жамиятнинг номи ва жойлашган манзили

 

Жамият ўз фирма номига эга бўлади, бу ном фирманинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва турини (очиқ ёки ёпиқ) акс эттириши керак.

Жамият давлат тилида ва айни пайтнинг ўзида жамият хоҳишига кўра бошқа тилларда ўзининг тўлиқ ва қисқартма номларига эга бўлишга ҳақлидир.

Жамиятнинг манзили у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга кўра белгиланади.

Жамият у билан алоқа ўрнатиб туриладиган почта манзилига эга бўлиши лозим ва ўз почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларни хабардор қилиши шарт.

 

4-модда. Жамиятнинг жавобгарлиги

 

Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулки билан жавобгар бўлади.

Акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайдилар ва унинг фаолияти билан боғлиқ зиёнларни ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида тўлайдилар.

Акциялар ҳақининг ҳаммасини тўламаган акциядорлар жамият мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўладилар.

Жамият ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

Агар жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) жамият учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор сифатидаги шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, мазкур акциядор зиммасига жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.

Акциядорлик жамиятининг уставида тегишли ҳуқуқ назарда тутилган тақдирдагина, акциядор мажбурий кўрсатма бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Жамият учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор жамиятнинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқидан унинг ана шундай ҳаракатни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) акциядорнинг ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган деб ҳисобланади.

Давлат ва унинг органлари жамият ўз зиммасига олган мажбуриятлар юзасидан жавобгар бўлмайдилар, худди шунингдек жамият ҳам давлат ва унинг органлари олган мажбуриятлар юзасидан жавобгар бўлмайди.

 

 

5-модда. Акциядорлик жамиятларининг шакллари

 

Акциядорлик жамияти очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ акциядорлик жамиятининг муассислари таркибига кирувчиларнинг энг кам сони чекланмайди, ёпиқ акциядорлик жамиятининг муассислари эса камида уч шахсдан иборат қилиб белгиланади. Жамиятнинг ҳар бир муассиси унинг акциядори бўлиши лозим.

 

6-модда. Очиқ акциядорлик жамияти

Қатнашчилари ўзларига тегишли акцияларини ўзга акциядорларнинг розилигисиз бошқа шахсларга бериши мумкин бўлган акциядорлик жамияти очиқ акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.

Очиқ акциядорлик жамияти ўзи чиқараётган акцияларга очиқ обуна ўтказишга ва қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда уларни эркин сотишга ҳақлидир.

Очиқ акциядорлик жамияти ўзи чиқараётган акцияларга ёпиқ обуна ўтказишга ҳақли, жамият уставида ва қонун ҳужжатларида ёпиқ обунани ўтказиш имконияти чеклаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Очиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг сони чегараланмайди.

 

 

7-модда. Ёпиқ акциядорлик жамияти

Акциялари фақат ўз муассислари ёки олдиндан белгиланган доирадаги шахслар орасида тақсимланадиган акциядорлик жамияти ёпиқ акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.

Бундай жамият ўзи чиқараётган акцияларга очиқ обуна ўтказишга ёхуд уларни чекланмаган доирадаги шахсларга сотиб олиш учун бошқача тарзда таклиф этишга ҳақли эмас. Ёпиқ акциядорлик жамияти акциядорларининг сони эллик нафардан зиёд бўлиши мумкин эмас. Белгиланган чегарадан ортиб кетган тақдирда у ёпиқ акциядорлик жамиятлари учун миқдори акциядорларнинг чегараланган лимитидан ортиб кетган шахслар акциядорлар реестрида рўйхатга олинган кундан эътиборан олти ой ичида очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилиши, ушбу муддат тугагач, суд тартибида тугатилиши лозим.

Ёпиқ акциядорлик жамияти акциядорлари ушбу жамиятнинг бошқа акциядорлари сотаётган акцияларни учинчи шахсга таклиф этилаётган нархда ва шартларда, уларнинг ҳар бирига тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда имтиёзли олиш ҳуқуқига, агар жамият уставида мазкур ҳуқуқни амалга оширишнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, эга бўлади. Агар акциядорлар акцияларни сотиб олишда ўз имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмасалар, жамият акциядорлар томонидан сотиладиган акцияларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши унинг уставида кўзда тутилиши мумкин.

Акциядорлар сотаётган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш тартиби, муддати жамият уставида белгилаб қўйилади. Имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати акциялар савдога қўйилган пайтдан бошлаб 30 кундан кам ва 60 кундан кўп бўлиши мумкин эмас.

 

 

8-модда. Жамиятнингфилиаллари ва ваколатхоналари

 

Жамият филиаллар ташкил этиши ҳамда ваколатхоналар очиши мумкин. Улар ўзларини ташкил этган жамият томонидан мол-мулк билан таъминланади ва шу жамият тасдиқлаган низомлар асосида иш кўради.

Филиал ёки ваколатхонанинг раҳбари жамият томонидан тайинланади ва жамият берган ишончнома асосида иш кўради.

Филиал ҳамда ваколатхона фаолияти учун жавобгарлик уларни тузган жамият зиммасида бўлади.

Жамият уставида унинг филиаллари ҳамда ваколатхоналари тўғрисида маълумотлар берилган бўлиши керак. Жамиятнинг филиаллари ҳамда ваколатхоналарига доир маълумотлар ўзгариши муносабати билан унинг уставига киритилган ўзгартишлар тўғрисидаги ахборот юридик шахсларни давлат рўйхатига олувчи органга маълумот тарзида тақдим этилади. Жамият уставидаги мазкур ўзгартишлар маълум қилинган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга киради.

Жамият томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида филиаллар ташкил этиш ва ваколатхоналар очиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, филиаллар ва ваколатхоналар жойлашган ердаги мамлакат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

9-модда. Шуъба ва тобе хўжалик жамиятлари

Жамият юридик шахс ҳуқуқини олган шуъба ва тобе хўжалик жамиятларига эга бўлиши мумкин. Шуъба хўжалик жамияти ўзининг асосий жамияти қарзлари юзасидан жавобгар бўлмайди. Шуъба хўжалик жамиятига бажарилиши шарт бўлган кўрсатмаларни беришга ҳуқуқли асосий жамият ана шундай кўрсатмаларни бажариш учун шуъба жамияти томонидан тузилган битимлар юзасидан шуъба жамияти билан солидар жавобгар бўлади. Асосий жамиятнинг шуъба хўжалик жамиятига бажарилиши шарт бўлган кўрсатмаларни бериш ҳуқуқи шуъба хўжалик жамияти билан тузилган шартномада ёки шуъба хўжалик жамиятининг уставида кўзда тутилган тақдирдагина асосий жамият бундай ҳуқуққа эга деб ҳисобланади.

Шуъба хўжалик жамияти асосий жамиятнинг айби билан ночор (банкрот) бўлиб қолган ҳолларда асосий жамият шуъба хўжалик жамиятининг қарзлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади. Асосий жамият шуъба хўжалик жамиятининг муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, юқорида айтилган ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шуъба хўжалик жамиятининг шундай ҳаракатларни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳоллардагина шуъба хўжалик жамиятининг ночорлиги (банкротлиги) асосий жамиятнинг айби билан юз берган деб ҳисобланади.

Шуъба хўжалик жамияти акциядорлари асосий жамиятдан унинг айби билан шуъба хўжалик жамиятига келтирилган зиённи тўлашни талаб қилишга ҳақлидир. Асосий жамият шуъба хўжалик жамиятининг муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида зиён кўришини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шуъба хўжалик жамиятининг шундай ҳаракатларни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина зиён асосий жамиятнинг айби билан келтирилган деб ҳисобланади.

Агар жамиятга қарашли овоз берувчи акцияларнинг йигирма фоизидан зиёдроғи бошқа иштирокчи жамиятга қарашли бўлса, бу жамият тобе хўжалик жамияти деб тан олинади.

Иштирок этувчи ва тобе хўжалик жамиятлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

 

II БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ ТУЗИШ

 

10-модда. Жамиятни тузиш усуллари

11-модда. Жамиятни таъсис этиш

12-модда. Жамиятнинг муассислари

13-модда. Таъсис йиғилиши (конференцияси)

14-модда. Жамиятнинг таъсис ҳужжатлари

15-модда. Жамият устави

16-модда. Жамият уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ёки жамият уставини янги таҳрирда тасдиқлаш

17-модда. Жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш

18-модда. Жамият уставига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини давлат рўйхатидан ўтказиш

 

10-модда. Жамиятни тузиш усуллари

Жамият янгидан таъсис этиш ва (ёки) мавжуд юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш, қайта тузиш) йўли билан тузилиши мумкин.

11-модда. Жамиятни таъсис этиш

 

Жамиятни таъсис этиш йўли билан тузиш муассисларнинг (муассиснинг) қарорига мувофиқ амалга оширилади. Жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги қарор таъсис йиғилиши томонидан қабул қилинади. Жамият бир шахс томонидан таъсис этилган тақдирда жамиятни таъсис этиш ҳақидаги қарорни шу шахснинг ёлғиз ўзи қабул қилади.

Жамият муассислари уни тузиш тўғрисида ўзаро таъсис шартномасини имзолайдилар, шартномада уларнинг жамиятни таъсис этиш борасида биргаликда фаолият кўрсатиш тартиби, жамият устав фондининг миқдори, муассислар ўртасида жойлаштирилиши керак бўлган акцияларнинг турлари, улар учун тўланадиган ҳақ миқдори ва бу ҳақни тўлаш тартиби, муассисларнинг жамиятни тузишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилади.

Жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги қарор муассисларнинг овоз бериш натижаларини ҳамда жамиятни таъсис этиш, жамият уставини тасдиқлаш, жамиятни бошқариш органларини сайлаш масалалари юзасидан улар қабул қилган қарорларни акс эттириши керак.

Жамиятни таъсис этиш, унинг уставини тасдиқлаш тўғрисидаги ва муассис томонидан жамият акциялари ҳақини тўлаш учун топширилаётган қимматли қоғозлар, бошқа мулкий ҳуқуқлар ёки пул билан баҳоланадиган бошқа ҳуқуқларнинг пулда баҳоланишини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлар муассислар томонидан бир овоздан қабул қилинади.

Чет эллик инвесторлар иштирокидаги жамиятни тузиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда уни таъсис этиш тўғрисидаги қарор давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга бўлган орган томонидан қабул қилинади.

 

 

12-модда. Жамиятнинг муассислари

 

Акциядорлик жамиятини тузиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаган юридик ва жисмоний шахслар акциядорлик жамиятининг муассислари деб тан олинади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари жамият муассислари бўлиши мумкин эмас.

Жамият муассислари жамият давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар унинг тузилиши билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавобгар бўладилар. Жамият муассисларнинг уни тузиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлари юзасидан фақат уларнинг ҳаракатлари кейинчалик акциядорларнинг умумий йиғилишида маъқулланган тақдирдагина жавобгар бўлади.

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган унинг муассиси бўлади.

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда акцияларни тақсимлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ёпиқ акциядорлик жамияти муассислари ўртасида акцияларни тақсимлаш таъсис ҳужжатига мувофиқ амалга оширилади.

 

 

13-модда. Таъсис йиғилиши (конференцияси)

 

Таъсис йиғилиши (конференцияси):

акциядорлик жамиятини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг уставини тасдиқлайди;

акцияларга ортиқча обунани қабул қилади ёки рад этади. Акцияларга ортиқча обуна қабул қилинган тақдирда устав фонди тегишли равишда кўпайтирилади;

таъсис этиш жараёнида муассислар томонидан тузилган шартномаларни тасдиқлайди;

чиқарилаётган акциялар турларини ҳамда уларнинг сонини белгилайди; жамиятнинг кузатув кенгашини, тафтиш комиссиясини сайлайди;

жамиятнинг ижроия органини тузади (сайлайди, тайинлайди).

Таъсис йиғилишида (конференциясида) овоз бериш муассислар қўшган ҳиссаларга мувофиқ ўтказилади.

Таъсис йиғилиши (конференцияси) қарорларни оддий кўпчилик овоз билан қабул қилади. Таъсис шартномасини ўзгартириш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётган ҳоллар бундан мустаснодир, бунда барча муассисларнинг розилиги талаб этилади.

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда таъсис йиғилиши ўтказилмайди.

 

 

14-модда. Жамиятнинг таъсис ҳужжатлари

 

Таъсис йиғилиши (муассис) тасдиқлаган устав жамиятнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади.

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган тасдиқлайдиган эмиссия маълумотномаси ҳам таъсис ҳужжати ҳисобланади.

 

15-модда. Жамиятнинг устави

 

Жамиятнинг уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

фирманинг тўлиқ ва қисқартирилган номи ҳамда жойлашган ери (почта манзили);

фаолият соҳаси (асосий йўналишлари), мақсади ва муддатлари;

устав фондининг миқдори;

устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш тартиби;

чиқарилаётган акциялар турлари, уларнинг номинал қиймати, ҳар хил турдаги акцияларнинг нисбати;

даромад (фойда)ни, дивидендларни тақсимлаш ва зарарни қоплаш тартиби;

захира фондини ва бошқа фондларни ташкил этиш тартиби;

жамият қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

жамият бошқарувининг тузилиши, ижроия ва назорат органлари аъзоларининг сони, уларни сайлаш тартиби, бу органларнинг ваколатлари;

йиллик ҳисоботларни тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

жамиятни қайта тузиш ва тугатиш тартиби;

жамият томонидан акцияларни жойлаштириш тартиби ва шартлари. Жамият уставида битта акциядорга тегишли бўлган акциялар сони ва улар номинал қийматининг суммаси чеклаб қўйилиши мумкин.

Жамият уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

Жамият акциядор ёки ҳар қандай манфаатдор шахснинг талабига биноан уставда белгиланган муддатларда уларга жамият устави, шу жумладан, унга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар билан танишиб чиқиш имкониятини бериши шарт. Жамият акциядорнинг талабига биноан жамиятнинг амалдаги уставидан нусха олиб бериши шарт.

 

16-модда. Жамият уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар

киритиш ёки жамият уставини янги таҳрирда тасдиқлаш

 

Жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамият уставини янги таҳрирда тасдиқлаш ушбу Қонунда ҳамда жамият уставида белгиланган тартибда ақциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан амалга оширилади.

 

17-модда. Жамиятни давлат

рўйхатидан ўтказиш

 

Жамият қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Жамият рўйхатдан ўтиш учун рўйхатга олувчи органга уставни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни тақдим этади. Давлат корхонасини қайта ташкил этиш йўли билан тузилган акциядорлик жамияти уставини тақдим этади.

Жамият тузишнинг қонунда белгиланган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мувофиқ келмаслиги давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга олиб келади. Жамиятни тузиш мақсадга мувофиқ эмас, деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Фақат қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллардагина жамият қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Акциядорлик жамияти давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан узоғи билан олти ойгача бўлган муддатда жамият акциядорларининг умумий йиғилиши тўғрисидаги, кузатув Кенгаши тўғрисидаги ва ижроия органи тўғрисидаги (тегишинча директор, бошқарув, дирекция, бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи тўғрисидаги), фаолият тартибини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек акциядорлик жамиятининг кўрсатилган бошқарув органлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартиботини белгиловчи низомларни тайёрлаши ва акциядорларнинг умумий йиғилишида тасдиқлаши шарт.

 

 

18-модда. Жамият уставига киритилган ўзгартишлар

ва қўшимчаларни ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги

уставини давлат рўйхатидан ўтказиш

 

Жамият уставига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави ушбу Қонуннинг жамиятни рўйхатдан ўтказишга доир 17-моддасида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Жамият уставига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави учинчи шахслар учун улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда эса давлат рўйхатидан ўтказувчи орган хабардор этилган пайтдан эътиборан кучга киради.

 

 

III БЎЛИМ. ЖАМИЯТНИНГ УСТАВ ФОНДИ.

ЖАМИЯТНИНГ АКЦИЯЛАРИ, ОБЛИГАЦИЯЛАРИ

ВА БОШҚА ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ.

ЖАМИЯТНИНГ СОФ АКТИВЛАРИ

 

19-модда. Жамиятнинг устав фонди ва акциялари

20-модда. Устав фондининг миқдори

21-модда. Жамиятнинг устав фондини кўпайтириш

22-модда. Жамиятнинг устав фондини камайтириш

23-модда. Жамиятнинг устав фонди миқдори камайтирилгани

тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш

24-модда. Акциядорлик жамиятининг акциялари

24-1-модда. Олтин акция

25-модда. Акцияларнинг номинал қиймати

26-модда. Жамиятнинг жойлаштирилган ва эълон қилинган акциялари

27-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқлари

28-модда. Оддий (одатдаги) акциялар эгалари

бўлмиш акциядорларнинг ҳуқуқлари

29-модда. Имтиёзли акцияларнинг эгалари

бўлмиш акциядорларнинг ҳуқуқлари

30-модда. Акцияларга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши

31-модда. Жамиятнинг ўз акцияларини сотиб олиш тартиби

32-модда. Жамиятнинг облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари

33-модда. Жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли

қоғозларига ҳақ тўлаш

34-модда. Жамиятнинг фондлари ва соф активлари

 

 

19-модда. Жамиятнинг

устав фонди ва акциялари

 

Жамиятнинг устав фонди акциядорлар сотиб олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади. Жамият чиқарадиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши лозим.

Жамиятнинг устав фонди унинг мол-мулкининг ўз кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган даражадаги энг кам миқдорини белгилайди. Жамият давлат мулки негизида тузилганда корхонанинг (мол-мулкнинг) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган бозор баҳоси жамият устав фондининг суммасини ташкил этади.

Жамият оддий акцияларни жойлаштириши шарт, шунингдек бир ёки бир неча турдаги имтиёзли акцияларни жойлаштиришга ҳақли. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати жамият устав фондининг йигирма фоизидан ошмаслиги лозим.

Жамият таъсис этилаётганда унинг барча акциялари муассислар ўртасида жойлаштирилган бўлиши керак.

 

 

20-модда. Устав фондининг миқдори*

 

Акциядорлик жамияти устав фондининг энг кам миқдори жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича тўрт юз минг АҚШ долларига тенг бўлган суммадан кам бўлмаслиги керак.

Жамият устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.

 

21-модда. Жамиятнинг

устав фондини кўпайтириш

 

Жамиятнинг устав фонди акциялар номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондини акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки, агар жамият уставида ёхуд акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамиятнинг кузатув кенгашига шундай қарорни қабул қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

Қўшимча акциялар жамият томонидан жамият уставида белгиланган эълон қилинган акциялар сони доирасидагина жойлаштирилиши мумкин.

Қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан жамият устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки, бундай қарор қабул қилиш ҳуқуқи жамиятнинг уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг кузатув кенгашига берилган бўлса, кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

Қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан жамият устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча оддий (одатдаги) акцияларнинг ва эълон қилинган миқдорлари (улушлари) доирасида ҳар бир турдаги имтиёзли акцияларнинг сони, уларни жойлаштириш муддати ва шартлари, шу жумладан, мазкур қонунга мувофиқ жойлаштирилаётган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқларга эга бўлган акциядорлар учун жамиятнинг қўшимча акцияларини жойлаштириш баҳоси белгиланган бўлиши лозим.

Жамиятнинг устав фондини қўшимча акциялар жойлаштириш йўли билан кўпайтириш жойлаштирилган қўшимча акцияларнинг номинал қиймати миқдорида қайд этилади. Бунда эълон қилинган муайян тоифа ва турдаги акцияларнинг миқдори жойлаштирилган ана шу тоифа ва турлардаги акцияларнинг сонига қисқартирилиши керак.

 

22-модда. Жамиятнинг устав

фондини камайтириш

 

Жамиятнинг устав фонди акцияларнинг номинал қийматини ёки уларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан, акцияларнинг бир қисмини жамиятнинг ўзи кейинчалик муомаладан чиқариш шарти билан сотиб олиши йўли билан камайтирилиши мумкин.

Жамиятнинг устав фондини акцияларнинг бир қисмини сотиб олиш ва муомаладан чиқариш орқали камайтиришга, агар бундай имконият жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, йўл қўйилади.

Агар устав фондини камайтириш натижасида унинг миқдори жамиятнинг уставига киритилган тегишли ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш куни белгиланадиган жамият устав фондининг энг кам миқдоридан қонун ҳужжатларида белгиланганидан камайиб кетадиган бўлса, жамият устав фондини камайтиришга ҳақли эмас.

Устав фондини камайтириш ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилган вақтда акциядорларнинг умумий йиғилиши фондни камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.

Устав фондини камайтириш вақтида жамият тугатилганида назарда тутиладиган акциядорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш шартларига риоя этилиши зарур.

 

 

23-модда. Жамиятнинг устав фонди

миқдори камайтирилгани тўғрисида

кредиторларни хабардор қилиш

 

Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганидан бошлаб жамият кечи билан 30 кун ичида бу қарор хусусида ўз кредиторларини ёзма равишда хабардор қилади. Кредиторлар жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисида ўзларига хабарнома юборилган санадан эътиборан кечи билан 30 кун ичида жамиятдан ўз мажбуриятларини муддатидан олдин ижро этишни ва устав фонди камайтирилиши билан боғлиқ зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.

 

 

24-модда. Акциядорлик жамиятининг акциялари

 

Акциялар эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар турига кўра оддий ва имтиёзли бўлиши мумкин.

Акциялар мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида қайси юридик ёки жисмоний шахсга тегишли бўлса, ўша юридик ёхуд жисмоний шахс акциянинг эгаси - акциядор деб эътироф этилади.

Оддий акциялар овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгасига дивидендлар олиш, акциядорларнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Акция эгаларига дивидендларни, шунингдек жамият тугатилганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялардир. Имтиёзли акциялар ўз эгаларига жамият фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.

Чиқариладиган акцияларнинг турлари, уларни жойлаштириш, улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ жамият уставида белгиланади.

 

24-1-модда. Олтин акция

"Олтин акция" - айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи бўлиб, у стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат корхоналари хусусийлаштирилаётганда ёки акциядорлик жамиятларининг давлат акция пакетлари хусусий мулк этиб реализация қилинаётганда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан жорий қилинади ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.

"Олтин акция" қийматга эга эмас, бошқа шахсга берилмайди ҳамда гаровга қўйилмайди, устав фонди миқдорини белгилашда ва дивидендларни ҳисоблашда инобатга олинмайди.

"Олтин акция" устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки бу улуш йигирма беш фоиздан ошмайдиган акциядорлик жамиятларида жорий этилиши мумкин. Давлатнинг "олтин акция"дан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

"Олтин акция" акциядорлик жамиятининг кузатув кенгаши таркибига давлат вакилини (бундан буён матнда давлат вакили деб юритилади) тайинлаш воситасида реализация қилинади. Давлат вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ва кузатув кенгаши мажлисларида ушбу Қонуннинг 65-моддаси биринчи қисмининг иккинчи-тўртинчи, еттинчи, саккизинчи, ўн саккизинчи, ўн тўққизинчи хатбошиларида, шунингдек 82-моддаси биринчи қисмининг еттинчи, йигирма иккинчи-йигирма тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича вето қўйиш ҳуқуқи билан мажбурий тартибда иштирок этади. Вето қўйиш ушбу қарорлар қабул қилинган куни ёзма шаклда амалга оширилади.

 

 

25-модда. Акцияларнинг номинал қиймати

 

Акцияларнинг номинал қиймати юз сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Акция бўлинмасдир.

 

 

26-модда. Жамиятнинг жойлаштирилган

ва эълон қилинган акциялари

 

Жамиятнинг уставида акциядорлар сотиб олган акцияларнинг (жойлаштирилган акцияларнинг) сони ва номинал қиймати белгилаб қўйилиши лозим.

Жамият уставида жамият жойлаштирилган акцияларга қўшимча равишда жойлаштиришга ҳақли бўлган эълон қилинган (қўшимча) акцияларнинг сони ва номинал қиймати белгиланиши мумкин.

Жамият уставига жамиятнинг эълон қилинган акциялари ҳақида ушбу моддада назарда тутилган қоидалар билан боғлиқ ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Жамият томонидан акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар жойлаштирилган тақдирда эълон қилинган (қўшимча) акцияларнинг сони ушбу қимматли қоғозлар муомалада бўлиши муддати мобайнида айирбошлаш учун зарур миқдордан кам бўлмаслиги лозим.

Жамият ўзи жойлаштирган қимматли қоғозлар эркин айирбошланиши мумкин бўлган акциялар берадиган ҳуқуқларни чеклаш ҳақида ушбу қимматли қоғозлар эгаларининг розилигисиз қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

 

 

27-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқлари

 

Акциядорлар:

тегишли акциядорлик жамиятининг акциядорлари реестрига киритилиш;

ўзи ҳақида депозитарийдаги депо ҳисобварағидан кўчирма олиш;

жамият фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олиш;

акциядорлик жамияти тугатилган тақдирда ўзларига тегишли улушга мувофиқ мол-мулкнинг бир қисмини олиш;

акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этиш;

акциядорлик жамиятининг уставига мувофиқ эмитентнинг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ ва тўғри ахборот олиш;

олган дивидендини эркин тасарруф этиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида, шунингдек судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва эмитентларнинг уқувсиз ёки ғаразли хатти-ҳаракатлари туфайли кўрган зарарнинг тўланишини талаб қилиш;

ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар ва бошқа жамоат ташкилотларига бирлашиш;

қимматли қоғозлар сотиб олиш вақтида зарар кўриш ва (ёки) фойданинг бир қисмини йўқотиш эҳтимоли билан боғлиқ таваккалчиликни суғурталаш ҳуқуқига эга.

Акциядорлар жамият уставида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўладилар.

 

 

28-модда. Оддий (одатдаги) акциялар

эгалари бўлмиш акциядорларнинг ҳуқуқлари

 

Жамиятнинг ҳар бир оддий (одатдаги) акцияси унинг эгаси бўлмиш акциядорга бир хил ҳажмда ҳуқуқлар беради.

Оддий (одатдаги) акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар ушбу Қонунга ва жамият уставига мувофиқ акциядорлар умумий йиғилишида мазкур йиғилиш ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин, шунингдек дивидендлар олиш, жамият тугатилган тақдирда эса, жамият мол-мулкининг бир қисмини олиш ҳуқуқига эгадир.

 

 

29-модда. Имтиёзли акцияларнинг эгалари

бўлмиш акциядорларнинг ҳуқуқлари

 

Жамият имтиёзли акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар, агар ушбу Қонунда ёки жамият уставида жамиятнинг муайян турдаги имтиёзли акциялари учун бошқача қоида белгиланмаган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар.

Жамиятнинг бир турдаги имтиёзли акциялари уларнинг эгалари бўлмиш акциядорларга бир хил ҳажмда ҳуқуқлар беради ва одатдаги акциялар билан бир хил номинал қийматга эга бўлади.

Жамият тугатилган тақдирда ҳар бир турдаги имтиёзли акциялар бўйича тўланадиган дивидендлар ва (ёки) қийматнинг (тугатилиш қийматининг) миқдори жамият уставида белгилаб қўйилиши лозим. Дивиденд миқдори ва тугатилиш қиймати қатъий пул суммасида ёки имтиёзли акцияларнинг номинал қийматига нисбатан фоизларда белгиланади. Агар имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар миқдори ва тугатилиш қийматини аниқлаш тартиби жамият уставида кўрсатилган бўлса ҳам улар белгиланган ҳисобланади. Дивиденд миқдори белгиланмаган имтиёзли акцияларнинг эгалари оддий (одатдаги) акцияларнинг эгалари билан баравар дивидендлар олиш ҳуқуқига эга.

Агар жамият уставида икки ва ундан ортиқ турдаги имтиёзли акция назарда тутилган бўлса, жамият уставида имтиёзли акцияларнинг ҳар бир тури бўйича дивидендлар ва тугатилиш қийматини тўлаш навбати ҳам белгиланган бўлиши керак.

Муайян турдаги имтиёзли акциялар бўйича миқдори уставда белгиланган бўлиб, тўланмаган ёки ҳаммаси тўланмаган дивиденд жамғариб борилиши ва кейинчалик тўланиши (кумулятив имтиёзли акциялар) жамият уставида белгилаб қўйилиши мумкин.

Жамият уставида муайян турдаги имтиёзли акцияларнинг оддий (одатдаги) акциялар ёки бошқа турдаги имтиёзли акцияларга эркин айирбошланиши мумкинлиги ва шартлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар акциядорларнинг умумий йиғилишида жамиятни қайта ташкил этиш ва тугатиш масалалари ҳал этилаётганда овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этадилар. Муайян турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар акциядорларнинг умумий йиғилишида жамият уставига шу турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан, аввалги навбатдаги имтиёзли акциялар бўйича тўланадиган дивиденднинг миқдорини белгилаш ёки кўпайтириш ва (ёки) тугатилиш қийматини белгилаш ёки кўпайтириш масалалари, шунингдек бошқа турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларга дивиденд ва (ёки) акциянинг тугатилиш қийматини тўлаш навбати бўйича имтиёзлар бериш масалалари ҳал этилаётганда овоз бериш ҳуқуқини оладилар.

Дивиденд миқдори жамият уставида белгилаб қўйилган муайян турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар, кумулятив имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларни истисно этганда, ана шу турдаги имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки дивидендларни тўлиқ тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан кейинги йиғилишдан бошлаб умумий йиғилишнинг ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқи билан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи мазкур акциялар бўйича дивидендлар биринчи марта тўлиқ миқдорда тўланган пайтдан бошлаб тўхтатилади.

Муайян турдаги кумулятив имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар ана шу акциялар бўйича жамғарилиб қолган дивидендларни тўлиқ миқдорда тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим бўлган-у, аммо бундай қарор қабул қилмаган ёхуд дивидендларни тўлиқ миқдорда тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилган акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан кейинги йиғилишдан эътиборан умумий йиғилишнинг ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этишга ҳақли. Муайян турдаги кумулятив имтиёзли акцияларнинг эгаси бўлмиш акциядорларнинг акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи мазкур акциялар бўйича жамғарилиб қолган барча дивидендлар тўлиқ миқдорда тўланган пайтдан бошлаб тўхтатилади.

Агар жамият уставида муайян турдаги имтиёзли акцияларни одатдаги акцияларга айирбошлаш мумкинлиги назарда тутилган бўлса, жамият устави бу турдаги имтиёзли акциялар бўйича овоз бериш ҳуқуқини назарда тутиши мумкин. Бунда ана шундай имтиёзли акция эгаси ўзига қарашли имтиёзли акция айирбошланиши мумкин бўлган одатдаги акциялар бўйича овозлар сонидан ошиб кетмайдиган миқдорда овозларга эга бўлади.

 

 

30-модда. Акцияларга бўлган ҳуқуқларнинг ўтиши

 

Акцияларга бўлган ҳуқуқлар акцияларни олувчига унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган пайтдан эътиборан ўтади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда депозитарий томонидан бериладиган депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.

Акция билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар уларнинг олувчисига ушбу қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар ўтган пайтдан эътиборан ўтади.

 

 

32-модда. Жамиятнинг облигациялари

ва бошқа қимматли қоғозлари

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни жамият ўз уставига мувофиқ жойлаштиришга ҳақли.

Ёпиқ акциядорлик жамияти облигацияларни жойлаштиришга ҳақли эмас.

33-модда. Жамиятнинг акциялари ва

бошқа қимматли қоғозларига ҳақ тўлаш

 

Жамиятни таъсис этишда жойлаштириладиган акцияларга жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан кўпи билан бир йил ичида муассислар томонидан ҳақ тўланиши лозим. Мазкур муддат ўтганидан кейин муассислар томонидан ҳақи тўланмаган акциялар бекор қилиниши керак.

Жамиятнинг қўшимча акцияларига мазкур акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган жойлаштириш муддати ичида ҳақ тўланиши лозим.

Жамият уставида акциялар ҳақини тўлаш мажбуриятини бажармаганлик учун неустойка (жарима, пеня) ундириш назарда тутилиши мумкин.

Жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пул ва тўловнинг бошқа воситалари, мол-мулк, шунингдек пулда баҳоланадиган ҳуқуқлар (шу жумладан ашёвий ҳуқуқлар) воситасида амалга оширилади . Жамиятни таъсис этиш чоғида унинг акцияларига ҳақ тўлаш шакли жамиятни ташкил этиш тўғрисидаги шартномада (қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорда) ёки жамият уставида, қўшимча акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга ҳақ тўлаш эса, уларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорда белгилаб қўйилади.

Жамиятни таъсис этиш чоғида акцияга тўланадиган ҳақ сифатида топширилаётган мол-мулкнинг пулдаги баҳоси муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ чиқарилади.

Агар жамиятнинг шу йўсинда сотиб олинаётган акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг номинал қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордаги иш ҳақининг икки юз бараваридан кўпни ташкил этса, жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг ҳақи сифатида топширилаётган мол-мулкнинг пулдаги баҳосини баҳоловчи ташкилот баҳолаши керак.

Жамият уставида унинг акциялари ва бошқа эгаси ёзилган қимматли қоғозлари ҳақи сифатида топшириладиган мол-мулк турлари чеклаб қўйилиши мумкин.

 

 

34-модда. Жамиятнинг

фондлари ва соф активлари

 

Жамият уставида назарда тутилган, аммо устав фондининг ўн беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда жамият захира фонди тузилади. Жамиятнинг захира фонди жамиятнинг устав фондида белгиланган миқдорга етгунига қадар ҳар йили соф фойдадан мажбурий ажратмалар ўтказиш орқали ташкил этилади. Ҳар йилги ажратмаларнинг миқдори жамият уставида назарда тутилади, аммо бу миқдор жамият уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойданинг беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Жамиятнинг захира фонди кўрилган зарарни қоплаш, жамият облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва ушбу Қонунга мувофиқ акцияларни сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг талабига биноан акцияларни сотиб олиш учун мўлжалланади.

Захира фондидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

Жамият соф активларининг қиймати бухгалтерия ҳисоб-китоб маълумотлари бўйича белгиланган тартибда баҳоланади.

Агар иккинчи молия йили ва ундан кейинги ҳар бир молия йили тугаганидан кейин жамият акциядорлари тасдиғига тақдим этилган йиллик бухгалтерия балансига ёки аудиторлик текшируви натижаларига кўра жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан оз бўлиб чиқса, жамият ўз устав фондини соф активлари қийматидан ошиб кетмайдиган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши шарт.

Агар иккинчи молия йили ва ундан кейинги ҳар бир молия йили тугаганидан кейин жамият акциядорлари тасдиғига тақдим этилган йиллик бухгалтерия балансига ёки аудиторлик текшируви натижаларига мувофиқ жамият соф активларининг қиймати ушбу Қонуннинг 20-моддасида кўрсатилган устав фондининг энг кам миқдоридан оз бўлиб чиқса, жамият ўзини тугатиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

Жамиятнинг устав фондини камайтириш ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, унинг акциядорлари, кредиторлари, шунингдек давлат томонидан ваколат берилган органлар жамиятни суд тартибида тугатишни талаб қилишга ҳақли.

 

 

IV БЎЛИМ. АКЦИЯЛАР ВА БОШҚА

ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

 

35-модда. Акцияларни тарқатиш (сотиш)

36-модда. Акцияларни жойлаштириш

37-модда. Акцияларнинг жойлаштириш баҳоси

37-1-модда. Акциядорлик жамиятларига ўзгартирилаётган

давлат корхоналари меҳнат жамоалари аъзолари томонидан

акцияларни олиниши

38-модда. Акцияларга айирбошланадиган қимматли

қоғозларнинг жойлаштириш баҳоси

39-модда. Акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган

қимматли қоғозларни

жойлаштиришда акциядорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш

40-модда. Акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган

қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини

амалга ошириш тартиби

41-модда. Жамиятнинг жойлаштирилган акцияларни сотиб олиши

42-модда. Жойлаштирилган акцияларнинг жамият томонидан

сотиб олинишидаги чеклашлар

43-модда. Акцияларни йириклаштириш ва майдалаш

44-модда. Акциядорлар талабига биноан жамиятнинг

акцияларни қайтариб сотиб олиши

45-модда. Акциядорларнинг ўзларига тегишли акцияларни

жамият қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқини

амалга ошириш тартиби

46-модда. Мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш

 

 

36-модда. Акцияларни жойлаштириш

 

Очиқ акциядорлик жамияти акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни очиқ ва ёпиқ обуна воситасида жойлаштиришга ҳақли.

Ёпиқ акциядорлик жамияти очиқ обуна воситасида акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштиришга ёки уларни чекланмаган доирадаги шахсларга сотиб олиш учун бошқача тарзда таклиф этишга ҳақли эмас.

Давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига ўзгартириш жараёнида чиқарилган акциялар янги мулкдорларга белгиланган тартибда реализация қилинадиган пайтга қадар дастлабки жойлаштирилган давлат активлари ҳисобланади.

 

Эмитент томонидан акцияларни жойлаштириш муддати уларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.

Очиқ акциядорлик жамияти томонидан акциялар ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштириш (очиқ ёки ёпиқ обуна) усуллари жамият уставида белгилаб қўйилади, жамият уставида бу хусусда кўрсатмалар бўлмаса, акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади. Жамият уставида ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорида жамият акциялари ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларини жойлаштириш услуби тўғрисида кўрсатма бўлмаса, жойлаштириш фақатгина очиқ обуна воситасида амалга оширилиши мумкин.

Жамиятнинг акциялар ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштириши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларида очиқ акциядорлик жамиятининг акциялар ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни очиқ обуна воситасида жойлаштириши шарт бўлган ҳоллар белгилаб қўйилиши мумкин.

 

 

37-модда. Акцияларнинг

жойлаштириш баҳоси

 

Жамиятнинг акцияларига ҳақ тўлаш бозор қийматида амалга оширилади.

Жамиятни таъсис этиш вақтида унинг акциялари ҳақини тўлаш жамият муассислари томонидан акцияларнинг номинал қиймати бўйича амалга оширилади.

Жамият қуйидаги ҳолларда акцияларни уларнинг бозор қийматидан арзонроқ нархда жойлаштиришга ҳақли:

жамиятнинг қўшимча оддий акциялари оддий акциялар эгалари бўлган акциядорларга жойлаштирилиб, улар оддий акцияларни бозор қийматининг тўқсон фоизидан паст бўлмаган нархда сотиб олишдан иборат ўз имтиёзли ҳуқуқларини рўёбга чиқарган ҳолларда;

қўшимча акциялар воситачи иштирокида жойлаштирилиб, уларнинг баҳоси бозор баҳосидан кўпи билан бундай акцияларни жойлаштириш баҳосига нисбатан фоизларда белгиланган воситачилик ҳақи миқдорида арзон бўлганида.

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилганда акциялар уларнинг номинал қиймати бўйича жойлаштирилади ва бу ҳол эмиссия маълумотномасида қайд қилинади.

 

 

37-1-модда. Акциядорлик жамиятларига

ўзгартирилаётган давлат корхоналари меҳнат

жамоалари аъзолари томонидан акцияларни олиниши

 

Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилганда корхона меҳнат жамоаси аъзолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда акциялар қиймати ҳақини тўлаб устав фондидаги тегишли улушдан акциялар сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

38-модда. Акцияларга айирбошланадиган

қимматли қоғозларнинг жойлаштириш баҳоси

 

Жамият акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни уларнинг бозор қиймати бўйича жойлаштиради, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

одатдаги акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар одатдаги акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларга жойлаштирилганда, агар улар бундай қимматли қоғозларни бозор қийматининг тўқсон фоизидан кам бўлмаган нархларда сотиб олишдан иборат имтиёзли ҳуқуқларини рўёбга чиқарсалар;

акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар воситачи иштирокида жойлаштирилиб, уларнинг баҳоси бозор баҳосидан кўпи билан бундай қимматли қоғозларни жойлаштириш баҳосига нисбатан фоизларда белгиланган воситачилик ҳақи миқдорида арзон бўлиши.

Ушбу модданинг қоидалари муомаладан чиқариш шартлари номинал қийматини тўлашни ёки акцияга айирбошлашни назарда тутувчи облигацияларни жамият томонидан жойлаштиришга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

 

39-модда. Акцияларни ва акцияларга

айирбошланадиган қимматли

қоғозларни жойлаштиришда

акциядорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш

 

Агар жамият акцияларни ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул билан тўланадиган қимматли қоғозларни жойлаштирса, жамият уставида жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгаси бўлмиш акциядорлар бундай қимматли қоғозларни ўзлари эга бўлган овоз берувчи акциялар сонига мутаносиб миқдорда имтиёзли сотиб олишга ҳақли эканлиги назарда тутилиши мумкин.

Акциялар ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар ҳақи пул билан тўланган очиқ обуна воситасида жойлаштирилган тақдирда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисидаги қарор, шунингдек бундай қарорнинг амал қилиш муддати тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгаларининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин. Акцияларни ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилишининг қарорида белгиланган муддат давомида, аммо бундай қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан кўпи билан бир йил давомида амал қилади.

Акцияларни ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхати ушбу қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги жамият акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

 

Ушбу модданинг қоидалари ушбу Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ жамиятнинг овоз бериш ҳуқуқини олган имтиёзли акциялари эгаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

 

40-модда. Акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган

қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб

олиш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби

 

Жамият акцияларни ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул билан тўланадиган қимматли қоғозларни жойлаштира бошлайдиган кундан камида 30 кун олдин жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлмиш акциядорлар ушбу Қонуннинг 39-моддасида назарда тутилган ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари мумкинлиги ҳақида хабардор қилиниши лозим.

Хабарномада акцияларнинг ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларнинг жойлаштирилаётган миқдори, уларни жойлаштириш баҳоси (шу жумладан, агар жамият акциядорлари ўзларининг бундай қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширсалар, уларни жамиятнинг акциядорларига жойлаштириш баҳоси), ҳар бир акциядор сотиб олишга ҳақли бўлган қимматли қоғозларнинг сонини аниқлаш тартиби, акциядорларнинг бундай ҳуқуқи амал қиладиган муддат ва ҳуқуқни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.

Акциядор акцияларни ва овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни сотиб олиши тўғрисида ўзининг исми (номи) ва яшаш манзили (жойлашган манзили), сотиб оладиган қимматли қоғозларнинг сони кўрсатилган ёзма ариза ва ҳақ тўлаганлик тўғрисидаги ҳужжатни жамият номига юбориб, ўзининг имтиёзли ҳуқуқини тўла ёки қисман рўёбга чиқаришга ҳақлидир. Бундай ариза овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қўшимча акциялар ва қимматли қоғозларни жойлаштириш бошланадиган санадан кечи билан бир кун олдин жамият номига юборилиши лозим.

 

41-модда. Жамиятнинг жойлаштирилган

акцияларни сотиб олиши

 

Жамият акциядорлар умумий йиғилишининг, агар жамият уставида назарда тутилган бўлса, жойлаштирилган акцияларнинг умумий сонини камайтириш мақсадида, шунингдек кейинчалик қайта сотиш мақсадида уларнинг бир қисмини сотиб олиш йўли билан жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ўзининг жойлаштирилган акцияларини сотиб олишга ҳақлидир.

Агар муомалада қолган акцияларнинг номинал қиймати устав фондининг ушбу Қонунда назарда тутилган энг кам миқдоридан камайиб кетадиган бўлса, жамият жойлаштирилган акцияларининг умумий сонини камайтириш мақсадида уларнинг бир қисмини сотиб олиш йўли билан устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг умумий сонини камайтириш мақсадида уларни сотиб олиш йўли билан жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисида қабул қилган қарор асосида жамият томонидан сотиб олинган акциялар уларни сотиб олиш вақтида муомаладан чиқарилади.

Акцияларни сотиб олиш тўғрисидаги қарорда сотиб олинадиган акцияларнинг турлари, жамият сотиб оладиган ҳар бир турдаги акциянинг сони, сотиб олиш нархи, акциялар ҳақини тўлаш шакли ва муддати, шунингдек акциялар қанча муддатда сотиб олиниши белгилаб қўйилиши лозим.

Агар жамиятнинг уставида ўзгача тартиб белгиланмаган бўлса, акцияларни сотиб олиш вақтида уларга пул билан ҳақ тўланади. Акцияларни сотиб олиш муддати 30 кундан кам бўлмаслиги керак. Жамият томонидан оддий (одатдаги) акцияларни сотиб олиш нархи бозор баҳосига мувофиқ белгиланади.

Сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган муайян турлардаги акцияларнинг эгаси бўлмиш ҳар бир акциядор кўрсатиб ўтилган акцияларни сотишга ҳақлидир, жамият эса уларни сотиб олиши шарт. Агар жамиятнинг сотиб олиши тўғрисида ариза тушган акцияларнинг умумий сони ушбу моддада белгиланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда жамият сотиб олиши мумкин бўлган акцияларнинг сонидан ортиб кетса, акциядорлардан аризада кўрсатилган талабларга мутаносиб равишда акциялар сотиб олинади.

Акциялар сотиб олинадиган муддат бошланишига кечи билан 30 кун қолганда жамият муайян турдаги акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларни хабардор қилиши шарт. Хабарномада ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатиб ўтилган маълумотлар бўлиши лозим.

Имтиёзли акциялар жамият уставида назарда тутилган нархларда сотиб олинади.

Жамият тасарруфига ўтган акциялар овоз бериш ҳуқуқини бермайди, овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди, улар бўйича дивидендлар ҳисоблаб чиқарилмайди. Бундай акциялар жамият тасарруфига ўтган пайтдан эътиборан бир йилдан кечиктирмай реализация қилиниши керак, акс ҳолда, акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим

Ушбу модданинг тўққизинчи қисмида назарда тутилган муддатларда реализация қилинмаган акциялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.

Жамият томонидан ўз акцияларини олиниши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил равишда ёки қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокичлари орқали амалга оширилади.

Жамият ўзи чиқарган акциялар бўйича уларни қайта сотиб олиш шарти билан битимлар тузишга, шунингдек ўзи чиқарган акцияларни ишончли бошқарувга беришга ҳақли эмас.

 

42-модда. Жойлаштирилган акцияларнинг

жамият томонидан сотиб олинишидаги чеклашлар

 

Жамият:

жамиятнинг бутун устав фонди батамом тўлангунига қадар, агар оддий акцияларни сотиб олиш вақтига келиб жамиятда банкротлик белгилари бўлса ёки бундай белгилар у акцияларни сотиб олганлиги натижасида пайдо бўлса;

агар оддий акцияларни сотиб олиш вақтига келиб жамиятга қарашли соф активларнинг қиймати унинг устав фондидан, захира фондидан ва жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг уставда белгиланган тугатиш қийматининг номинал қийматдан ортиқ қисмидан кам бўлса ёхуд акцияларни сотиб олиш натижасида уларнинг миқдоридан камайиб кетса, оддий акцияларни сотиб олишга ҳақли эмас.

Ушбу Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олиш тўғрисида талаб қўйилган ҳамма акциялар қайтариб сотиб олинмагунича жамият жойлаштирилган акцияларни сотиб олишга ҳақли эмас.

 

 

43-модда. Акцияларни

йириклаштириш ва майдалаш

 

Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамият жойлаштирилган акцияларни йириклаштириш ҳуқуқига эга бўлиб, бунинг натижасида жамиятнинг икки ёки ундан ортиқ акцияси худди шу турдаги битта янги акцияга айирбошланади. Бунда жамият уставига унинг эълон қилинган акцияларининг номинал қиймати ва сонига доир тегишли ўзгартишлар киритилади.

Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамият жойлаштирилган акцияларни майдалаш ҳуқуқига эга бўлиб, бунинг натижасида жамиятнинг бир акцияси худди шу турдаги икки ёки ундан ортиқ акцияга айирбошланади. Бунда жамият уставига жамиятнинг эълон қилинган акциялари номинал қиймати ва сонига доир тегишли ўзгартишлар киритилади.

 

 

44-модда. Акциядорлар талабига биноан

жамиятнинг акцияларни қайтариб сотиб олиши

 

Овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар:

жамият қайта ташкил этилганда ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ушбу Қонуннинг 90-моддаси учинчи қисмига мувофиқ қабул қилинган қарорга биноан йирик битим амалга оширилганда, башарти акциядорлар қайта ташкил этиш ёки кўрсатиб ўтилган битимни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлсалар ёхуд бу масалалар бўйича овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлсалар;

жамият уставига акциядорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганда ёки жамиятнинг устави уларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган тарзда янги таҳрирда тасдиқланганда, башарти акциядорлар тегишли қарорлар қабул қилинишига қарши овоз берган бўлсалар ёки овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлсалар, ўзларига қарашли акцияларнинг ҳаммаси ёки муайян қисми жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлидир.

Ўзларига тегишли акцияларни жамиятнинг қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхати овоз бериш натижасида ушбу Қонунга мувофиқ акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин бўлган масалалар кун тартибига киритилган умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган жамият акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

Жамият акцияларни бозор қиймати бўйича қайтариб сотиб олади, бу қийматни аниқлаш чоғида жамиятнинг акцияларни баҳолашни ва қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабаб бўладиган ҳаракати натижасида унинг қиймати ўзгариши ҳисобга олинмайди.

 

 

45-модда. Акциядорларнинг ўзларига тегишли

акцияларни жамият қайтариб сотиб олишини

талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби

 

Жамият акциядорларни ўзларига тегишли акцияларни жамият қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи борлигидан, қайтариб сотиб олиш баҳоси ва уни амалга ошириш тартибидан хабардор этиши шарт.

Овоз бериш натижасида ушбу Қонунга мувофиқ жамият акцияларни қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин бўлган масалалар киритилган акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларга етказиладиган хабар ушбу модданинг биринчи қисмида айтиб ўтилган маълумотларни ўз ичига олган бўлиши лозим. Акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаган акциядорлардан жамиятнинг акцияларни қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи борлиги ва бундай ҳуқуқни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги ахборот жамият акцияларни қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабабчи бўлган қарор қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан 7 кун ичида уларга юборилади.

Акциядорнинг ўзига тегишли акцияларни қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги ёзма талаби акциядорнинг яшаш манзили (жойлашган манзили) ва у қайтариб сотиб олинишини талаб қилаётган акциялар сонини кўрсатган ҳолда жамиятга юборилади.

Акциядорларнинг ўзларига қарашли акцияларни жамиятнинг қайтариб сотиб олиши тўғрисидаги талаблари акциядорлар умумий йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан 45 кун ичида жамиятга тақдим қилинмоғи лозим.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатиб ўтилган муддат тугаганидан сўнг жамият қайтариб сотиб олиш талабини қўйган акциядорлардан акцияларни 30 кун ичида сотиб олиши шарт.

Жамият акцияларни, ушбу Қонунга мувофиқ, овоз бериш натижасида акциялар жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин бўлган масалаларни кун тартибига киритган ҳолда умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган баҳода сотиб олади. Жамият акцияларни қайтариб сотиб олишга ажратадиган маблағларнинг умумий суммаси акциядорларда ўзларига қарашли акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабабчи бўлган қарор қабул қилинган кундаги жамият соф активлари қийматининг ўн фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас. Қайтариб сотиб олиш талаби қўйилган акцияларнинг умумий сони жамият юқорида белгиланган чеклашларни инобатга олган ҳолда қайтариб сотиб олиши мумкин бўлган акциялар сонидан ошиб кетган тақдирда акциядорлардан акциялар қўйилган талабларга мутаносиб равишда қайтариб сотиб олинади.

Жамият қайта ташкил этилган тақдирда у қайтариб сотиб олган акциялар уларни қайтариб сотиб олиш чоғида муомаладан чиқарилади.

Ушбу Қонуннинг 44-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолларда жамият қайтариб сотиб олган акциялар жамиятнинг тасарруфига тушади. Мазкур акциялар овоз ҳуқуқини бермайди, овозларни санаш чоғида ҳисобга олинмайди, улар бўйича дивидендлар ёзилмайди. Бундай акциялар қайтариб сотиб олинган пайтидан эътиборан узоғи билан бир йил ичида реализация қилиниши лозим, акс ҳолда акциядорларнинг умумий йиғилиши мазкур акцияларни муомаладан чиқариш йўли билан жамиятнинг устав капиталини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

 

 

46-модда. Мол-мулкнинг

бозор қийматини аниқлаш

 

Мол-мулкнинг бозор қиймати, шу жумладан жамиятга қарашли акциялар ёки бошқа қимматли қоғозларнинг қиймати шундай баҳодирки, мол-мулкнинг қиймати тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлган ва уни сотишга мажбур бўлмаган сотувчи уни шу баҳода сотишга рози бўлиши мумкин, мол-мулкнинг қиймати тўғрисида тўлиқ ахборотга эга бўлган ва уни сотиб олишга мажбур бўлмаган олувчи эса уни шу баҳода сотиб олишга рози бўлиши мумкин.

Мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун баҳоловчи ташкилот жалб этилиши мумкин.

Жамият акциядорлардан уларга тегишли акцияларни ушбу Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олган тақдирда мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб этиш шарт бўлади.

Давлатнинг ўзи жамият акцияларининг эгаси бўлган тақдирда, давлат молия органини жалб этиш мажбурийдир.

Қийматини аниқлаш талаб қилинаётган мол-мулк акция ёки бошқа қимматли қоғозлардан иборат бўлиб, уларнинг сотиб олиш нархи ёки талаб нархи ҳамда таклиф нархи матбуотда мунтазам эълон қилиб турилган бўлса, мазкур мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун ана шу сотиб олиш нархи ёки талаб нархи ва таклиф нархи эътиборга олиниши лозим.

 

 

V БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛАР РЕЕСТРИ

ВА АКЦИЯЛАРНИ САҚЛАШ

 

47-модда. Жамият акциядорлари реестри

48-модда. Депо ҳисобварағидан кўчирма

49-модда. Жамият акциядорлари реестрини

шакллантириш шартлари ва тартиби

50-модда. Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш

тартибини бузганлик учун жавобгарлик

51-модда. Қимматли қоғозларнинг номинал сақловчиси

52-модда. Акцияларни сақлаш

 

 

47-модда. Жамият акциядорлари реестри

 

Жамият акциядорлари реестри рўйхатдан ўтказилган акциялар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга тегишли акцияларнинг номи, сони, номинал қиймати ва тури, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборотни юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхатидир.

Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, қимматли қоғозлар эгаларининг депозитарийлардаги депо ҳисобварақлари ҳолатига кўра марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.

Агар жамиятга нисбатан "олтин акция"ни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, жамият акциядорлари реестрига давлат вакили ҳам киритилади.

Акциядорнинг акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиши, дивидендлар олиши ва эмитент томонидан корпоратив ҳаракатлар бажарилганда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларни амалга ошириши жамият акциядорларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган реестри асосида амалга оширилади.

Шакллантирилган ва марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан олинган жамият акциядорлари реестрига ўзгартиришлар киритилишига йўл қўйилмайди.

Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш тартибини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш учун депозитарийлар:

реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларнинг идентификация қилиниши;

реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларнинг ахборот олиш ва уни мазкур шахсларга йўллаш ҳамда реестрни шакллантириш имконини берадиган акцияларга бўлган ҳуқуқлари ҳисобга олинишини;

реестрга ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўладиган ҳужжатларни ва барча фактлар тўғрисидаги ҳамда депозитарийларнинг бундай ўзгартиришларни киритиш борасидаги барча ҳаракатлари ҳақидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида тўпланиши ва сақланишини таъминламоғи лозим.

Жамият акциядорлари реестрида рўйхатдан ўтказилган ҳар бир шахс, унинг номига ёзилган акциялар сони ва турлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда:

марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси жамиятлар акциядорлари реестрлари шакллантирилишини таъминлаши ва шакллантирилган реестрларни сақлаши шарт;

жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан бир ойдан кечиктирмай марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси билан шартнома тузиши шарт.

Акциядор ўз акцияларига бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш бўйича хизмат кўрсатувчи депозитарийни ўзига оид маълумотлардаги ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиши шарт. У ўзига оид маълумотлар ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тақдим этмаган ҳолларда, шунинг оқибатида акциядорга етказилган зарар учун марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва акциядорнинг ўз акцияларига бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш бўйича хизмат кўрсатувчи депозитарий жавобгар бўлмайди.

 

 

48-модда. Депо ҳисобварағидан кўчирма

 

Депо ҳисобварағидан кўчирма акциядорнинг акцияларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган, депозитарий томонидан бериладиган ҳужжатдир.

Акциядорга унинг акцияларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш бўйича хизмат кўрсатувчи депозитарий акция эгасининг ёки унинг қонуний вакилининг талабига биноан икки иш куни ичида депо ҳисобварағидан кўчирма бериши шарт. Қимматли қоғозлар эгаси депо ҳисобварағидан кўчирмага ўзига оид бўлмаган ахборотни, шу жумладан бошқа қимматли қоғозлар эгалари ҳамда уларга тегишли қимматли қоғозларнинг сони тўғрисидаги ахборотни киритишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Депо ҳисобварағидан кўчирма берган шахс унда кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун жавобгардир. Депо ҳисобварағидан кўчирма бериштартиби, кўчирманинг шакли ва мазмунига оид талаблар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгилаб қўйилади.

Давлат вакилига депо ҳисобварағидан кўчирма бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

49-модда. Жамият акциядорлари реестрини

шакллантириш шартлари ва тартиби

 

Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш акциядорлик жамиятининг ёки қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг топшириғи асосида марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади. Реестрнинг қайси санага шакллантирилиши реестрни шакллантириш тўғрисидаги топшириқда кўрсатилади.

Акциядорлик жамияти жамиятнинг акциядорлари реестрини шакллантириш тўғрисидаги топшириқларда имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳақида марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Давлат вакилини жамият акциядорлари реестрига киритиш ҳақидаги ёзув, давлат вакилини тайинлаш тўғрисидаги тегишли қарор илова қилинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси томонидан марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига билдириш асосида амалга оширилади.

Жамият акциядорлари реестрини шакллантиришни рад этишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш рад этилган тақдирда, марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси реестрни шакллантириш рад этилганлиги тўғрисидаги асослантирилган билдиришномани топшириқ келиб тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборади.

Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш рад этилганлиги устидан судга шикоят қилиш мумкин.

 

50-модда. Жамият акциядорлари реестрини

шакллантириш тартибини бузганлик учун жавобгарлик

 

Акциядорлик жамияти, трансфер-агент, марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари жамият акциядорлари реестридаги маълумотларнинг тўлиқлиги ҳамда тўғрилиги учун солидар жавобгар бўлади ва ўзларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан акциядорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

 

51-модда. Қимматли қоғозларнинг

номинал сақловчиси

 

Қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари депозитарийлардир.

 

52-модда. Акцияларни сақлаш

 

Акцияларни сақлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида амалга оширилади.

 

VI БЎЛИМ. ДИВИДЕНДЛАР

 

53-модда. Дивиденд

54-модда. Дивидендларни тўлаш муддатлари

55-модда. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарор

56-модда. Дивидендларни тўлаш тартиби

57-модда. Дивидендлар тўлаш мумкин бўладиган акциялар

58-модда. Тўланмаган ва олинмаган дивидендлар

59-модда. Дивиденд тўламаётган акционерлик жамиятини тугатиш

60-модда. Дивидендлар тўлашдаги чеклашлар

61-модда. Дивидендлар тўланиши ҳақида

акциядорларни хабардор қилиш

62-модда. Дивидендларни солиққа тортиш

 

 

53-модда. Дивиденд

 

Дивиденд фойданинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан, қайта инвестиция амалга оширилганидан сўнг акциядорлик жамияти ихтиёрида қоладиган, акциядорлар ўртасида тақсимланиши керак бўлган қисмидир.

Жамият акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт.

Акциядорлар жамиятининг умумий йиғилиши қарорига биноан дивиденд пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари билан тўланиши мумкин.

Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.

 

 

54-модда. Дивидендларни тўлаш муддатлари

 

Жамият йилнинг ҳар чорагида, ҳар ярим йилда ёки йилига бир марта жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида, агар ушбу Қонун ва жамият уставида ўзгача қоида белгиланмаган бўлса, қарор қабул қилишга (эълон қилишга) ҳақлидир.

 

 

55-модда. Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарор

 

Акцияларнинг ҳар бир тури бўйича дивидендлар (йилнинг ҳар бир чораги, ярим йиллиги, йиллиги бўйича) тўлаш, дивиденднинг миқдори ҳамда уни тўлаш шакли тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси асосида акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендларнинг миқдори жамият кузатув кенгаши тавсия этган миқдордан кўп бўлиши мумкин эмас. Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг муайян турлари бўйича дивидендлар тўламаслик тўғрисида, шунингдек жамият уставида дивиденд миқдори белгилаб қўйилган имтиёзли акциялар бўйича тўлиқ бўлмаган миқдорда дивидендлар тўлаш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли.

Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарорда дивидендлар тўлаш бошланадиган ва тугайдиган саналар кўрсатилган бўлиши лозим.

Йилнинг ҳар бир чораги, ярим йиллиги бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарор (эълон) тегишли давр тугаганидан сўнг икки ой ичида қабул қилиниши мумкин.

Агар дивидендлар тўлаш оқибатида акциядорлик жамиятининг молия-хўжалик аҳволи жиддий тарзда ёмонлашадиган бўлса, дивидендлар тўлаш тақиқланади.

56-модда. Дивидендларни тўлаш тартиби

 

Дивидендлар жамият тасарруфида қоладиган соф фойдадан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Муайян турдаги имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар жамиятнинг бунинг учун махсус мўлжалланган фондлари ҳисобидан тўланиши мумкин.

Дивидендлар тўлаш муддати ва тартиби жамият уставида ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади. Дивидендлар тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан 60 кундан кеч бўлмаслиги лозим.

 

Дивидендлар тўлаш вақтида биринчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича, сўнгра оддий акциялар бўйича дивидендлар тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича қатъий белгиланган дивидендларни тўлаш учун етарли миқдорда фойда мавжуд бўлган тақдирда жамият мазкур акцияларни сақловчиларга дивидендлар тўлашни рад этишга ҳақли эмас. Жамият рад этган тақдирда акциядорлар дивидендлар тўлашни суд орқали талаб қилишлари мумкин. Жамият етарли миқдорда фойдага эга бўлмаса ёки зарар кўриб ишлаган бўлса, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар ана шу мақсад учун ташкил этилган жамият захира фонди ҳисобидан ва ана шу фонд доирасидагина тўланиши мумкин. Эгаси ёки унинг қонуний ҳуқуқий вориси ёхуд меросхўри даъво қилиш учун белгиланган муддатда талаб қилиб олмаган дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига биноан жамият ихтиёрида қолади.

Ўзбекистон Республикасининг норезидент акциядорлари томонидан олинган дивидендларни эркин алмаштириладиган валютага айирбошлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Акциядорлар реестридан олинган, эмитент томонидан тасдиқланган кўчирмалар ҳамда тўланган дивидендлар суммаси ва улар ёзилган сана тўғрисида акциядорлар жамияти бухгалтерияси берган маълумотнома айирбошлаш учун асос бўлади.

 

 

57-модда. Дивидендлар тўлаш

мумкин бўладиган акциялар

 

Дивидендларни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган жамият акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар дивиденд олиш ҳуқуқига эга.

Давлат корхоналарини қайта тузиш натижасида ташкил этилган акциядорлик жамиятларида дивидендлар устав фондининг бошланғич миқдорига мувофиқ тарзда, мавжуд акцияларнинг тўла суммаси бўйича, акцияларнинг давлатга тегишли, ҳақи тўланиши тўғрисидаги қарор қабул қилинаётган пайтда сотилмай қолган қисмини ҳам ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

 

58-модда. Тўланмаган ва

олинмаган дивидендлар

 

Эмитент акциядорларнинг умумий йиғилиши белгилаган муддатларда дивидендларни ўз айби билан тўламаган тақдирда тўланмаган ва тўлиқ олинмаган дивидендлар юзасидан Марказий банк белгилаган такрор молиялаш ставкалари бўйича пеня ёзилади.

Акциядорлик жамияти эълон қилган дивидендларни тўлашни акциядор суд тартибида талаб қилишга ҳақлидир. Рад этилган тақдирда, жамиятга нисбатан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда тўловга қобилиятсизликни бартараф этиш ёки банкрот бўлган деб эълон қилиш тадбири қўлланилади.

 

 

60-модда. Дивидендлар

тўлашдаги чеклашлар

 

Жамият:

жамият устав фондининг ҳаммаси тўлаб бўлингунча;

агар дивидендлар тўланадиган пайтда жамиятда тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) белгилари бўлса ёки дивидендлар тўлаш натижасида жамиятда шундай белгилар пайдо бўлса;

жамият соф активларининг қиймати унинг устав ва захира фондлари суммасидан кам бўлса, акциялар бўйича дивидендлар тўлаш (эълон қилиш) тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

 

 

61-модда. Дивидендлар тўланиши

ҳақида акциядорларни хабардор қилиш

 

Жамият дивидендлар миқдорини улардан ундириладиган солиқларни инобатга олмаган ҳолда эълон қилади. Очиқ акциядорлик жамияти тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Агар мижознинг топшириғига биноан акциялар қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси томонидан бошқарилаётган бўлса, акцияларни сақловчига дивидендлар қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ҳақини чегириб ташлаган ҳолда тўланади, бу ҳақ мижоз билан тузилган шартномада белгилаб қўйилади.

 

62-модда. Дивидендларни солиққа тортиш

 

Дивидендлар қонун ҳужжатларига мувофиқ солиққа тортилади.

Давлат қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида дивидендлардан солиқ олишда вақтинчалик имтиёзлар белгилаши мумкин.

 

 

VII БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ

БОШҚАРУВЧИ ОРГАНЛАР

 

63-модда. Акциядорлик жамиятини бошқариш

64-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилиши

65-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатлари

66-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарори

67-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг сиртдан овоз беришни

ўтказиш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинадиган қарори

68-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи

69-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишини

ўтказиш тўғрисидаги ахборот

70-модда. Жамият акциядорлари умумий йиғилишининг

кун тартибига таклифлар киритиш

71-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишини

ўтказишга тайёргарлик кўриш

72-модда. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши

73-модда. Саноқ комиссияси

74-модда. Акциядорларнинг ва давлат вакилининг

умумий йиғилишда иштирок этиш тартиби

75-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг кворуми

76-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш

77-модда. Овоз бериш бюллетени

78-модда. Овоз бериш бюллетенлари ёрдамида

овоз берилганида овозларни санаб чиқиш

79-модда. Овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённома

80-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси

81-модда. Жамиятнинг кузатув кенгаши

82-модда. Жамият кузатув кенгашининг ваколатлари

83-модда. Жамият кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, тайинлаш

84-модда. Жамият кузатув кенгашининг раиси

85-модда. Жамият кузатув кенгашининг мажлиси

86-модда. Жамиятнинг ижроия органи

87-модда. Жамиятнинг коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция)

88-модда. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг, яккабошчилик

асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи

(бошқарув, дирекция) аъзоларининг, бошқарувчи ташкилот

ёки бошқарувчининг жавобгарлиги

 

 

63-модда. Акциядорлик

жамиятини бошқариш

 

Акциядорлик жамиятини акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи бошқаради.

 

 

64-модда. Акциядорларнинг

умумий йиғилиши

 

Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятни бошқаришнинг олий органидир.

Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишини) ўтказиши шарт.

Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилиши жамият уставида белгиланган муддатларда, аммо молия йили тугаганидан кейин кўпи билан олти ой ичида ўтказилади. Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишида жамиятнинг кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясини (тафтишчисини) сайлаш тўғрисидаги, яккабошчилик асосидаги ижроия органи билан, коллегиал ижроия органининг аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш (шартномани қайта тузиш ёки уни тугатиш (бекор қилиш) мумкинлиги тўғрисидаги, аудиторлик текшируви ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш тўғрисидаги масалалар, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматига тўланадиган ҳақ миқдори чегарасини белгилаш масалалари ҳал этилади, шунингдек ушбу Қонун 65-моддасининг биринчи қисми ўн учинчи хатбошисига мувофиқ жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлар қараб чиқилади.

Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилиш ҳисобланади.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана ва уни ўтказиш тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материаллар (ахборотлар) рўйхатини жамиятнинг кузатув кенгаши белгилайди.

 

 

65-модда. Акциядорлар умумий

йиғилишининг ваколатлари

 

Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига қуйидагилар киради:

жамият уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;

жамиятни қайта ташкил этиш;

жамиятни тугатиш, тугатувчини тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;

жамият кузатув кенгашининг миқдор таркибини белгилаш, унинг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш;

эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;

жамиятнинг устав фондини кўпайтириш;

жамиятнинг устав фондини камайтириш;

ўз акцияларини қайтариб сотиб олиш;

агар жамият уставига кўра жамият ижроия органини тузиш (сайлаш, тайинлаш, ёллаш ва ҳоказо), унинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилмаган бўлса, ана шу масалаларни ҳал қилиш;

жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини (тафтишчини) сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш;

аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисида, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматига тўланадиган ҳақ миқдори чегарасини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

жамиятнинг йиллик бизнес-режасини, йиллик ҳисоботларини, бухгалтерия балансларини, фойда ва зарарлари ҳисобварағини тасдиқлаш, унинг фойда ва зарарларини тақсимлаш;

жамият кузатув кенгашининг ўз ваколатига кирадиган масалаларга доир, шу жумладан, жамиятни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишига доир ҳисоботларини эшитиш;

акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни сотиб олишда акциядорнинг имтиёзли ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисида ушбу Қонуннинг 39-моддасида назарда тутилган қарорни қабул қилиш;

умумий йиғилиш регламентини тасдиқлаш;

акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;

ушбу Қонуннинг 93-моддасида назарда тутилган ҳолларда битимлар тузиш;

ушбу Қонуннинг 90-моддасида назарда тутилган ҳолларда жамиятнинг мол-мулк сотиб олиши ва мол-мулкни бегоналаштириши билан боғлиқ йирик битимларни тузиш; ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамият ижроия органига берилиши мумкин эмас.

Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киритилган масалалар жамиятнинг кузатув кенгаши ҳал этиши учун берилиши мумкин эмас, қуйидагилар бундан мустасно:

ушбу Қонуннинг 16 ва 21-моддаларига мувофиқ жамият уставига унинг устав фондини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

ушбу Қонуннинг 86-моддаси ўн биринчи қисмига мувофиқ жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи билан, коллегиал ижроия органининг аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартномани муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) тўғрисидаги масалани ҳал этиш;

ушбу Қонуннинг 82-моддаси биринчи қисми ўн биринчи хатбошисига мувофиқ йиллик бизнес-режани тасдиқлаш.

 

66-модда. Акциядорлар умумий

йиғилишининг қарори

 

Акциядорлар умумий йиғилишида овозга қўйилган масалалар бўйича:

жамиятнинг оддий (одатдаги) акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар;

ушбу Қонунда ва жамият уставида назарда тутилган ҳолларда жамият имтиёзли акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар овоз бериш ҳуқуқига эгадир.

Акция эгаси бўлмиш акциядорга овозга қўйилган масалани ҳал этишда овоз бериш ҳуқуқини берадиган оддий (одатдаги) акция ёки имтиёзли акция жамиятнинг овоз берувчи акциясидир. Агар овоз берувчи акциялар миқдорини аниқлаш чоғида имтиёзли акция унинг эгасига биттадан ортиқ овоз берса, бундай имтиёзли акция бўйича ҳар бир овоз алоҳида овоз берувчи акция сифатида ҳисобга олинади.

Овозга қўйилган масала бўйича акциядорлар умумий йиғилишининг қарори, агар ушбу Қонунда ёки жамият уставида қарор қабул қилиш учун акциядорлар овозининг кўпроқ миқдори белгилаб қўйилмаган бўлса, йиғилишда иштирок этаётган жамият овоз берувчи акциялари эгаси бўлмиш акциядорларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ушбу Қонун 21-моддасининг иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор, агар мазкур қарорни қабул қилиш ваколати жамият кузатув кенгашига берилмаган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган, жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлган акциядорларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Акциядорларнинг умумий йиғилишида овозга қўйилган, ҳал қилиш чоғида жамият оддий ва имтиёзли акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар овоз ҳуқуқига эга бўладиган масала юзасидан овозларни санаб чиқиш, агар ушбу Қонунда ёки жамият уставида ўзга қоида белгиланмаган бўлса, овоз берувчи акцияларнинг барчаси бўйича биргаликда амалга оширилади.

Ушбу Қонуннинг 65-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор, агар жамият уставида бошқа қоида белгиланмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилиши томонидан фақат кузатув кенгашининг таклифига биноан қабул қилинади.

Ушбу Қонуннинг 65-моддаси биринчи қисми иккинчи-тўртинчи, олтинчи ва ўн саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Акциядорлар умумий йиғилишини олиб бориш тартиби бўйича акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилиш тартиби жамият уставида ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланган жамиятнинг ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилишга, шунингдек кун тартибига ўзгартиришлар киритишга ҳақли эмас.

Акциядорлар умумий йиғилишида қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари ушбу Қонунда ва жамият уставида назарда тутилган тартиб ҳамда муддатларда акциядорлар эътиборига етказилади, бироқ бу муддат ана шу қарорлар қабул қилинган санадан эътиборан 45 кундан ошмаслиги керак.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан давлат вакили иштирокисиз қабул қилинган қарорлар, шунингдек вето қўйилган қарорлар ижро этилмайди.

 

Агар акциядор узрли сабабларга кўра акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этмаган ёки бундай қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлса, у акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилишга ҳақлидир.

 

 

67-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг

сиртдан овоз беришни ўтказиш йўли билан

(сўров йўли билан) қабул қилинадиган қарори

 

Ёпиқ акциядорлик жамияти акциядорлари умумий йиғилишининг қарори йиғилишни ўтказмаган ҳолда жамият уставида белгиланган тартибда сиртдан овоз беришни ўтказиш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиниши мумкин.

Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилган масалалар бўйича сиртдан овоз беришни ўтказиш йўли билан (сўров йўли билан) қарор қабул қилиниши мумкин эмас.

Акциядорлар умумий йиғилишининг сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинган қарори, агар овоз беришда жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида етмиш беш фоизига эгалик қилувчи акциядорлар қатнашган бўлса, ҳақиқий ҳисобланади.

Сиртдан овоз бериш ушбу Қонун 77-моддасининг талабларига жавоб берадиган овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Акциядорларга овоз бериш учун бюллетенлар бериш санаси жамият бюллетенларни қабул қилишни тўхтатадиган кундан камида 30 кун олдин белгиланиши керак.

Давлат вакили акциядорлар умумий йиғилишининг сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинган қарорига вето қўйишга ҳақли.

 

68-модда. Акциядорларнинг умумий

йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи

 

Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган расмий эълон қилинган санадан 3 календарь кун олдин шакллантирилган жамият акциядорлари реестрида қайд этилган акциядорлар эга бўлади.

Акциядорнинг талабига биноан жамият акциядорга акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган жамият акциядорлари реестрига киритилганлиги тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.

Жамият акциядорларининг шакллантирилган реестрига ўзгартиришлар мазкур реестр тузилган санада унга киритилмай қолган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ёки реестрни тузишда йўл қўйилган хатолар тузатилган тақдирдагина қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда киритилиши мумкин.

 

69-модда. Акциядорларнинг умумий

йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги ахборот

 

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларга ва давлат вакилига хабар бериш тегишли ахборотни матбуотда эълон қилиш ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши расмий эълон қилинган санадан 30 календарь кун олдин шакллантирилган жамият акциядорлари реестри асосида уларга билдиришнома юбориш орқали амалга оширилади.

Акциядорлик жамияти акциядорга ва давлат вакилига билдиришномани мустақил равишда ёхуд жамият ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ўртасида тегишли хизматлар кўрсатилиши учун тузиладиган шартномага мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси орқали юборишга ҳақли.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисида акциядорларга ва давлат вакилига хабар қилиш муддати жамият уставида белгилаб қўйилади. Очиқ акциядорлик жамияти акциядорларига ва давлат вакилига акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги билдиришнома йиғилиш ўтказиладиган санадан камида 10 календарь кун олдин юборилиши керак.

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

жамиятнинг номи ва жойлашган ери (почта манзили);

умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

жамият акциядорлари реестри тузиладиган сана;

умумий йиғилишнинг кун тартибига киритилган масалалар;

умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни ва давлат вакилини таништириш тартиби.

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборотга (материалларга) жамиятнинг йиллик ҳисоботи, жамиятнинг йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари юзасидан жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, жамият кузатув кенгашининг яккабошчилик асосидаги ижроия органи билан, коллегиал ижроия органининг аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, шартномани қайта тузиш ёки уни бекор қилиш мумкинлиги тўғрисида хулосаси, жамият кузатув кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзолигига (тафтишчилигига) номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, жамият уставига киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳаси ёхуд жамиятнинг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси киради.

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши мажбурий бўлган қўшимча ахборот (материаллар) рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгилаб қўйилиши мумкин

 

70-модда. Жамият акциядорлари

умумий йиғилишининг кун

тартибига таклифлар киритиш

 

Жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эга бўлган жамият акциядорлари (акциядори) жамиятнинг молия йили тугаганидан кейин узоғи билан 30 кун ичида, башарти жамият уставида бундан кечроқ муддат белгиланмаган бўлса, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига масалалар киритишга ҳамда жамият кузатув кенгаши ва жамият тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) бу органнинг миқдор таркибидан ошмайдиган тарзда номзодлар кўрсатишга ҳақли.

Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига масала уни қўйиш сабабларини, масалани таклиф этаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) номини, унга тегишли акцияларнинг сони ва турини кўрсатган ҳолда ёзма равишда киритилади.

Жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) номзодлар кўрсатиш, шу жумладан ўзининг номзодини кўрсатиш тўғрисида таклиф киритилганда номзоднинг исми, башарти номзод жамият акциядори бўлса, унга тегишли акцияларнинг сони ва тури, шунингдек номзодни кўрсатган акциядорларнинг исми, уларга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилади.

Жамият кузатув кенгаши тушган таклифларни кўриб чиқиши ҳамда ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддат тугаганидан сўнг узоғи билан 15 кун ичида уларни акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритиш тўғрисида ёки мазкур кун тартибига киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Акциядор (акциядорлар) киритган масала акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига, шунингдек кўрсатилган номзодлар жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) сайлов юзасидан овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритилиши шарт, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

акциядор (акциядорлар) ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатга риоя этмаган бўлса;

акциядор (акциядорлар) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган миқдордаги жамият овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмаса;

ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса;

таклифлар ушбу Қонуннинг ёки бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлмаса.

Жамият кузатув кенгашининг масалани акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига ёки номзодни жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) сайлов юзасидан овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритишни рад этиш тўғрисидаги далил-исботли қарори ана шу масалани киритган ёки таклиф тақдим этган акциядорга (акциядорларга) қарор қабул қилинган кундан эътиборан узоғи билан уч кун ичида юборилади.

Жамият кузатув кенгашининг масалани акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига ёки номзодни жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) сайлов юзасидан овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

 

71-модда. Акциядорларнинг умумий

йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш

 

Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда жамият кузатув кенгаши, ушбу Қонун 72-моддасининг ўн иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда эса умумий йиғилишни чақирувчи шахслар қуйидагиларни белгилайди:

умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жойни;

умумий йиғилишнинг кун тартибини;

умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун жамият акциядорлари реестри тузиладиган санани;

умумий йиғилишни ўтказиш учун жамият акциядорлари реестри тузиладиган санани;

умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга ва давлат вакилига хабар қилиш тартибини;

умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этиладиган ахборот (материаллар) рўйхатини;

овоз бериш бюллетенининг шакли ва матнини.

Аниқ масала қўйилишини акс эттирмайдиган таърифларнинг (шу жумладан, "турли масалалар", "бошқа масалалар", "ўзга масалалар" ва ҳоказоларнинг) акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилишига йўл қўйилмайди.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 30 кундан кам ва 45 кундан кўп белгиланиши мумкин эмас.

72-модда. Акциядорларнинг навбатдан

ташқари умумий йиғилиши

 

Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамият кузатув кенгашининг қарори билан унинг ўз ташаббусига биноан, жамият тафтиш комиссияси талабига кўра, шунингдек талаб тақдим этилган санада жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талаби билан ўтказилади.

Жамият тафтиш комиссиясининг ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни жамият кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш ҳақидаги талаб тақдим этилган пайтдан эътиборан узоғи билан 45 кун ичида амалга оширади.

Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабда йиғилиш кун тартибига киритилиши керак бўлган масалалар уларни киритиш сабабини кўрсатган ҳолда таърифлаб берилмоғи лозим.

Жамият кузатув кенгаши жамият тафтиш комиссиясининг ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан чақириладиган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибидаги масалаларнинг таърифига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.

Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш талаби акциядордан (акциядорлардан) чиққан тақдирда бу талабда умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) исми (номи), унга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилган бўлиши лозим.

Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш талабномаси акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.

Жамият тафтиш комиссияси ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар) навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш тўғрисида талабнома тақдим этган санадан бошлаб 10 кун ичида жамият кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида ёки йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши лозим

Жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг) ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин, башарти: акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилаётган акциядор (акциядорлар) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган миқдордаги жамият овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмаса;

жамият акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалалардан биронтаси ҳам унинг ваколатларига кирмаса;

кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масала ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлмаса.

Жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарори ёки бундай йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақидаги далил-исботли қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан узоғи билан уч кун ичида йиғилиш чақиришни талаб қилган шахсларга юборилади.

Жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Жамият кузатув кенгаши ушбу Қонунда белгиланган муддат ичида акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилмаган бўлса ёки уни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган бўлса, акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни чақиришни талаб қилган шахслар томонидан чақирилиши мумкин.

Бундай ҳолларда акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ харажатлар акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

 

 

73-модда. Саноқ комиссияси

 

Овозларни санаб чиқиш, акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиши учун акциядорларни рўйхатга олиш, шунингдек овоз бериш бюллетенларини тарқатиш учун жамият кузатув кенгаши томонидан саноқ комиссияси тузилиб, унинг аъзолари сони ва шахсий таркиби акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади. Саноқ комиссияси таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак. Саноқ комиссияси таркибига жамият кузатув кенгашининг аъзолари, тафтиш комиссиясининг аъзолари, коллегиал ижроия органи аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи, шу билан бирга ана шу лавозимларга номзоди кўрсатилган шахслар киритилиши мумкин эмас.

 

Саноқ комиссияси акциядорлар умумий йиғилишида кворум бор ёки йўқлигини аниқлайди, акциядорлар (уларнинг вакиллари) умумий йиғилишда овоз бериш ҳуқуқларини рўёбга чиқариши муносабати билан юзага келадиган масалалар хусусида тушунтиришлар беради, овозга қўйиладиган масалалар бўйича овоз бериш тартибини тушунтиради, овоз беришнинг белгиланган тартиби ва акциядорларнинг овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқларини таъминлайди, овозларни санаб чиқади ва овоз бериш якунини чиқаради, овоз бериш якунлари тўғрисида баённома тузади, овоз бериш бюллетенларини архивга топширади.

 

 

74-модда. Акциядорларнинг ва давлат вакилининг

умумий йиғилишда иштирок этиш тартиби

 

Акциядорларнинг умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқи шахсан акциядор томонидан ёки унинг вакили орқали амалга оширилади. Давлат вакилининг акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи унинг шахсан ўзи томонидан амалга оширилади.

Акциядор акциядорларнинг умумий йиғилишидаги ўз вакилини исталган вақтда алмаштиришга ёки йиғилишда шахсан ўзи иштирок этишга ҳақлидир.

Акциядорнинг вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ёзма ишончнома асосида иш кўради. Овоз беришга доир ишончномада ваколат берган ва вакил қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар (исми ёки номи, турар жойи ёки жойлашган манзили, паспорт маълумотлари) акс эттирилган бўлиши лозим. Жисмоний шахс номидан берилган овоз беришга доир ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Юридик шахс номидан бериладиган овоз беришга доир ишончнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

 

Агар жамият акцияси бир неча шахсларнинг умумий улушли мулки бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ваколати уларнинг хоҳишига кўра умумий улушли мулк қатнашчиларидан бири ёки уларнинг умумий вакили томонидан амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган ҳар бир шахснинг ваколатлари тегишли тарзда расмийлаштирилиши керак.

 

 

75-модда. Акциядорлар умумий

йиғилишининг кворуми

 

Агар акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этувчиларни рўйхатга олиш тамом бўлган пайтга келиб, жамиятнинг тарқатилган ва жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами олтмиш фоизидан кўпига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатли (кворум тўплаган) ҳисобланади.

Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш учун кворум бўлмаса, акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибига ўзгартишлар киритишга йўл қўйилмайди.

Ўтказилмай қолган йиғилиш ўрнига акциядорларнинг янги чақирилган умумий йиғилишида иштирок этувчиларни рўйхатга олиш тугаган пайтга келиб, жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами олтмиш фоиздан кам бўлмаган овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатга олинган бўлса, бу умумий йиғилиш ваколатли ҳисобланади.

Акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида хабар қилиш ушбу Қонуннинг 69-моддасида назарда тутилган тарзда йиғилиш ўтказиладиган санага камида 10 кун қолганида амалга оширилади.

Кворум бўлмаганлиги сабабли акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси 20 кундан кам муддатга кўчирилган тақдирда, умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар ўтказилмай қолган умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг реестрига мувофиқ аниқланади.

 

76-модда. Акциядорларнинг

умумий йиғилишида овоз бериш

 

Акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш "жамиятнинг овоз берувчи битта акцияси-битта овоз" қоидасига мувофиқ ўтказилади, жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш бўйича кумулятив овоз беришни ўтказиш ҳоллари ва ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар бундан мустасно.

 

 

77-модда. Овоз бериш бюллетени

 

Акциядорларнинг умумий йиғилишида кун тартиби масалалари бўйича овоз бериш овоз бериш бюллетенлари орқали амалга оширилади.

Овоз бериш бюллетенларининг шакли ва матни жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Овоз бериш бюллетени умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган акциядорга (унинг вакилига) берилади.

Овоз бериш бюллетенида: жамиятнинг тўлиқ фирма номи, акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва вақти, овоз беришга қўйилган ҳар бир масаланинг таърифи ва уни қараб чиқиш навбати, овоз беришга қўйилган ҳар бир масала бўйича "ёқлайман", "қаршиман" ёки "бетарафман" деган мазмундаги сўзлар билан ифодаланган овоз бериш вариантлари, овоз бериш бюллетени акциядор томонидан имзоланиши лозимлиги тўғрисидаги кўрсатма акс эттирилган бўлиши лозим.

Жамиятнинг кузатув кенгаши ёки тафтиш комиссияси аъзосини (тафтишчисини) сайлаш тўғрисидаги масала юзасидан овоз бериш ўтказилган тақдирда, овоз бериш бюллетенида номзод тўғрисидаги маълумот акс эттирилган бўлиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилиши лозим.

 

78-модда. Овоз бериш бюллетенлари ёрдамида

овоз берилганида овозларни санаб чиқиш

 

Овоз бериш бюллетенлари ёрдамида овоз берилганида овоз берувчи қайси масала бўйича эҳтимол тутилган овоз бериш вариантларидан фақат биттасини қолдирган бўлса, ўша масала бўйича берилган овозлар ҳисобга олинади. Юқоридаги талабни бузган ҳолда тўлдирилган овоз бериш бюллетенлари ҳақиқий эмас деб топилади ва улардаги масалалар бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Агар овоз бериш бюллетенида овозга қўйилган бир неча масала акс эттирилган бўлса, бир ёки бир неча масалага нисбатан юқорида кўрсатилган талабга риоя этилмаганлиги бюллетеннинг умуман ҳақиқий эмас деб ҳисобланишига сабаб бўлмайди.

 

 

79-модда. Овоз бериш якунлари

тўғрисидаги баённома

 

Саноқ комиссияси овоз бериш якунлари бўйича баённома тузади. Баённома саноқ комиссиясининг аъзолари ёки комиссия вазифасини бажарувчи шахс томонидан имзоланади.

Овоз бериш якунлари тўғрисида баённома тузилганидан ва акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси имзоланганидан кейин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан сўрғичланади ва сақлаб қўйиш учун жамиятнинг архивига топширилади.

Овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённома акциядорлар умумий йиғилиши баённомасига қўшиб қўйилиши лозим.

Овоз бериш якунлари акциядорларнинг овоз бериш ўтказилган умумий йиғилишида ўқиб эшиттирилади ёки акциядорлар умумий йиғилиши ёпилганидан кейин овоз бериш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиш ёки акциядорларга юбориш орқали акциядорларнинг эътиборига етказилади.

 

 

80-модда. Акциядорлар умумий

йиғилишининг баённомаси

 

Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси акциядорлар умумий йиғилиши ёпилганидан кейин кечи билан 15 кун ичида икки нусхада тузилади. Ҳар иккала нусха ҳам умумий йиғилишда раислик қилувчи ва умумий йиғилиш котиби томонидан имзоланади.

Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасида:

акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилган жой ва вақт;

жамиятнинг овоз берувчи акцияларига эга бўлган акциядорлар овозларининг умумий сони;

йиғилишда иштирок этган акциядорлар эга бўлган овозлар сони;

йиғилишнинг раиси (раёсати) ва котиби, йиғилишнинг кун тартиби кўрсатилади.

Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасида нутқларнинг асосий мазмуни, овозга қўйилган масалалар ҳамда улар юзасидан ўтказилган овоз бериш натижалари, йиғилиш қабул қилган қарорлар акс эттирилиши лозим.

 

 

81-модда. Жамиятнинг кузатув кенгаши

 

Жамиятнинг кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, ушбу Қонун билан акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киритилган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.

Овоз берувчи акцияларнинг эгаси бўлган акциядорлар сони ўттиз кишидан кам бўлган жамиятда кузатув кенгаши вазифаси жамият устави билан акциядорларнинг умумий йиғилиши зиммасига юкланиши мумкин. Бундай ҳолларда акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш масаласини ҳал этишга ваколати бўлган муайян шахс ёки жамият органи жамият уставида ўз аксини топиши керак.

Акциядорлар умумий йиғилиши қарорига биноан жамият кузатув кенгаши аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган даврда бадал тўланиши ва (ёки) кузатув кенгашининг аъзоси вазифасини бажариш билан боғлиқ харажатлари қопланиши мумкин. Бундай бадал ва тўловларнинг миқдори акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан белгилаб қўйилади.

 

 

82-модда. Жамият кузатув

кенгашининг ваколатлари

 

Жамият кузатув кенгашининг ваколатларига қуйидагилар киради:

жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

жамият акциядорларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, ушбу Қонун 72-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш;

акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санани белгилаш;

акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш учун жамият акциядорлари реестрини шакллантириш санасини белгилаш;

ушбу Қонун 65-моддаси биринчи қисмининг иккинчи, ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган масалаларни ҳал этишни акциядорларнинг умумий йиғилишига киритиш;

акцияларнинг номинал қийматини кўпайтириш орқали ёки эълон қилинган акцияларнинг сони ва турлари доирасида жамият томонидан қўшимча акцияларни жойлаштириш орқали жамият устав фондини кўпайтириш, агар жамият уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан кузатув кенгашига шундай ҳуқуқ берилган бўлса;

эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, агар жамият уставида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса;

мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда жамият томонидан жойлаштирилган акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, агар жамият уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан кузатув кенгашига шундай ҳуқуқ берилган бўлса;

агар жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш жамият уставида кузатув кенгашининг ваколати доирасига киритилган бўлса ёки бу масалани ҳал этиш акциядорларнинг умумий йиғилишида кузатув кенгашига топширилган бўлса, бундай бизнес-режани тасдиқлаш;

корпоратив маслаҳатчини тайинлаш, агар жамият уставида бундай лавозимни жорий этиш назарда тутилган бўлса;

агар жамиятнинг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш жамият уставида кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилмаган бўлса ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан кузатув кенгашига топширилмаган бўлса, жамиятнинг йиллик бизнес-режасини маъқуллаш. Бунда жамиятнинг келгуси йилга мўлжалланган бизнес-режаси кузатув кенгаши мажлисида жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай маъқулланиши лозим;

ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;

 

жамиятнинг ижроия органи фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатдан эркин фойдаланиш ва ижроия органидан кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун уларни олиш. Олинган ҳужжатлардан кузатув кенгаши ва унинг аъзолари фақат хизмат мақсадларида фойдаланишлари мумкин;

агар жамият уставида кузатув кенгашининг ваколати доирасига киритилган бўлса, ижроия органига тўланадиган ҳақ ва компенсациялар миқдорини белгилаш;

жамият тафтиш комиссияси аъзоларига (тафтишчисига) тўланадиган ҳақ ва компенсация миқдори юзасидан ҳамда аудиторлик ташкилотининг хизматларига тўланадиган ҳақ миқдори чегарасини белгилашга доир тавсиялар бериш;

акциялар бўйича дивидендлар миқдори ва уларни тўлаш тартиби юзасидан тавсиялар бериш;

жамиятнинг захира ва бошқа фондларидан фойдаланиш;

жамиятнинг бошқарув органлари фаолият тартибини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлаш;

жамиятнинг ваколатхоналарини очиш ҳамда филиалларини ташкил этиш;

жамиятнинг шўъба ва тобе корхоналарини ташкил этиш;

ушбу Қонуннинг VIII бўлимида назарда тутилган ҳолларда мол-мулкни олиш ва мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ йирик битимлар тузиш;

агар битимлар тузишдан манфаатдорлик бўладиган бўлса, ушбу Қонуннинг IX бўлимида назарда тутилган ҳолларда битимлар тузиш;

акциядорлик жамиятининг бошқа хўжалик жамиятларидаги иштироки билан боғлиқ битимлар тузиш;

ушбу Қонун ва жамият уставига мувофиқ кузатув кенгаши ваколатларига киритилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этиш.

Жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамият ижроия органига ўтказилиши мумкин эмас.

83-модда. Жамият кузатув кенгаши

аъзоларини сайлаш, тайинлаш

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари ушбу Қонун ва жамият уставида назарда тутилган тартибда акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланадилар.

Жамият кузатув кенгаши таркибига сайланган шахсларнинг қайта сайланишлари чекланмайди.

Жамият коллегиал ва яккабошчилик асосидаги ижроия органининг аъзолари кузатув кенгашига сайланишлари, тайинланишлари мумкин эмас.

Муайян жамиятда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар мазкур жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари бўлиши мумкин эмас.

 

Жамият кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар жамият устави билан ёки акциядорлар умумий йиғилиши тасдиқлаган қарор билан белгилаб қўйилиши мумкин.

Жамият кузатув кенгашининг миқдор таркиби устав ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгилаб қўйилади.

Оддий (одатдаги) ёки бошқа овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлари сони беш юздан ортиқ бўлган очиқ акциядорлик жамияти учун кузатув кенгашининг миқдор таркиби етти аъзодан кам бўлиши, оддий (одатдаги) ёки бошқа овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлари сони бир мингдан ортиқ бўлган жамият учун эса тўққиз аъзодан кам бўлиши мумкин эмас.

Акциядор ўзига тегишли акциялар бўйича овозларни жамият кузатув кенгашининг битта номзодига тўлиқ беришга ёки бир нечта номзод ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.

Энг кўп овоз тўплаган номзодлар кузатув кенгаши таркибига сайланган деб ҳисобланади.

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади.

Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки уларни икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.

 

Давлат вакили лавозимига кўра жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлиб, акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан сайланмайди (қайта сайланмайди).

84-модда. Жамият кузатув

кенгашининг раиси

 

Жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаши аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан кузатув кенгаши аъзолари умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан сайланади.

Жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгаши ўз раисини кузатув кенгаши жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир.

Жамият кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисда баённома юритилишини ташкил этади, жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилишида раислик қилади.

Жамият кузатув кенгашининг раиси йўқлигида унинг вазифасини кузатув кенгаши аъзоларидан бири бажариб туради.

 

 

85-модда. Жамият кузатув

кенгашининг мажлиси

 

Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббуси билан, кузатув кенгашининг аъзоси, тафтиш комиссиясининг, жамият ижроия органининг, шунингдек жамият уставида белгилаб қўйилган бошқа шахсларнинг талабига биноан чақирилади. Жамият кузатув кенгашининг мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби уставда белгилаб қўйилади.

Кузатув кенгаши мажлисини ўтказиш учун кворум жамият уставида белгилаб қўйилади, бироқ у кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак. Кузатув кенгаши аъзоларининг сони уставда назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлиб қолса, жамият кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг фавқулодда (навбатдан ташқари) умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг ана шундай фавқулодда (навбатдан ташқари) умумий йиғилишини чақириш тўғрисидагина қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Жамият кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар, агар кузатув кенгаши мажлисини чақириш ва ўтказиш тартибини белгилаб берувчи ушбу Қонунда, жамият уставида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамият кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

Ушбу Қонун 21-моддасининг иккинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор жамият кузатув кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинади.

Жамият кузатув кенгаши томонидан давлат вакили иштирокисиз қабул қилинган қарорлар, шунингдек вето қўйилган қарорлар ижро этилмайди.

 

Жамият кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.

Жамият уставида кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлинган ҳолларда кузатув кенгашининг қарорини қабул қилишда жамият кузатув кенгаши раисининг ҳал қилувчи овоз ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин.

Жамият кузатув кенгашининг мажлисида баённома юритилади. Кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлис ўтказилганидан сўнг 10 кундан кечиктирмай тузилади. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

мажлис ўтказилган жой ва вақт;

мажлисда ҳозир бўлган шахслар;

мажлиснинг кун тартиби;

овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;

қабул қилинган қарорлар.

Жамият кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган жамият кузатув кенгаши аъзолари томонидан имзоланади, улар мажлиснинг баённомаси тўғрилиги учун жавобгардир.

86-модда. Жамиятнинг ижроия органи

 

Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ёки коллегиал ижроия орган (бошқарув, дирекция) томонидан амалга оширилиши мумкин.

Бир пайтнинг ўзида ҳам яккабошчилик асосидаги, ҳам коллегиал ижроия органлари бўлиши назарда тутилган жамият уставида улардан ҳар бирининг ваколатлари белгилаб қўйилиши керак. Бундай ҳолларда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) вазифасини бажарувчи шахс коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) раиси вазифасини ҳам амалга оширади.

Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан жамият ижроия органининг ваколатлари шартнома бўйича тижорат ташкилотига (бошқарувчи ташкилотга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга (бошқарувчига) берилиши мумкин. Тузиладиган шартноманинг шартлари, башарти уставда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тайинланадиган ижроия органи таркибига кирган шахснинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, жамият кузатув кенгаши қарори билан белгиланган шахс унинг вазифаларини жамият акциядорларининг навбатдаги умумий йиғилишигача бўлган даврда вақтинча бажариб туришига йўл қўйилади.

Жамият ижроия органининг ваколатларига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига ёки кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.

Жамият ижроия органи акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) жамият номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифода этади, жамият номидан битимлар тузади, штатларни тасдиқлайди, жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.

Жамият ижроия органларини ташкил этиш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, агар жамият уставида ушбу масалаларни ҳал этиш жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан амалга оширилади. Жамият уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг ёхуд жамият кузатув кенгашининг қарорига биноан жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органини (директорини), коллегиал ижроия органи (бошқаруви, дирекцияси) аъзоларини тайинлаш танлов асосида амалга оширилиши мумкин

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органининг (директорининг), коллегиал ижроия органи (бошқаруви, дирекцияси) аъзоларининг, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари, жамият устави томонидан ҳамда уларнинг ҳар бири жамият билан бир йил муддатга тузадиган шартномада белгиланиб, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш (шартномани қайта тузиш ёки уни тугатиш (бекор қилиш) мумкинлиги тўғрисида ҳар йили қарор қабул қилинади. Жамият номидан шартномани кузатув кенгашининг раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс имзолайди. Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директори) билан, коллегиал ижроия органи (бошқаруви, дирекцияси) раҳбари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузиладиган шартномада уларнинг акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича мажбуриятлари ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши олдида жамиятнинг йиллик бизнес-режасини бажариш қандай бораётганлиги юзасидан берадиган ҳисоботлари даврийлиги назарда тутилиши лозим.

