“Самарқандкимё” АЖ негизида мураккаб менирал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг замонавий, экологик жиҳатдан зарарсиз мажмуаси ишга туширилади ҳамда 500 та янги иш ўринлари яратилади

// 07 fevral 2020 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (55.96 KB)

Ижтимоий тармоқларда ўз блогерлик фаолиятини юритаётган канал муаллифларидан бири “Самарқандкимё” АЖ негизида Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлари ишлаб чиқариш кимёвий мажмуаси барпо этиладиган бўлибди ва ноль қийматда танловсиз чет эллик инвесторга сотилибди. Чет эллик инвестор ҳам ўзимизнинг қоракўзлар, албатта.” матнидан иборат муносабати эълон қилинди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5-февралдаги “Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш” инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 июлига қадар “Самарқандкимё” АЖ негизида мураккаб менирал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг замонавий, экологик жиҳатдан зарарсиз мажмуаси ишга туширилади. Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, эскириш даражаси 90% дан ортиқ бўлган асбоб-ускуналар фаолияти тўхтатилиб, унинг ўрнига минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун янги энергия тежамкор, экологик тоза технологияларни ишга тушириш назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3-апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестиция жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4265-сонли қарорига асосан қабул қилинган бўлиб, унда “Самарқандкимё” АЖ устав капиталидаги 60,35 фоизи акцияларини ва “Ўзкимёсаноат” АЖ 39,65 фоизи акцияларини экологик жиҳатдан зарарсиз замонавий кимё маҳсулотларини ишлаб чикаришни ташкил этиш ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан салоҳиятли инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилган ҳолда “ноль” ҳарид қийматида сотиш белгиланган.

Муносабатда урғу берилган корхонани “ноль” қийматда сотиш масаласи “Самарқандкимё” АЖнинг моддий-техник базаси ва фаолиятининг самарадорлик даражаси паст эканлигини инобатга олинган ҳолда 2016 йилдан буён муҳокама қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Асосийси корхонадаги мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда корхонани “ноль” қийматда сотиш таклифи ҳам аксарият инвесторларни қизиқишига сабаб бўлмади.

Ўтган давр мобойнида бир қатор инвесторларга берилган таклифлар орасидан “Ferkensc Management Limited” (Кипр) компанияси энг маъқули деб топилди ҳамда инвесторлик мажбуриятлари билан бир қаторда узоқ йиллар давомида йиғилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларини ҳам қоплаб бериш вазифаси келушув шартларига киритилди.

Президент Қарорида белгиланган нормаларга асосан “Ferkensc Management Limited” компанияси билан “Ўзкимёсаноат” АЖ ўртасида “Самарқандкимё” АЖ негизида минерал ўғитларни ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш  юзасидан  ўзаро келишувга  эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошкариш агентлиги “Ўзкимёсаноат” АЖ ва инвестор ўртасида 2019 йил 1-ноябрь куни ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги 1-сонли Келишуви  имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентинг 2020 йил  9-январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжаланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4563-сонли қарорининг 3-6 иловаларида “Самарқандкимё” АЖ инвистиция лойиҳасини амалга оширилиши белгиланган.

“Ferkensc Management Limited” компаниясига “Самарқандкимё” АЖ негизида йиллик қуввати 600 минг тонна мураккаб ўғитлар шу жумладан, 300 минг тонна моноаммонийфосфат “МАФ” ва 300 минг тонна мураккаб (NPK) минерал ўғитлар ишлаб чикарилиши ҳамда 500 та янги иш ўринлари яратишга қаратилган 200 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мажбурияти юклатилган.

Мамлакатимиз кимё саноати ривожига ўзининг муносиб хиссасини қўшиши режалаштирилаётган ушбу инвестиция лойиҳаси юзасидан қўшимча маълумот учун “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизматининг (78) 140-74-26 телефон рақамига ёки Жамият фаолияти юзасидан савол-жавоблар учун ижтимоий тармоқда ташкил этилган https://t.me/uzkimyosanoat_chat расмий саҳифасига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.

Вазирлар Маҳкамаси қарорининг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://lex.uz/pdfs/4725138

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати