“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти “Кимё-саноати тармоғидаги инновацион лойиҳа” танловини эълон қилади

// 08 yanvar 2021 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.68 KB)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 ноябрдаги нефть-газ кимёси саноатидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан асосий вазифалар тўғрисида ўтказилган йиғилишнинг 93-сон баённомасига асосан ўтказилаётган танлов “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида юқори технологияларга эга бўлган рақобатбардош инновацион маҳсулотлар (товарлар, ишлар, хизматлар)ни яратиш учун технологик жараёнларни такомиллаштириш, маҳаллий ёки иккиламчи хом-ашёларни қайта ишлаш орқали жорий этишга қаратилган. Таклиф этилаётган лойиҳалар амалий натижага эга бўлиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу лойиҳани амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш имконияти бўлиши зарур.

Танловда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари иштирок этишлари мумкин.

Танлов ғолиби махсус диплом ва 100 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.

Танловда иштирок этувчи лойиҳа хужжатлари ташкилотнинг расмий веб-сайтига (https://uzkimyosanoat.uz) юкланган “Ўзкимёсаноат” АЖда инновацион маҳсулотни жорий этиш тартиби тўғрисида”ги («Положения о порядке внедрения инновационной продукции в АО «Узкимёсанот») низом талабларига асосан расмийлаштирилиб “Ўзкимёсанот” АЖ (манзил: Тошкент ш., Навоий шоҳ кўчаси, 38)га юборилиши лозим.

Инновацион лойиҳалар 2021 йил 11 январдан 2021 йил 11 февралгача қабул қилинади.

Танловда иштирок этиш учун ўз таклифларингизни ёпиқ конвертларда расмий хат билан юборишингиз сўралади. Белгиланган муддатлардан кейин юборилган таклифлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Танлов натижалари тўғрисидаги маълумотлар танловга ҳужжатлар қабул қилиниши якунлангандан 45 кун ўтиб ташкилотнинг веб-сайтида эълон қилинади.

Қўшимча маълумот учун телефон  (+998 78) 140-74-71

Ўзкимёсаноат АЖ ҳузуридаги Илмий техник кенгаш хулосасини олиш зарурияти бўлганда танлов натижаларини эълон қилиш муддати узайтирилиши мумкин.