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органига (директорига), коллегиал ижроия органи (бошқаруви, дирекцияси) аъзоларига тўланадиган меҳнат ҳақи ва бошқа ҳақлар миқдори, шунингдек бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчи хизматларига ҳақ тўлаш шартлари жамият фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиб, шартномада белгиланиши керак.

Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) вазифасини ҳамда бошқа ташкилотларнинг бошқарув органларидаги лавозимларни ўриндошлик йўли билан бир шахснинг эгаллашига кузатув кенгаши розилиги билангина йўл қўйилади.

Акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув Кенгаши, агар уставга биноан унга шундай ҳуқуқ берилган бўлса, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор), коллегиал ижроия органи (бошқаруви, дирекцияси) аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартномани улар шартнома шартларини бузган тақдирда бекор қилишга ҳақлидир.

Кузатув кенгаши жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи билан, коллегиал ижроия органининг аъзолари, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартномани, агар шартнома тузишда улар жамият уставини қўпол тарзда бузишга йўл қўйган бўлса ёки уларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жамиятга зарар етказилган бўлса, муддатидан илгари тугатиш (бекор қилиш) ҳуқуқига эга.

Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан жамият ижроия органининг, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчининг ваколатларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ижроия органининг ваколатларини бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчига ўтказиш тўғрисидаги масала ўша умумий йиғилишнинг ўзида ҳал этилиши ёки ижроия органи раҳбарининг вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни ҳам тайинлаган ҳолда акциядорларнинг яқин орадаги умумий йиғилишида кўриб чиқиш учун қолдирилиши мумкин. Агар жамиятнинг ижроия органини тузиш акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киритилган бўлса, ижроия органининг, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчининг ваколатларини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган кузатув кенгаши ижроия органи раҳбарининг вазифасини вақтинча бажарувчи шахсни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади, шунингдек ижроия органи тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиради.

87-модда. Жамиятнинг коллегиал

ижроия органи (бошқарув, дирекция)

 

Жамиятнинг коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) жамият устави асосида иш юритади.

Коллегиал ижроия органи мажлисида баённома юритилади. Коллегиал ижроия органи мажлисининг баённомаси кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига уларнинг талабига кўра берилади.

Жамиятнинг коллегиал ижроия органи мажлисларини ўтказишни жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) вазифасини бажараётган шахс ташкил этади, у жамият номидан барча ҳужжатларни ҳамда коллегиал ижроия органи мажлиси баённомаларини имзолайди, коллегиал ижроия органи ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларга мувофиқ ишончномасиз жамият номидан иш юритади.

 

 

88-модда. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг,

яккабошчилик асосидаги ижроия органи

(директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи

(бошқарув, дирекция) аъзоларининг, бошқарувчи

ташкилот ёки бошқарувчининг жавобгарлиги

 

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз бурчларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутишлари лозим.

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи қонун ҳужжатларига ва жамият уставига мувофиқ жамият олдида жавобгардир.

Айни пайтда жамиятга зарар келтиришга сабабчи бўлган қарорга овоз беришда қатнашмаган ёки бундай қарорга қарши овоз берган жамият кузатув кенгаши аъзолари, коллегиал ижроия орган (бошқарув, дирекция) аъзолари жавобгар бўлмайди.

Ушбу модда қоидаларига мувофиқ бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар ҳисобланади.

Жамият ёки у жойлаштирган оддий акцияларнинг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар) жамиятга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни даъво қилиб кузатув кенгаши аъзоси, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор), коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзоси, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи устидан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

 

 

VIII БЎЛИМ. ЖАМИЯТНИНГ

ЙИРИК БИТИМЛАР ТУЗИШИ

 

89-модда. Жамиятнинг мол-мулк олиши ёки уни тасарруфидан чиқариши билан боғлиқ йирик битимлар

90-модда. Жамиятнинг мол-мулк олиши ёки уни тасарруфидан чиқариши билан боғлиқ йирик битимни тузиш

 

 

89-модда. Жамиятнинг мол-мулк олиши

ёки уни тасарруфидан чиқариши

билан боғлиқ йирик битимлар

 

Қуйидагилар йирик битимлар деб ҳисобланади:

битимлар тузиш ҳақида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг йигирма беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши ёки тасарруфидан чиқариши билан боғлиқ ёхуд жамият бевосита ёки билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ битим ёки ўзаро боғланган бир неча битим, оддий хўжалик фаолиятини юритиш асносида содир этиладиган битимлар бундан мустасно;

жамият томонидан илгари жойлаштирилган оддий (одатдаги) акцияларнинг йигирма беш фоизидан кўпроғини ташкил этадиган оддий (одатдаги) акцияларни ёки оддий (одатдаги) акцияларга айирбошланадиган имтиёзли акцияларни жойлаштириш билан боғлиқ бир ёки ўзаро боғланган бир неча битим.

Йирик битимга сабаб бўлган мол-мулк қийматини аниқлаш жамият кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

 

 

90-модда. Жамиятнинг мол-мулк олиши

ёки уни тасарруфидан чиқариши билан

боғлиқ йирик битимни тузиш

 

Қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг йигирма беш фоизидан эллик фоизгачасини ташкил этувчи мол-мулк хусусида бўлган йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор кузатув кенгаши томонидан якдиллик билан қабул қилинади, бунда кузатув кенгашининг таркибдан чиқиб кетган аъзолари овози ҳисобга олинмайди.

Йирик битим тузиш масаласида жамият кузатув кенгашининг якдиллигига эришилмаган ҳолларда йирик битим тузиш тўғрисидаги масала кузатув кенгаши қарорига мувофиқ акциядорлар умумий йиғилиши ҳукмига ҳавола этилиши мумкин.

Битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг эллик фоизидан ортиқ қийматни ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

 

IX БЎЛИМ. ЖАМИЯТНИНГ БИТИМ

ТУЗИШИДАН МАНФААТДОРЛИК

 

91-модда. Жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар

92-модда. Жамиятнинг битим тузишидан

манфаатдорлик тўғрисидаги ахборот

93-модда. Тузилишидан манфаатдорлик бўлган

битимни тузиш тартибига қўйиладиган талаблар

94-модда. Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимга

қўйиладиган талабларга риоя этмаслик оқибатлари

 

 

91-модда. Жамиятнинг битим

тузишидан манфаатдор шахслар

 

Жамият кузатув кенгаши аъзоси, жамиятнинг ўзга бошқарув органларидаги мансабдор шахс, ўзининг тобе (аффилланган) шахси билан биргаликда жамият овоз берувчи акцияларининг йигирма ва ундан кўпроқ фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар), агар мазкур шахслар, уларнинг эрлари (хотинлари), ота-оналари, фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари, шунингдек уларнинг барча аффилланган шахслари:

жамият тузадиган битимнинг томонларидан бири бўлса ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган бўлса;

битимнинг томонларидан бири бўлган ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган юридик шахс акцияларининг (улушлари, пайларининг) йигирма ёки ундан ҳам кўпроқ фоизига эга бўлса;

битимнинг томонларидан бири бўлган ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган юридик шахс бошқарув органларининг мансабдор шахси бўлса, улар жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар деб ҳисобланадилар.

 

 

92-модда. Жамиятнинг битим тузишидан

манфаатдорлик тўғрисидаги ахборот

 

Ушбу Қонуннинг 91-моддасида кўрсатиб ўтилган шахслар:

юридик шахсларга қарашли овоз берувчи акциялар (улушлар, пайлар)нинг йигирма ёки ундан ортиқ фоизига мустақил тарзда ёки ўзларининг аффилланган шахси (шахслари) билан биргаликда эга бўлсалар, шу юридик шахслар тўғрисидаги;

юридик шахсларнинг бошқарув органларида лавозим эгаллаб турган бўлсалар, шу юридик шахслар тўғрисидаги;

тузилаётган ёки тузилиши кутилаётган битимларда манфаатдор шахслар деб топилиши мумкин бўлса, ўзларига маълум бўлган ана шу битимлар тўғрисидаги ахборотни жамият кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси (тафтишчиси) эътиборига етказишлари шарт.

93-модда. Тузилишидан манфаатдорлик

бўлган битимни тузиш тартибига

қўйиладиган талаблар

 

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимнинг жамият томонидан тузилиши тўғрисидаги қарорни кузатув кенгаши уни тузишдан манфаатдор бўлмаган кузатув кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилади.

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимнинг жамият томонидан тузилиши тўғрисидаги қарорни овоз берувчи акциялар эгалари бўлмиш акциядорларнинг умумий йиғилиши битимни тузишдан манфаатдор бўлмаган акциядорларнинг кўпчилик овози билан қуйидаги ҳолларда қабул қилади:

агар битим бўйича тўланадиган ҳақ суммаси ва битимга сабаб бўлган мол-мулк қиймати жамият активлари қийматининг беш фоизидан ортиқ бўлса;

агар битта битим ва (ёки) ўзаро боғлиқ бўлган бир неча битим жамиятнинг овоз берувчи акцияларини ёки овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган бошқа қимматли қоғозларини илгари жойлаштирилган овоз берувчи акцияларнинг беш фоизидан ортиқ миқдорда жойлаштиришдан иборат бўлса.

Агар тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим бўйича манфаатдор шахс жамиятга қарз бераётган бўлса, бундай битимни тузиш учун ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори талаб этилмайди.

Жамият билан бошқа томон ўртасидаги хўжалик муносабатларини давом эттириш юзасидан тузиладиган, тузилишидан келажакда манфаатдорлик пайдо бўлиши мумкин бўлган битимларни акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилган санада аниқлашнинг иложи бўлмаган тақдирда, акциядорлар умумий йиғилиши жамият билан ўзга шахс ўртасида тузилиши мумкин бўлган битимларнинг хусусияти ва улар суммасининг энг кўп миқдорини кўрсатиб, шартнома муносабатлари ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ушбу модда учинчи қисмининг талаблари бажарилган деб ҳисобланади.

Жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари манфаатдор шахслар деб топилган тақдирда, битимдан манфаатдор бўлмаган акциядорлар кўпчилик овози билан қабул қилинган акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан битим тузилиши мумкин.

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим айни бир вақтда жамиятнинг мол-мулк сотиб олиши ёки топшириши билан боғлиқ йирик битим бўлса, битимни тузиш тартибига ушбу Қонун VIII бўлимининг қоидалари қўлланилади.

 

 

94-модда. Тузилишидан манфаатдорлик

бўлган битимга қўйиладиган талабларга

риоя этмаслик оқибатлари

 

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим ушбу Қонуннинг 93-моддасида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда тузилган бўлса, у Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Манфаатдор шахс жамиятга ўзи етказган зарар миқдорида жамият олдида жавобгар бўлади. Агар бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар жавобгарлик бўлади.

 

 

X БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ

 

95-модда. Жамиятни қайта ташкил этиш

96-модда. Жамиятларни қўшиб юбориш

97-модда. Жамиятнинг бирлаштирилиши

98-модда. Жамиятни бўлиш

99-модда. Жамиятни ажратиб чиқариш

100-модда. Жамиятни қайта тузиш

101-модда. Жамиятни тугатиш

102-модда. Жамиятни тугатиш тартиби

103-модда. Тугатилаётган жамият мол-мулкини

акциядорлар ўртасида тақсимлаш

104-модда. Жамият тугатилган пайт

 

 

95-модда. Жамиятни қайта ташкил этиш

 

Жамиятни қайта ташкил этиш акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва қайта тузиш тарзида амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда юридик шахсларни қўшиб юбориш, бирлаштириш ёки қайта тузиш тарзида қайта ташкил этиш ваколатли давлат органларининг розилиги билангина амалга оширилиши мумкин.

Янги тузилган юридик шахслар давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан жамият қайта ташкил этилган деб ҳисобланади, бирлаштириш тарзида қайта ташкил этиш бундан мустасно.

Жамият бошқа жамиятга қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этилганида давлат рўйхатга олиш органи қўшилиб юборилган жамият ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритган пайтдан эътиборан қўшиб юборилган жамият қайта ташкил этилган деб ҳисобланади.

Қайта ташкил этиш натижасида янгидан вужудга келган жамиятларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда қайта ташкил этилган жамиятларнинг фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги ёзувни киритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан жамият 30 кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма равишда хабардор этади. Кредитор жамиятдан мажбуриятларни тўхтатиш ёки муддатидан илгари бажаришни ҳамда зарарнинг ўрнини қоплашни қуйидаги муддатларда ёзма равишда хабар бериш йўли билан талаб қилишга ҳақлидир:

қўшиб юбориш, бирлаштириш ёки қайта тузиш тарзида қайта ташкил этиш ҳақидаги хабарни жамият кредиторга юборган санадан бошлаб узоғи билан 30 кун ичида;

бўлиш ёки ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисидаги хабарни жамият кредиторга юборган санадан бошлаб узоғи билан 60 кун ичида.

Агар бўлиниш баланси қайта ташкил этилаётган жамиятнинг ҳуқуқий ворисини аниқлаш имконини бермаса, янги вужудга келган юридик шахслар қайта ташкил этилган жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан унинг кредиторлари олдида солидар жавобгар бўладилар.

 

 

96-модда. Жамиятларни қўшиб юбориш

 

Ўз фаолиятини тугатган икки ёки бир неча жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўтказиш йўли билан янги жамиятни вужудга келтириш жамиятларнинг қўшиб юборилиши деб ҳисобланади.

Қўшиб юборишда иштирок этаётган жамият қўшиб юбориш ҳақида шартнома тузади, унда қўшиб юбориш тартиби ва шартлари, шунингдек ҳар бир жамият акцияларини янги жамиятнинг акцияларига ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби белгилаб қўйилади. Ҳар бир жамиятнинг кузатув кенгаши қўшиб юборишда иштирок этаётган акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига қўшиб юбориш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисидаги, қўшиб юбориш шартномасини тасдиқлаш ҳақидаги ва ўтказиш далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги масалаларни ҳавола этади.

Янги вужудга келаётган жамият уставини тасдиқлаш ва кузатув кенгашини сайлаш қўшиб юборишда иштирок этаётган жамиятлар акциядорларининг қўшма умумий йиғилишида амалга оширилади. Акциядорларнинг қўшма умумий йиғилишида овоз бериш тартиби жамиятларнинг қўшиб юборилиши тўғрисидаги шартномада белгилаб қўйилиши мумкин.

Жамиятлар қўшилган тақдирда уларнинг ҳар бирига тегишли барча ҳуқуқлар ва мажбуриятлар ўтказиш далолатномасига мувофиқ янги вужудга келган жамиятга ўтади.

 

 

97-модда. Жамиятнинг бирлаштирилиши

 

Бир ёки бир нечта жамият фаолиятини тўхтатиб, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа жамиятга ўтказиш-жамиятни бирлаштириш деб ҳисобланади.

Бирлаштирилаётган жамият ва бирлаштириб олаётган жамият бирлашиш тўғрисида шартнома тузадилар, унда бирлашишнинг тартиби ва шартлари, шунингдек бирлаштирилаётган жамиятнинг акцияларини бирлаштириб олаётган жамиятнинг акциялари ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби белгилаб қўйилади. Ҳар бир жамиятнинг кузатув кенгаши бирлашишда иштирок этаётган ўз жамиятининг умумий йиғилиши ҳукмига бирлашиш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисидаги ва бирлашиш шартномасини тасдиқлаш ҳақидаги масалани киритади. Бирлаштирилаётган жамият кузатув кенгаши ўтказиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани ҳам акциядорлар умумий йиғилиши ҳукмига ҳавола этади.

Мазкур жамиятлар акциядорларининг қўшма умумий йиғилиши уставга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. Акциядорларнинг қўшма умумий йиғилишида овоз бериш тартиби бирлашиш тўғрисидаги шартномада белгилаб қўйилади.

Бир жамият бошқа жамиятга бирлашганда ўтказиш далолатномасига мувофиқ бирлаштирилаётган жамиятнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари қўшиб олган жамиятга ўтади.

 

 

98-модда. Жамиятни бўлиш

 

Жамият фаолиятини тўхтатиб, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини янги тузилаётган жамиятларга ўтказиш-жамиятни бўлиш деб ҳисобланади.

Бўлиш тарзида қайта ташкил этилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига бўлиш тарзида жамиятни қайта ташкил этиш тўғрисидаги, бу қайта ташкил этишнинг тартиби ва шартлари хусусидаги, янги жамиятлар тузиш ҳамда қайта ташкил этилаётган жамият акцияларини тузилаётган жамиятлар акцияларига ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби тўғрисидаги масалаларни ҳавола этади.

Бўлиш тарзида қайта ташкил этилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши жамиятни бўлиш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисида, янги жамиятлар тузиш ҳамда қайта ташкил этилаётган жамият акцияларини тузилаётган жамиятларнинг акциялари ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби тўғрисида қарор қабул қилади. Янги тузилаётган ҳар бир жамият акциядорларининг умумий йиғилиши унинг уставини тасдиқлаш ҳамда кузатув кенгашини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жамият бўлинганда унинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўлиш балансига мувофиқ янги ташкил этилаётган икки ёки бир неча жамиятга ўтади.

 

 

99-модда. Жамиятни ажратиб чиқариш

 

Қайта ташкил этилаётган жамиятнинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини ўтказиб бир ёки бир нечта жамият тузиш жамиятни ажратиб чиқариш деб ҳисобланади.

Ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига ажратиб чиқариш тарзида жамиятни қайта ташкил этиш, ажратиб чиқаришни амалга оширишнинг тартиби ва шартлари, янги жамиятни тузиш, ажралиб чиқаётган жамиятнинг акция ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларини айирбошлаш имкониятлари ва бундай айирбошлаш тартиби, бўлиш балансини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани ҳавола этади.

Ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши жамиятни ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этиш, ажратиб чиқаришнинг тартиби ва шартлари, янги жамиятни тузиш, жамиятнинг акцияларини ажралиб чиқаётган жамиятнинг акцияларига ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш имкониятлари ва бундай айирбошлашни ўтказиш тартиби, бўлиш балансини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилади.

Жамият таркибидан бир ёки бир нечта жамият ажралиб чиққанда ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этилган жамият ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисми бўлиш балансига мувофиқ уларнинг ҳар бирига ўтади.

 

 

100-модда. Жамиятни қайта тузиш

 

Жамият қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда бошқа ҳар қандай хўжалик жамияти ёки ширкатига айланишга ҳақли.

Қайта тузилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига жамиятни қайта тузиш, қайта тузишни амалга ошириш тартиби ва шартлари ҳақидаги масалаларни ҳавола этади.

Қайта тузилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши қайта тузиш тўғрисида, қайта тузишни амалга оширишнинг тартиби ва шартлари ҳақида қарор қабул қилади. Қайта тузиш жараёнида вужудга келтирилаётган янги юридик шахснинг қатнашчилари ўзларининг қўшма мажлисларида унинг таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш ҳамда қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бошқарув органларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Жамият қайта тузилганида қайта ташкил этилган жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтказиш далолатномасига мувофиқ янги вужудга келган юридик шахсга ўтади.

 

 

101-модда. Жамиятни тугатиш

 

Жамиятни тугатиш унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда жамият фаолиятининг тўхтатилишига олиб келади.

Жамият ихтиёрий равишда тугатилган тақдирда, тугатилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорлар умумий йиғилишининг ҳукмига жамиятни тугатиш ва тугатувчини тайинлаш тўғрисидаги масалани ҳавола этади.

Ихтиёрий равишда тугатилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши тугатиш тўғрисида ва тугатувчини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилади

Акциядорлик жамияти суднинг қарори билан тугатилганда тугатувчини тайинлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тугатувчи тайинланган пайтдан эътиборан жамият ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар тугатувчига ўтади. Тугатувчи тугатилаётган жамият номидан судда иштирок этади.

Агар давлат тугатилаётган жамиятнинг акциядори бўлса, тугатиш комиссияси тайинланади ва унинг таркибига давлат мол-мулкини тасарруф этиш ваколати берилган орган вакили киритилади.

 

102-модда. Жамиятни тугатиш тартиби

 

Тугатувчи оммавий ахборот воситаларида жамиятнинг тугатилиши ҳақида, шунингдек унинг кредиторлари томонидан талабларни баён этиш тартиби ва муддатлари тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эълон беради. Кредиторлар томонидан талаблар қўйиш учун белгиланган муддат жамиятнинг тугатилиши тўғрисида хабар эълон қилинган санадан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги лозим.

Агар тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтга келиб, жамият кредиторлар олдида мажбуриятларга эга бўлмаса, унинг мол-мулки акциядорлар ўртасида ушбу Қонуннинг 103-моддасига мувофиқ тақсимланади.

Тугатувчи кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзларини олиш чора-тадбирларини кўради, шунингдек кредиторларни жамиятнинг тугатилиши тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Кредиторлар томонидан талабларни қўйиш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин тугатувчи оралиқ тугатиш балансини тузади, мазкур баланс тугатилаётган жамият мол-мулкининг таркиби, кредиторлар қўйган талаблар, шунингдек уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Оралиқ тугатиш баланси акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

Агар тугатилаётган жамиятдаги мавжуд пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатувчи жамиятнинг мол-мулкини суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ким ошди савдосида сотишни амалга оширади.

Тугатилаётган жамият кредиторларига пул суммаларини тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида, тугатувчи томонидан оралиқ тугатиш балансига мувофиқ, у тасдиқланган кундан эътиборан амалга оширилади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин тугатувчи тугатиш балансини тузади, у акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади

Тугатувчи ушбу моддада назарда тутилган тартиб-таомиллар охирига етказилганидан сўнг жамиятнинг қимматли қоғозларини муомаладан чиқариш ва жамият қимматли қоғозлари чиқарилишларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини бекор қилиш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда зарур тадбирларни амалга оширади.

103-модда. Тугатилаётган жамият

мол-мулкини акциядорлар ўртасида тақсимлаш

 

Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиб бўлинганидан кейин тугатилаётган жамиятнинг қолган мол-мулки тугатувчи томонидан акциядорлар ўртасида қуйидаги навбат бўйича тақсимланади:

биринчи навбатда ушбу Қонуннинг 44-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олиниши лозим бўлган акциялар бўйича тўловлар амалга оширилади;

иккинчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича ёзилган, бироқ тўланмаган дивидендларни ва жамият уставида имтиёзли акциялар бўйича белгиланган тугатиш қийматини тўлаш амалга оширилади;

учинчи навбатда тугатилаётган жамиятнинг мол-мулкини оддий (одатдаги) акциялар ва барча турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар ўртасида тақсимлаш амалга оширилади.

Мол-мулкни ҳар бир навбат тартиби бўйича тақсимлаш аввалги навбат тартиби бўйича мол-мулк тўлиқ тақсимлаб бўлинганидан кейин амалга оширилади.

Агар жамиятнинг мавжуд мол-мулки ёзилган, бироқ тўланмаган дивидендлар ва жамият уставида белгиланган тугатиш қийматини бир турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш барча акциядорларга тўлаш учун етарли бўлмаса, мол-мулк ана шундай турдаги имтиёзли акциялар эгалари бўлмиш акциядорлар ўртасида уларга қарашли шу турдаги акцияларнинг сонига мутаносиб равишда тақсимланади.

Чет эллик инвестор мол-мулк тугатиш қийматининг ўзи олган қисмини белгиланган тартибда айирбошлашга ҳақлидир.

 

 

104-модда. Жамият тугатилган пайт

 

Давлат рўйхатидан ўтказувчи орган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига тегишли ёзувларни киритиб қўйган пайтдан эътиборан жамиятни тугатиш тамомланган, жамият эса фаолиятини тугатган ҳисобланади.

Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган жамият тугатилганлиги ҳақидаги тегишли ёзувни жамият қимматли қоғозлари чиқарилишларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бекор қилинганидан кейингина киритади

ХI БЎЛИМ. ҲИСОБ-КИТОБ ВА ҲИСОБОТ.

ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ.

ЖАМИЯТГА ДОИР АХБОРОТ

 

105-модда. Жамиятнинг бухгалтерия ҳисоб-китоби ва молия ҳисоботи

106-модда. Жамият ҳужжатларини сақлаб қўйиш

107-модда. Жамиятнинг акциядорларга ахборот тақдим этиши

108-модда. Ахборотни эълон қилишнинг шартлиги

109-модда. Жамиятнинг аффилланган шахслари тўғрисидаги ахборот

 

 

105-модда. Жамиятнинг бухгалтерия

ҳисоб-китоби ва молия ҳисоботи

 

Жамият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоб-китобини юритиши ва молия ҳисоботини тақдим этиши шарт.

Жамиятда бухгалтерия ҳисоб-китобини ташкил этиш, унинг ҳолати ва тўғри юритилиши, тегишли органларга ҳар йилги ҳисобот ва бошқа молия ҳисоботлари, шунингдек акциядорлар, кредиторлар ва оммавий ахборот воситаларига жамият фаолиятига доир маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроия органи зиммасида бўлади.

Жамиятнинг акциядорлар умумий йиғилишига тақдим этадиган йиллик ҳисоботидаги, бухгалтерия балансидаги, фойда ва зарарлар ҳисобварағидаги маълумотларнинг тўғри эканлиги жамиятнинг тафтиш комиссияси томонидан тасдиқланиши лозим.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни матбуотда эълон қилишдан олдин жамият йиллик молия ҳисоботини ҳар йилги текшириш ва тасдиқлаш учун жамият ёки акциядорлар билан мулкий манфаатлар негизида боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилотини жалб этиши шарт.

Жамиятнинг йиллик ҳисоботи акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 30 кун олдин кузатув кенгаши томонидан дастлабки тарзда тасдиқланиши лозим.

 

 

106-модда. Жамият

ҳужжатларини сақлаб қўйиш

 

Жамият:

жамиятнинг уставини, уставга киритилган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни, жамиятни тузиш тўғрисидаги қарорни, жамият давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани;

жамиятнинг ўз балансидаги мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни;

акциядорлар умумий йиғилиши ва жамиятни бошқаришнинг бошқа органлари тасдиқлайдиган ҳужжатларни;

жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси ҳақидаги низомни;

йиллик молия ҳисоботини;

акциялар эмиссияси маълумотномасини;

бухгалтерия ҳисоб-китобига доир ҳужжатларни;

тегишли органларга тақдим этиладиган молия ҳисоботига доир ҳужжатларни;

акциядорлар умумий йиғилиши, кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) мажлисларининг баённомаларини;

жамият аффилланган шахсларининг уларга қарашли акциялар сони ва турларини кўрсатган ҳолда тузилган рўйхатларини;

марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан олинган жамиятлар акциядорлари реестрларини;

 

тафтиш комиссиясининг, аудиторнинг, давлат молия назорати органларининг хулосаларини;

жамият уставида, жамият бошқарув органларининг қарорларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатларни сақлаб қўйиши шарт.

 

 

107-модда. Жамиятнинг

акциядорларга ахборот тақдим этиши

 

Жамият ушбу Қонун 106-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлардан акциядорлар фойдалана олишлари учун имконият таъминлаб беради, бухгалтерия ҳисоб-китобига доир ҳужжатлар ва жамиятнинг коллегиал ижроия органи мажлисларининг баённомалари бундан мустасно.

Жамият акциядорнинг талабига биноан унга ушбу Қонунда назарда тутилган ҳужжатларнинг нусхасини ҳақ эвазига бериши шарт. Ҳақ миқдори жамият томонидан белгиланади ҳамда ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлашга кетадиган харажатлар қийматидан ва ҳужжатларни почта орқали жўнатиш харажатларидан ортиб кетмаслиги керак.

 

 

108-модда. Ахборотни эълон қилишнинг шартлиги

 

Акциядорлик жамияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда ахборотни ошкор қилиши шарт.

Акциядорлик жамияти, шу жумладан ёпиқ акциядорлик жамияти эмиссиявий қимматли қоғозларни оммавий жойлаштирган тақдирда, бу хусусдаги ахборотни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи белгилаган ҳажмда ва тартибда эълон қилиши шарт.

Акциядорлик жамиятининг ушбу Қонунда назарда тутилган ахборотини эълон қилишни оммавий ахборот воситалари томонидан асослантирилмаган равишда рад этилишига йўл қўйилмайди.

Давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган давлатга тегишли акциялар реализация қилиниши тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

 

109-модда. Жамиятнинг аффилланган

шахслари тўғрисидаги ахборот

 

Шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ аффилланган деб ҳисобланади.

Жамиятнинг аффилланган шахслари жамиятнинг ўзларига қарашли акциялари тўғрисида уларнинг сони ва турларини кўрсатган ҳолда акциялар сотиб олинган санадан эътиборан кечи билан 10 кун ичида жамиятни ёзма равишда хабардор қилишлари шарт.

Агар аффилланган шахснинг айби билан мазкур ахборотнинг тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги натижасида жамиятга мулкий зарар етказилган бўлса, аффилланган шахс жамият олдида ўзи етказган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Жамият ўзининг аффилланган шахслари ҳисобини юритиши ва улар тўғрисида қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ ҳисобот тақдим этиши шарт. Очиқ акциядорлик жамияти аффилланган шахслар рўйхатини уларга тегишли акциялар сони ва турларини кўрсатган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар йили эълон қилиши шарт.

XII БЎЛИМ. ЖАМИЯТ

ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

 

110-модда. Тафтиш комиссияси

110-1-модда. Ички аудит хизмати

111-модда. Аудиторлик ташкилоти

112-модда. Тафтиш комиссияси хулосаси

 

 

110-модда. Тафтиш комиссияси

 

Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун жамият уставига мувофиқ акциядорларнинг умумий йиғилиши тафтиш комиссиясини сайлайди.

Жамият тафтиш комиссиясининг ваколатлари ушбу Қонун ва жамият устави билан белгиланади.

Жамият тафтиш комиссияси фаолиятининг тартиби акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган низомда белгилаб қўйилади.

Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича тафтиш комиссиясининг ташаббусига биноан, акциядорлар умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг қарорига ёки жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида ўн фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан амалга оширилади.

Жамият тафтиш комиссиясининг талабига биноан жамиятнинг бошқарув органларидаги мансабдор шахслар молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этишлари шарт.

Жамиятнинг тафтиш комиссияси ушбу Қонуннинг 72-моддасига мувофиқ акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.

Жамият тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида жамият кузатув кенгашининг аъзоси бўлишлари, шунингдек жамиятнинг бошқарув органларида бошқа лавозимларни эгаллашлари мумкин эмас. Жамият кузатув кенгашининг аъзоларига ёки бошқарув органларидаги мансабдор шахсларга қарашли акциялар жамият тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш чоғида овоз беришда иштирок этиши мумкин эмас.

 

110-1-модда. Ички аудит хизмати

Активларининг баланс қиймати бир миллиард сўмдан кўп бўлган жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдордир.

Ички аудит хизмати жамиятнинг ижроия органи, ваколатхоналари ва филиаллари томонидан қонун ҳужжатларига, таъсис ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда тўғри акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ва бу борада мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижроия органи, ваколатхоналари ва филиаллари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

Ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.

 

 

111-модда. Аудиторлик ташкилоти

 

Аудиторлик ташкилоти жамият билан тузилган шартномага мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текширади ва унга аудиторлик хулосаси тақдим этади.

Аудиторлик ташкилоти жамиятнинг молиявий ҳисоботи ва молияга доир бошқа ахборотлар ҳақида нотўғри якун баён этилган аудиторлик хулосаси тузганлик оқибатида етказилган зарар учун жамият олдида жавобгар бўлади.

Устав фондидаги давлат улуши эллик фоиздан кўп бўлган жамиятларда аудиторлик текшируви ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича танлов асосида амалга оширилади.

112-модда. Тафтиш комиссияси хулосаси

Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра тафтиш комиссияси хулоса тайёрлайди, бу хулосада:

ҳисоботларда ва жамиятнинг бошқа молия ҳужжатларида акс эттирилган маълумотлар қай даражада тўғрилигига баҳо берилади;

бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молия ҳисоботини тақдим этиш тартиби, шунингдек молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот берилади.

 

ХIII БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

113-модда. Акциядорлар ҳуқуқлари ва манфаатларининг кафолатлари

114-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари

115-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари

116-модда. Давлат тасарруфидан чиқарилаётган корхона акцияларининг бирламчи эмиссияси чоғида меҳнат жамоаси аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

117-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг масъулияти

118-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

113-модда. Акциядорлар ҳуқуқлари ва манфаатларининг кафолатлари

Давлат акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Жамиятнинг хўжалик ва бошқа фаолиятига давлат органлари ва бошқа органларнинг аралашишига йўл қўйилмайди. Уларнинг қонунсиз хатти-ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

114-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари

Акциядорларнинг ҳуқуқлари:

Акциядорлар ва қимматли қоғозлар бозорининг бошқа субъектлари ўртасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал этилади.

115-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари

Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш:

Акциядорлар ўзларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда жамоат бирлашмаларига уюшишга ҳақлидирлар.

Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

116-модда. Давлат тасарруфидан чиқарилаётган корхона акцияларининг бирламчи эмиссияси чоғида меҳнат жамоаси аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Акциядорлик жамиятига айлантирилаётган давлат корхонаси меҳнат жамоаси аъзоларининг акцияларни сотиб олишдан иборат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатлари билан таъминланади. Меҳнат жамоаси аъзолари орасида жойлаштирилиши лозим бўлган акциялар улушининг миқдори ҳар бир алоҳида ҳолатда давлат мулкини тасарруф этиш ваколати берилган орган томонидан белгиланади.

117-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг масъулияти

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари, фонд биржалари ва бошқаларнинг масъулияти қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

118-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.