Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда

// 04 may 2017 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.63 KB)

«Ўзэкспомарказ»да қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари ҳамда экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш комплексларининг тармоқлараро саноат ярмаркаси очилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 мартдаги “2017 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу тадбир тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, барқарор шериклик муносабатларини ўрнатиш, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талабни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар саноатнинг изчил ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши натижасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган тармоқлараро саноат ярмаркалари бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Жорий йилда тармоқлараро саноат ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатэкспорт», «Ўзагросаноатмашхолдинг», «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ҳамда «Ўзвиносаноатхолдинг» холдинг компаниялари, «Ўздонмаҳсулот», «Ўзавтосаноат» ҳамда «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниялари, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси сингари тузилмалар таркибига кирувчи 950 дан зиёд корхона, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари иштирок этмоқда.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги корхоналари экспозицияси ранг-баранглиги билан ажралиб турибди. Бу ерда 30 дан ортиқ саноат корхонаси 170 дан зиёд маҳсулотни намойиш этмоқда. «Сувмаш» акциядорлик жамияти турли русумдаги насосларни, «Сувсаноатмаш» корхонаси ҳар хил вагонлар, станокларни, «Тошкент электродвигатель» қўшма корхонаси электр двигателларини кўргазма иштирокчилари эътиборига ҳавола этмоқда.

ЎзА