"Ўзкимёсаноат" АЖ

55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси, 17-Халқаро Жаутиков олимпиадаси ҳамда 6-Кавказ математика олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди

// 01 may 2021 йил
https://pda.uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/chemistry-olympiad

Бугун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси, 17-Халқаро Жаутиков олимпиадаси ҳамда 6-Кавказ математика олимпиадаси ғолиби бўлган ўқувчиларни тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифхаджаев, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Ж.Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири ўринбосари Я.Абдулхаков, “Китоб маркази - Китоб дунёси” тармоқ савдо марказлари муассиси, журналист Ш.Ахунджанов, Халқаро фан олимпиадаси ғолиблари ва оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.

2021 йил 20-26 апрель кунлари 28 та давлат ўқувчилари ўртасида онлайн тарзда ўтказилган 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси Ўзбекистон шарафини 7 нафар ўқувчи ҳимоя қилиб, уларнинг барчаси совриндорлар қаторидан жой олганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Якуний натижаларга кўра, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўқувчилар 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллар билан тақдирланди.

Олимпиадада Руминия, Австрия, Хитой, Туркия, Россия, Болгария, Исроил, Хорватия, Венгрия, Саудия Арабистони, МДҲ мамлакатлари ва бошқа мамлакат жамоалари иштирок этди.

Мамлакатимиз ўқувчилари Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида сўнгги уч йил давомида олтин медаль билан тақдирланишмоқда. Бу йилги олтин медаль эса илк маротаба мактаб ўқувчиси томонидан қўлга киритилди.

2021 йилнинг 12-17 март кунлари масофавий тарзда ўтказилган 6-Кавказ математика олимпиадасида ҳам Ўзбекистон Республикаси шарафини ҳимоя қилган ўқувчилар 5 та медални яъни 4 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритганлиги яна бир ютуғимиздан бўлди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 8-12 январь кунлари масофавий тарзда математика, физика ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан 17-Халқаро Жаутиков олимпиадасида 21 та давлатдан иштирок этган 1006 нафар иштирокчилар орасидан 13 нафар мамлакатимиз ўқувчилари олимпиада якунига кўра 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 10 та бронза медалларини қўлга киритди. Халқаро олимпиадада турли давлатлардан жами 300га яқин ўқувчилар иштирок этди.

Мазкур халқаро олимпиада 2005 йилдан бошлаб ҳар йили Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳридаги Физика-математика миллий мактабида томонидан ўтказилиб келинмоқда, унда турли давлатлар жамоалари 3 нафар математика, 2 нафардан физика ва 1 нафар информатика ва ахборот технологиялари фанларини чуқур ўзлаштирган ўқувчилардан иборат жамоалар қатнашадилар.

Ҳозирда мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида ислоҳотлар фаол амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари бошчилигида кимё саноатида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кимё корхоналаридаги давлат улушини қисқартириш, технологик жараёнларни автоматлаштириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари ҳамда молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш ҳисобига тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш республика кимё саноатини трансформация қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгилаб олинган.

Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда мамлакатимиз ёшларининг ўрни катта. Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхона-ташкилотларда фаолият юритаётган 33 мингга яқин ходимларнинг учдан бир қисми яъни 10 минг нафарга яқинини фаол ва иқтидорли ёшлар ташкил этади.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Ж.Мирзамаҳмудов олимпиада ғолиблари бўлган иқтидорли ёшларни эришган катта ютуқлари билан табриклаб, барчани Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент филиали талабалари қаторида таълим олишга ва Филиал фаолияти билан яқиндан танишишга таклиф этди.

Тадбир сўнггида 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси, 17-Халқаро Жаутиков олимпиадаси ҳамда 6-Кавказ математика олимпиадаси ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати