Тажриба ва ютуқлар намойиши

// 03 aprel 2013 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.2 KB)

“Ўзэкспомарказ”да кимё ва пластмасса саноатининг “Chemie & Plastex Uzbekistan – 2013” еттинчи халқаро кўргазмаси бошланди.

Ушбу халқаро кўргазма Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” компанияси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Австрия, Бельгия, Германия, Хитой, Украина каби мамлакатлардан йигирмадан ортиқ компания ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда.

Кўргазманинг “WorldFood Uzbekistan – 2013” ва “AgroWorld Uzbekistan –2013” халқаро кўргазмалари билан бир кунда ўтказилаётгани кимё саноатининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришдаги муҳим аҳамиятидан яна бир далолатдир. Зеро, кимё комплекси маҳсулотларининг асосий қисми қишлоқ хўжалигига йўналтирилади.

“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясидан маълум қилишларича, 2012 йили компания томонидан 1221,4 миллион тонна минерал ўғит, жумладан, 943,6 минг тонна азотли, 152,5 минг тонна фосфорли ва 125,3 минг тонна калий ўғитлари ишлаб чиқарилган. Бу, аввало, тармоқ корхоналарида амалга оширилаётган модернизация ишлари самарасидир.

Хусусан, “Максам-Чирчиқ” очиқ акциядорлик жамиятида техник ва технологик янгилаш ишлари ҳисобидан йилига 270 минг тоннагача карбамид ишлаб чиқаришга эришилмоқда. Деҳқонобод калий ўғитлари заводининг мавжуд ишлаб чиқариш қуввати 20 минг тоннага оширилди. 2013-2015 йилларда янги инвестициялар жалб этиш ҳисобидан “Ўзкимёсаноат” компаниясида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари, поливинилхлорид ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланмоқда.

– Корхонамизда турли ўлчам ва ҳажмдаги сув қувурлари, канализация тармоқлари учун жаҳон талабларига мос полиэтилен қувурлар, бутловчи қисмлар тайёрланмоқда, – дейди “Шўртангазкимё мажмуаси” қошидаги “Polietilen Quvurlar” шўъба корхонасининг бўлим бошлиғи Ҳамдам Каримов. – Замонавий технологиялар асосида тайёрланган юқори сифатли маҳсулотларимиз эллик йилдан ортиқ бемалол хизмат қила олади.

Хитойнинг “Guangdong Designer Machinery”, “China Tangshan Zhifu Plastic” каби компаниялари қатор технологик линиялар, “Starlinger & Co. Gesellschaft” компанияси (Австрия) полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш ускуналарини намойиш этмоқда. Австриянинг термопластавтоматлар ишлаб чиқарувчи “Еngel Austria”, чиқиндиларни қайта ишлаш машиналарини ишлаб чиқарувчи “Ngr Next Generation Recycling Machines” компаниялари “Chemie & Plastex Uzbekistan – 2013”да илк бор иштирок этаётир.

Кўргазма саноат тармоқларини модернизациялашни кенгайтириш, ички бозорда харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш учун замонавий ишлаб чиқариш тажрибаси ва ютуқларини ўрганишга хизмат қилади.

ЎзА, Сайёра Шоева